Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Меҳнатнинг таги роҳат

 
 

Маълумки, инсон ҳаёти ҳамма вақт жамият билан узвий боғланган ҳолда кечади, инсон ундан ажралиб яшаши мумкин эмас. Инсон ўз ҳаёти учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-бош, турар-жой таъминотини қадим-қадимдан йўлга қўйиб келган. Шулар жумласига тижорат, зироат, чорвачилик, турли фойдали касб-ҳунар ва тадбиркорлик ҳам киради. Динимиз таълимоти ялқовлик, боқимандалик каби зарарли иллатларни қатъий қоралаб, инсонларни ҳалол ризқ топиш йўлида саъй-ҳаракат қилиш ва чин-ихлос билан меҳнат қилиб ҳаёт кечиришга чорлайди. Аждодларимиздан қолган панду-насиҳат ва ўгитларда барчани ҳалол меҳнат қилиш, топилган ризқ-рўзни кўпчилик билан бирга баҳам кўриш, Аллоҳ берган ҳаёт ва неъматларига доим шукр айтиш каби солиҳ амалларга чақирилган. Мисол учун “Меҳнатнинг таги роҳат”, “Қўли очиқнинг йўли очиқ”, “Шукри кўпнинг ризқи кўп” каби кўплаб пурмаъно ҳикматларни зикр этишимиз мумкин.

Инсон ҳаётида ҳалол пок юриши, Аллоҳ тақдир қилган ҳаётга рози бўлиши учун бирор касбни ушлаши лозим. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак ҳамма пайғамбарлар ҳам бирор касб эгалари бўлганлар. Одам алайҳиссалом деҳқон, Идрис алайҳиссалом гарчи ўзлари ҳаким зот бўлсаларда тикувчилик билан шуғулланганлар. Шу билан бирга биринчи кийим тиккан ва биринчи тикилган нарсани кийган киши бўлганлар. Пайғамбар алайҳиссалом тижорат билан шуғулланганлар.

Биз уммати Муҳаммадга лозим бўладиган нарсаларнинг энг афзали ҳаёт чоғимизда доим ҳалол пок ризқ қидиришимиз лозим. Аллоҳ Таоло бандарига меҳрибон ва раҳмли Зотдир унга нима яхшию нима ёмон эканини Ўзи яхши билади. Шунинг учун бизнинг ризқимизни, ҳаётимизни ўз зиммасига олган зотдан рози бўлиб яшамоғимиз лозимдир.

Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал ўзлаштирмоқ керак. Касбига муҳаббатли инсон ўз меҳнатидан чарчамайди, балки роҳатланади. Касби туфайли атрофдагиларга ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли ҳисоблайди. Шунинг баробарида Аллоҳ таоло томонидан улуғ ажру ҳасанотлар юборилишига муносиб эканини ҳис қилиш билан руҳияти енгил тортади, имони қувват олади.

Имоми Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в) “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ташвишгина каффорат бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, инсон ҳалол меҳнати билан улуғ савоблар ваъда қилинган даражаларга эришиши билан бир қаторда йўл қўйган хато ва гуноҳлари кечирилишига ҳам муяссар бўлади.

Халқимизда фарзандларни ёшлигидан бирор ҳунарга ўргатиш мақсадида устозга шогирд беришдек жуда яхши анъана бор. Бу одат бошқа халқларда учрамайди десак, муболаға бўлмас. Истиқлол шарофати билан бугун она заминимизда сертароват, жаҳон андозаларига тўла мос келадиган юзлаб касб-ҳунар коллежлари бунёд этилди. Ўсиб келаётган ёш авлод бугуннинг энг илғор техника ва техналогияларини мукаммал эгаллашини таъминлаш мақсадида ушбу таълим муассасалари юқори сифатли анжомлар билан жиҳозланиб, талабаларга тақдим этилди. Бу ёшларга бўлган эътибор ва ишонч тимсолидир. Зеро, ўзида илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш уйғотиб, ўқиб, ўрганиб, маълумот ҳосил қилган ҳар қандай инсон, албатта маълум миқдорда одамийлик хусусиятларига ҳам эга бўлади. Ушбу имкониятлардан фойдаланиб, фойдали касбни эгаллаган ўсмир келажакда боқимандалик, бошқаларга қарам бўлиш, фирибгарлик, тиламчилик ва нопок йўллар билан жиноят содир этиб енгил елпи пул топиш каби иллатлардан омонда бўлади. Минг афсуслар бўлсинки, аниқ бир фойдали касб-ҳунари бўлмаган шахсларнинг аксарияти чет мамлакатларга бориб қулликка рози бўлаётганликлари, шулардан баъзилари экстремистик, террористик ташкилотларга аъзо бўлаётгани ачинарли ҳолдир. Ана шундай боқимандаларнинг яна бир тоифалари эса ўз эркаклик вазифаларини унитиб турмуш ўртоғини аёлларга хос бўлмаган жойларга ишга юбориб, оиланинг таъминотини аёллар зиммасига юклаган ҳолда ўзлари бекорчилик асносида ҳаёт кечирмоқдалар.

Макҳул (р.а) Пайғамбаримизнинг (с.а.в): “Ғийбатчи, маддоҳ, таъна қилувчи ёки ўликка ўхшаб юрувчи кишилар бўлишдан сақланинглар”, деган ҳадисларидаги “ўликка ўхшаб юрувчилар”ни касб билан шуғулланмайдиган кишилар, деб изоҳлаган.

Ибн Умар (р.а) Пайғамбаримиздан (с.а.в) ривоят қилади. У зот (с.а.в) айтдилар: “Аллоҳ таоло ҳар бир касби бўлган кишини яхши кўради, ўзи соғ-саломат бўлиб, ё охиратининг иши билан, ё дунё иши билан шуғулланмайдиган кишини ёмон кўради”.

Жаъфар ибн Муҳаммад оталаридан ривоят қилади: Пайғамбаримиз (с.а.в.) бозорга чиқиб, оила аҳллари учун керакли нарсаларни сотиб олдилар. Бу қилган ишларининг сабабини сўрашганида: “Менга Жаброил (а.с.), одамларнинг қўлига қараб қолмаслиги учун аҳли оиласи йўлида ҳаракат қилган кишининг Аллоҳ йўлида экани хабарини берди”, деб жавоб қилдилар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб шу хулосага келишимиз мумкинки, демак ҳар биримиз касбимизга муҳаббат билан ёндашган ҳолда фарзандларимиз ва атрофдагиларимизни ҳам ҳалол меҳнат орақали ризқимизни топишга ундашимиз лозим бўлади. Ушбу саъй-ҳаракатимиз орқали жамиятимздаги муҳит янада соғломлашишида ўз савобли ҳиссамизни қўшган бўламиз.


Киритилган вақти: 03/02/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3779
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/mehnatning-tagi-rohat
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 21:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг