Маҳмуд аз-Замахшарий ҳаётига бир назар
Юртимизнинг турли ҳудудларидан минглаб олим-у уламолар етишиб чиқганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай уламолардан бири Маҳмуд аз-Замахшарий ҳозирги Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида (ҳижрий 476-йил 27-ражаб ойида, милодий 1075-йил 19-мартида) Хоразимнинг йирик қишлоқларидан бири Замахшарда туғилган. У кишининг тўлиқ исми Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммаддир.
Олим ҳақидаги малумотларни Ибн ал-Анбарий, Ибн ал-Жавзий, Жалолиддин Суютий, Ибн ал-Қуфтий ва бошқа олимларнинг китобларида учратишимиз мумкин. Ёшлик чоғларида Бухоро шаҳрига келиб илм таҳсил қилиб юрган кезларида бехосдан йиқилиб, оёқларини лат едириб қўядилар. Яраланган оёқнинг совуқ уриши оқибатида иллатланган оёқ табиблар томонидан кесилади ва у ёшлигидан бир оёқ бўлиб қолади. Замахшарий Бу ногиронлик туфайли илмдан тўхтаб қолмайди. Ёғочдан оёқ қўйдириб, матонат билан илм олишни давом эттиради. Аз-Замахшарий Маккаи –Мукаррама шаҳрида 5 йилдан кўпроқ яшаб, илм-маърифат таҳсил қилади ва бу жойга келган илму толибларга дарс бериш билан шуғулланади. Ҳатто ҳеч бир олим эришмаган “Жаруллоҳ” яни “Аллоҳнинг қўшниси” деган мақомга эришдилар. Аллома араб тилини лаҳжа ва шеваларини тўлиқ тадқиқ қилиб, бу тилнинг грамматикаси ва лексикаси ҳақида китоблар ёзади. Ҳатто арабларга қарата “келинглар ўз тилингизни ўзингизга ўргатиб қуяй” деб айтар эканлар. Бу гапни айтиш учун ўта билимли, жасоратли бўлиш керак. У кишини “Муққадиматул адаб”, “Ал-Муфассал”, “Асос ал-балоға” каби йирик китоблари мавжуд. Арабларнинг: “Агар Хоразимлик шу кўса чўлоқ Аз-Замахшарий бўлмаганда араблар ўз тилларини билмас эдилар” деган сўзлари алломамизни буюк араб миллати олимларини лол қолдира олганига исбот бўлади. Аз-Замаҳшарий: “Менинг сочимни оқартирган нарса муттасил китоб ўқиш ва саёҳатдир” деганлар. Олим умрининг охирида ўз она юрти Хоразимга қайтиб келади ва 1144 йил Урганч шаҳрида вафот қилади.
Биз барча фазилатли алломаларимиз ҳаётидан ибрат олиш, ёш авлодни аз-Замахшарийдек матонатли, сабрли ва илмга чанқоқ қилиб тарбиялашда масъулятни ҳис этишимиз зарур. Зеро, Имом Бухорий ҳазратлари “Илмдан бошқа нажод йўқ ва бўлмагай” деганлар.
Сафахон БАҚОЕВ – Каттақўрғон туман “Хўжа Абул Ҳасан” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 17/02/2020 11:32; Кўрилганлиги: 1309
Чоп этилган вақт: 13/01/2025 18:50