Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Мавлоно Фазлуллоҳ Абулайсий ас Самарқандий

 
 

Фазлуллоҳ Абулайсий буюк Фақеҳ Абулайс авлодидан булиб, темурийлар даврида Самарқандда фаолият олиб борган машҳур аллома. У ўша даврнинг энг йирик олимлари Саъдуддин Тафтазоний, Сайид Шариф Журжоний, Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи билан бирга мадрасаларда дарс берган ва илмий тадқиқотлар олиб борган.

Манбаларда қайд этилишича, Самарқанддаги ҳозирги Фақеҳ Абулайс масжиди ҳудудида у зотнинг хоноқоҳ-мадрасаси бўлган. Буюк адиб ва давлат арбоби Алишер Навоий 1465-1469 йилларда шу ерда яшаб, мавлоно Фазлуллоҳ Абулайсийдан тафсир, ҳадис, фиқҳ араб тили ва шериятдан дарс олган. Навоийнинг ўзи “Мажолис ин-нафоис”да, Хондамир ва Мирхонд асарларида ушбу малумотларни келтирган.Устоз ва шогирд ўртасида жуда яқин муносабат бўлган. Кейинчалик Навоий устоз мени фарзандим дер эдилар, деб фахр билан эслайди.

Фазлуллоҳ Абулайсий машҳур олим Сайид Журжонийнинг шогирдларидир. Навоийнинг хабар беришича, Журжоний ул зотга дарс бериш учун ижозатнома ёзиб берган. Академик Ботирхон Валихўжаевнинг тадқиқотларида келтирилишича, Мавлона Фазлуллоҳ Абулайсий Улуғбек Мирзонинг яқин кишиларидан бўлган. 1422 йилда у отаси Шоҳруҳ Мирзони Ироқ устидан қилган ғалабаси билан табриклаш учун Ҳиротга Фазлуллоҳ Абулайсий билан борган. Шунингдек 1410-йилда Улуғбек Мирзо Самарқанддан чиқишга мажбур бўлганда Фазлуллоҳ Абулайсий бошчилигида Самарқанд улуғлари унга садоқат кўрсатиб, душманларга шаҳар дарвозаларини очишмайди.

Алишер Навоий Фазлуллоҳ Абулайсийни Самарқанднинг энг катта олими эди, деб ёзади. Хондамир эса Мавлоно Фазлуллоҳ Абулайсий зўр олимлиги ва донишмандлиги сабабли иккинчи Сино лақабини олган эди, дейди. Икки аллома ҳам устозининг ислом ҳуқуқшунослиги ва араб гирамматикасида моҳир ва тенгсиз эканлигини таъкидлашади. Фазлуллоҳ Абулайсийдан форс-тожик адабиётининг буюк намоёндаси Абдураҳмон Жомий, машҳур адиб Давлатшоҳ Самарқандий, тасаввуф пешволари Саъдуддин Қошғарий ва Хўжа Аҳрор Валийлар дарс олишган.

Фазлуллоҳ Абулайсийдан бошқа машҳур Абулайсийлар ҳақида маълумотлар жуда кам. Фақатгина бу зотнинг Хўжа Хованд исмли ўғли кейинчалик Ҳиротда Алишер Навоий ҳомийлигида ижод қилгани ва бир қанча асарлар ёзгани малум.

Навоийнинг ёзишича, Фазлуллоҳ Абулайсий Самарқандда вафот этган ва ўзининг улуғ бобокалони Абулайс Самарқандий ёнига, унинг мақбарасида дафн этилган.

Ҳозирги кунда ушбу мақбара сақланиб қолмаган. Етмишинчи йилларда маҳалла аҳли қабрлар устига мўжаз айвонча қуришган. Қизиғи мадраса ўрнида фаолият юритган собиқ 15-мактаб ўқувчилари орасидан коинотшунос ва адабётшунос академиклар - Шавкат Воҳидов ва Ботирхон Валихўжаев, профессорлар Шароф Эрмуҳаммедов, Ғиёсиддин Баҳриев, таниқли фан ва маданият арбоби Фазлиддин Муҳаммадиев, Раҳматжон Норов, Азиз Юнусов, Абдуҳафиз Хуррамов, Муҳаммад Баротов каби инсонлар етишиб чиқди.

Демоқчимизки, Самарқанд шаҳри Вобкент кўчасида жойлашган Фақеҳ Абулайсий масжиди ёнидаги Фақеҳ Абулайс Самарқандий ва Фазлуллоҳ Абулайсий қабри қадимий Чокардиза қабристонидан сақланиб қолган ягона мазоратдур. Шунингдек Фазлуллоҳ Абулайсий масжид хонақоси ўрнидаги бугунги Фақеҳ Абулайсий масжиди Марказий Осёдаги Алишер Навоий шахсиятига боғлиқ ягона нуқта ҳисобланади.


Киритилган вақти: 10/03/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2973
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/mavlono-fazlulloh-abulaysiy-as-samarqandiy
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 13:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг