Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ЛИБОС КИЙИШ ОДОБЛАРИ

 
 

Аллоҳ таоло инсониятни гўзал суратда яратди ва ушбу гўзалликни бандасида намоён бўлиб туришини яхши кўради. Ушбу гўзаллигимизни намоён қилишимизда киядиган либосларимизнинг ўрни беқиёсдир.

Киядиган либосларни инсонга фойдалари қуйидагилардан иборат иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири ҳақида Қуръони карим оятлари бизга хабар беради:

1) Либос инсон учун зийнатдир.

Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай. (Аъроф сураси 31 – оят).

2) Авратларимизни беркитувчи восита.

Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик*. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир. Бу(лар) Аллоҳнинг мўъжизаларидандир. Шояд (буни) эслаб кўрсалар! (Аъроф сураси 26 – оят).

3) Иссиқ ва совуқдан тўсувчи омил.

Аллоҳ сизлар учун ўзи яратган нарсалардан соя жойлар (бунёд) этди ва сизлар учун тоғлардан бошпаналар қилди ҳамда сизлар учун иссиқ (ва совуқ)дан асрайдиган кийимлар ва сизларни (турли) хавфдан сақлайдиган совутлар яратди. (Имон келтириб) мусулмон бўлурсиз, деб У сизларга ўз неъматини шу тарзда мукаммал етказиб туради. (Наҳл сураси 81 – оят).

Демак, либос инсон ўз бойлигини билдириш, ўзгалар устидан кулиш ва такаббурлик қилиш учун эмас, балки оятларда айтилган мақсадлар учун кийилади. Кийиладиган либосларнинг энг афзали оқ либосдир. Бунга Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадис далил бўлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Либосларингиздан оқини кийинглар, чунки у либосларингизнинг яхшисидир ва унда ўликларингизни кафанланглар”. Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти.

Бошқа ривоятда:

“Оқ либос кийинглар, чунки у покроқ ва тозадир. Ва унда ўликларингизни кафанланглар”. Термизий ривояти.

Маълум бўлганидек, оқ либос рангли либослардан кўра тезроқ кир бўлади. Натижада кўп ювилганидан ҳамиша тоза ва покиза ҳолда туради. Оқ ранг- поклик рамзидир.

Ислом шариатида либос билан мутакаббирлик қилишдан қайтарилган ва бу чиройли кийинишни ман этмайди. Чунки либос инсонга зийнат бўлиб, Аллоҳ гўзал - гўзалликни яхши кўради ва берган неъмати асарини бандасида кўришни яхши кўради. Динимиз бизларни поклик, гўзал кўриниш ва янги либосларни жума, ҳайит кунлари, инсонлар билан кўришганда ва зиёрат пайтларда кийишга тарғиб қилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Кимни қалбида зарра мисқолича кибр бўлса жаннатга кирмайди”. Бир киши: “Одам либоси ва оёқ кийими гўзал бўлишини яхши кўради”. У зот дедилар: “Аллоҳ гўзал - гўзалликни яхши кўради, кибр – ҳаққа норози бўлиб, инсонларни менсимасликдир”. Муслим ривояти.

Аллоҳ таоло бандаси либос кийганда чиройли бўлишини яхши кўриб, камбағаллигини зоҳир қилувчи, хунук ва йиртиқ либослар кийишини ёмон кўради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ночор кийинган кишини кўриб: “Молинг борми”- дедилар. Киши: “Аллоҳ берган туя ва қўйларим бор”- деди Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) : “Уни асари сенда кўринсин” -дедилар. Термизий ривояти.

Демак, ислом бизларни гўзал, чиройли бўлишга ва пок, янги либосларни кийишга тарғиб қилиб, бу борада исроф қилишдан қайтаради. Шундай бўлгач дин ва дунё ишларида ўзимизни ислоҳ этиб, юздаги холдек кишиларга намуна бўлишга ҳамиша интилмоғимиз лозим.


Киритилган вақти: 19/10/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2445
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/libos-kiyish-odoblari
Чоп этилган вақт: 15/12/2024 02:49
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг