Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

МАВЛИДИ ШАРИФ МАРОСИМИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБЛАРИ

 
 

Юртимизга ҳижрий-қамарий ой – Робиъу-л-аввал ойи кириб келиши билан шодиёналик кайфияти тарқалади. Бу ойни бутун дунё мусулмонлари алоҳида эътибор билан кутиб оладилар. Чунки, бу ойнинг Душанба, 12-кунида то қиёматгача башариятни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга элтувчи зот, номи дилларда ардоқланган, исми тилларда мудом такрор, инсониятга ахлоқ борасида буюк намунани тақдим этган зот – охир замон пайғамбари Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи ва саллам Фил йилидан бир йил ўтиб, 571-мелодий сананинг Робиъу-л-аввал ойини 12-кунида Макка шаҳрида, Абдулмуталлиб хонадонида туғилдилар.

Шу сабабли, юртимиз мусулмонлари ҳам бу ойнинг истиқболи учун ўзгача тайёргарлик кўрадилар, байрамона дастурхонлар ёзиб, элга таом тарқатиб мавлид маросимларини ўтказадилар. Дарҳақиқат, диёримизда ўтказилаётган мавлид маросимлари шариатимиз кўрсатмаларига мос равишда ўтказилиб келинмоқда. Аммо, муқаддас динимизда бажариладиган ҳар бир ибодат ва маросимларни мақсадлари, ўз тартиб-қоидалари бўлганидек ўтказилаётган мавлид маросимларини ҳам ўз тартиб-қоидалари ва мақсадлари ҳамда шартлари мавжуд. Зеро, буларсиз бажарилган амаллардан кўзланган савобларга эришиб бўлмайди. Биз ушбу қоидалар ва шартларни қанчалик биламиз? Уларга амал қилиш даражамиз қандай? Мавлид маросимлари нима учун ўтказилади, ёки бу маросимларга нима учун борилади? Қуйида ушбу саволлларга оид маълумотларни хотирингизга келтиришга ҳаракат қиламиз.

Аввало, бундай маросимларни ўтказишда исроф ва ортиқча дабдабалардан сақланмоқ лозим. Шунингдек;

1. Мавлид маросими Аллоҳ таолодан савоб умидида ўтказилади ёки унга борилади. Маърака-маросимларни ўтказишда риё ва кибрдан сақланмоғимиз, бу маросимни ўтказишда ҳаром ва шубҳалардан сақланмоғи керак;

“Албатта амаллар ниятга қараб эътиборга олинади.....”

“Қиёматда бир инсонни келтирилар экан. Нима қилдинг, – деб сўралганда “Фалон, фалон эҳсонларни қилганман” дер экан. Ёлғон айтдинг, сен буни одамлар кўрсин учун қилгансан”, деб унинг амали қабул қилинмас экан.

2. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қалбларимизда муҳаббат борлиги учун ёки у муҳаббатни ҳосил қилиш учун мавлид маросими ўтказилади ёки ушбу ниятда бу маросимга борилади.

“Жоним уни қўлида бўлган зотга қасамки, Мен сизлардан бирингизга отаси ва фарзандидан кўра севимлироқ бўлмагунимча, у одам ҳақиқий мўъмин бўла олмайди”. Имом Муслим ривояти.

3. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари, сийратлари билан яқинроқ танишиш ҳамда бошқаларга сўзлаб бериш учун мавлид маросими ўтказилади ёки ушбу ниятда бу маросимга борилади. Шу сабабли, мавлидни ўқиётган имом Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва ахлоқларидан ҳамда тарихидан маросим иштирокчиларига сўзлаб бермоғи лозим. Зеро, Аллоҳ таоло ПАйғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламни “Албатта сиз Улуғ хулқ узрадирсиз” (Қалам, 4), деб мақтайди ҳамда “ (Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир.” (Аҳзоб, 21), деб биз умматларни у зотни хулқу сийратларидан ўрнак олишга чақиради.

4. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга дуруду саловотлар ва саломлар айтмоқ учун мавлид маросими ўтказилади ёки ушбу ниятда бу маросимга борилади. Чунки, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга бир марта саловот айтса Аллоҳ таолонинг фаришталари унга ўн марта саловот айтади”, “Ким менга жума куни бир марта саловот айтса, Аллоҳ таоло унга етмиш марта саловот айтади.” – деб бизларни саловот айтишга ундаганлар.

Саловот – Аллоҳ таоло фаришталари ва бутун махлуқотлари олдида пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламни гўзал исмлари, мақтовли сифатлари билан ёдга олишини сўраб, илтижо қилиб айтиладиган дуо-муножотдир. Яъни, агар биз Расули акрамга саловот айтадиган бўлсак, гўёки Аллоҳ таолодан у зотни яхши сўзлар билан зикр қилмоғини сўраган бўламиз ва албатта бу дуомиз сабабли Расулуллоҳнинг шаънлари олий қилиб, бизга савобларни бисёр қилади. Чунки, Пайғамбароимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни менга энг яқин бўлганингиз – менга кўпроқ саловот айтганингиздир,” – деганлар. Албатта, қиёматда Расулуллоҳга яқин мақомда турмоқдан олий саодат бўлмаса керак. Шу сабабли нафақат мазкур ойда, балки бошқа ойларда ҳам саловотни кўп айтмоқлигимиз бизни саодатга элтувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга айтиладиган саловотнинг кўринишлари кўп бўлиб, улардан энг кўп тарқалгани;

“Саллоллоҳу алайҳи ва саллам”, “Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳ”, “Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳобиҳи ажмаъийн”.

Шунингдек, мавлид маросимларини ўтириш ва ўтказишнинг ўзига хос талаблари мавжуд;

1. Ўтириш тартиби, яъни ёши улуғлар юқорида кичиклар пастда. Чунки, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайи ва саллам: “Муъоз ибн Жабал, бадрийлар, байъат аҳли каби қавмнинг улуғлари келса юқорига-тўрга ўтқазинглар”, “Одамларни ўз жойларига ўтқазинглар”, – деб ёши улуғ кишиларга алоҳида ҳурмат кўрсатишга ва уларни даврани тўрига ўтқазишга буюради.

Шунингдек, Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар, қачон сизларга (мажлис-суҳбатларда дўст-биродарларингиз келиб: “Бизларга ҳам шу мажлисдан жой беринглар”, дейилса, дарҳол жой беринглар, Аллоҳ сизларга ҳам (Ўз жаннатидан) жой берур. Ва қачон “(ўринларингиздан) туринглар”, дейилса, дарҳол туринглар, Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. (Мужодала, 11.), деб аҳли илм бўлганларни ҳурмат қилишга буюради.

2. Мавлид маросимида ўқилаётган Қуръон тиловатлари ҳамда мавлид ибораларини, шунингдек Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига оид маърузаларни жим туриб тинглаш ва саловот айтиладиган жойларда билса қўшилиб саловот айтиш;

“Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!” Аъроф -204.

Ҳадис айтилганда жим туриб тингламоқ лозим. Зеро, Алихон тўра Соғуний айтганларидек:

Сўзи сўзларнинг гавҳаридур,

Ўзлари набийларнинг сарваридур,

бўлган зотнинг сўзлари, сийратлари айтилмоқда.

Имом Ғаззолий: “Энг катта мусибат жоҳил ўзининг жоҳиллигини билмаслигидир”, – деб айтадилар. Баъзи мавлид маросимларида бир томонда мавлид ўқилса, хонадоннинг бошқа томонларида аёллар бозор қилади. Шу сабабли мавлидни ўтказаётган соҳиби хонадон маросимни тўғри ва тартибли ташкиллаштириши, ҳар хил бақир-чақирларга йўл қўймаслиги лозим.

Аллоҳ таоло ҳар бир қилаётган амалларимиз ва маросимларимизни ўзининг розилигига муваффақ қилсин! Пайғамбаримиз, у зотнинг оилаларига ва саҳобаларига саловоту саломлар йўлласин!


Киритилган вақти: 23/12/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2598
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/mavlidi-sharif-marosimini-otkazish-tartiblari
Чоп этилган вақт: 25/06/2021 18:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг