МАСЖИД ОДОБЛАРИ
Инсоннинг кундалик ҳаётини гўзал қилиб турувчи амаллардан бири унинг хулқи, одоби, инсонийлик одоб-ахлоқ нормаларига риоя қилмоғидир. Ислом дини турли хил одоб-ахлоқ мужмуаларини ўзида мужассам этган диндир. Бу динда одоб-ахлоқ ибодат даражасига чиқарилгандир. Саломлашиш, муомала, оила, сўзлашиш, ётиш, юриш, овқатланиш, мезбонлик ва меҳмонга бориш, таълим олиш, таълим бериш, тарбиялаш ва ҳаказо одобларнинг барча-барчаси бу муқаддас динда ўз ифодасини топган. Ана шундай одоблар сирасига “Масжид одоблари” ҳам киритилган бўлиб, бу одоб замирида Аллоҳ таолонинг уйи – масжидга ҳурмат-эҳтиром ётади.
Дарҳақиқат, масжид динимизнинг энг катта рамзларидандир. Қуръони карим оятларида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида масжидга катта аҳамият берилган. Чунки, масжид мусулмонларни бирдамлик ва иттифоққа чорлайди. Масжид сари юзланган киши эса гўёки, Алоҳ таолонинг меҳмони каби бир мақомда туради. Меҳмон эса ўз иззати ва мезбоннинг ҳурматини яхши англамоғи лозим. Акс ҳолда унинг меҳмонлиги кутилган самара бермаслиги мумкин. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг уйига “меҳмон” бўлиб бораётган ҳар бир мўмин киши бу меҳмонликнинг вазифа ва бурчларини яхши англаб етмоғи фойдадан холи эмас. Ислом динининг асосларидан ҳисобланмиш Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида масжидларга хос бўлган одоб-ахлоқ масалалари мукаммал тарзда баён этилган. Оят ва ҳадислардаги ушбу одоб-ахлоққа оид маълумотлар бир тўплам қилиниб, бу ҳақда кўплаб асарлар нашр этилган. Ушбу ўринда ҳар бир мўмин-мусулмон киши билиши шарт бўлган масжидга хос бўлган одоб-ахлоқ қоидаларига тааллуқли маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Аввало масжидга бораётган киши ниятни холис қилмоғи лозим:
﴿فَادْعُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ...﴾
“Бас, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ёлборинг.”[1]
﴿وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَٰلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ﴾
“Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу тўғри миллатнинг динидир.”[2]
﴿وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا﴾
“Ва, алабатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг.”[3]
Демак, масжидга ниятни холис қилган ҳолда Аллоҳ таолога ибодат ва дуо қилиш учун, ёки Уни зикри учун, ёки ўзига муаммо бўлиб турган диний масалалар ечими учун борилади.
2. Масжидга чиройли кийимларда бориш лозим, чунки Аллоҳ таоло:
﴿يَا بَنِي آدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ ...﴾
“ Эй Одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни масжидга бораётганда тоза либосда бўлингиз)....”[4] деб буюради.
3. Тозаликка риоя қилиш. Муқаддас динимизда поклик ва тозалик энг эътиборли амаллардан ҳисобланиб, қалб мусаффолиги ботиний покликдан кейин зоҳирий покизаликка буюрилади. Покликни севадиган кишини Аллоҳ таоло ҳам яхши кўришини маълум қилади:
﴿... فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُوا وَاللَّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ﴾
Сен у (масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир. (9: 108)
“... Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ ҳам покланувчиларни севадир”.[5]
﴿وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ﴾
“Ва кийимингни покла!”[6]
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ وَإِن كُنتُمْ جُنُبًا فَاطَّهَّرُوا وَإِن كُنتُم مَّرْضَىٰ أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍ أَوْ جَاءَ أَحَدٌ مِّنكُم مِّنَ الْغَائِطِ أَوْ لَامَسْتُمُ النِّسَاءَ فَلَمْ تَجِدُوا مَاءً فَتَيَمَّمُوا صَعِيدًا طَيِّبًا فَامْسَحُوا بِوُجُوهِكُمْ وَأَيْدِيكُم مِّنْهُ مَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيَجْعَلَ عَلَيْكُم مِّنْ حَرَجٍ وَلَٰكِن يُرِيدُ لِيُطَهِّرَكُمْ وَلِيُتِمَّ نِعْمَتَهُ عَلَيْكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ﴾
“Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар. Агар жунуб бўлсаларингиз, покланинглар. Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёхуд бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар. Ундан юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар. Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас Аммо сизларни поклашни ва сизларга ўз неъматини батамом қилиб беришни истайдир. Шоядки шукр қилсангизлар.”[7]
Юқорида келтирилган оятлардан маълум бўладики, Ислом дини мукаммал поклик дини экан. Исломда ҳар бир амал покликка таяган, покликка қаратилгандир. Хоссатан, намоз ўқиш учун нафақат бадан, балки кийим-бош ва жой ҳам пок бўлиши зарур. Шу жумладан диннинг қўрғони бўлган масжидларга борувчи киши ботиний ҳолатда ҳам зоҳирий ҳолатда ҳам пок бўлмоғи лозим. Шунингдек, масжид одобларидан яна бири оғиздаги нохуш ҳидлардан холи бўлмоқ учун мисвок ишлатишдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматим учун машаққат деб билмаганимда эди, уларга ҳар намоздан олдин мисвок ишлатишни буюрган бўлардим” деб бизларни яна бир покликка ундадилар.
4. Масжид одобларидан яна бири масжидга киришдан олдин қўл телефонларини овозсиз қилмоқ ва масжидга кирганда ўнг оёқ билан кириб, масжиддан чап оёқ билан чиқилади. Масжидга кираётганда “Бисмиллаҳ, саламун ала Росулиллаҳ, Аллоҳуммафтаҳ лий абваба роҳматик” дуосини ўқилади.
5. Масжидга кирганда дунё ишларини иложи борича масжидда сўзлашмаслиги лозим, чунки Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжидда гапирилган дунёвий гап (қадам босиб келган) савоб амалларини барчасини ейди, олов ўтинни егани каби”деб масжидда дунё ишлари билан заруратсиз ҳолда машғул бўлмасликка буюрдилар.
6. Масжидлар намоз ва зикр учунгина қурилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларга хос одобларни ўргатиб, масжидларга лойиқ бўлмаган амалларни қилишдан қайтарганлар.
Масжидга сокин, вазмин ҳолда бошқаларга халақит қилмасдан шошилмасдан кириб бориш ва чиқиш, масжидни озодалигига путур етказмаслик, масжидга кирганда номоз ўқимасдан чиқиб кетмаслик, ибодатда бошқаларга халақит бермаслик шулар жумласидандир.
Масжид ҳурматига нолойиқ бўлган ишлардан, масжидда шовқин қилиш ҳар хил нарсаларни ташлаш, эътиборсиз ҳаракат қилиш, ёши улуғларга нисбатан эътиборсиз бўлиш, мавъизаларга бепарво бўлиш, ибодатга нисбатан лоқайд бўлиш, масжид имоми рухсатисиз жамоатга гапириш энг катта одобсизликлардан саналади.
Мазкур масжид одобларига риоя қилиш билан муъмин банда Аллоҳ таолонинг розилигини топиб, ибодатлари қабул даражасига етса ажаб эмас. Аллоҳ таолонинг уйини эҳтиром ва эъзозлаш, ундаги мулкни асраб-авайлаш, бу улуғ даргоҳнинг ходимлари-ю, меҳмонларини ҳурмат қилиш ҳар бир муъмин-мсусулмонга хос амаллардандир. Дарҳақиқат, бу кўрсатмалар асрлар оша халқимизнинг миллий қадриятларига айланиб улгурган одоблар сирасига киради.
Киритилган вақти: 20/01/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2520
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 10:01