Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Кўчат экиш савобдир

 
 

Жазирама иссиқда кетар экансиз, беихтиёр атрофни кузатиб бирон бир дарахт соясига шошиласиз. Қуёш нурини тўсиб турган дарахт соясида салқинлаб, нафасни ростлаб “Алхамдулиллаҳ” деб дарахтни эккан киши ҳаққига дуолар қиласиз. Аммо ўша жойда “Баҳор келса мен ҳам дарахт экаман” деган фикр аксарият кишиларда бўлмайди. Нимага? Нима учун ҳикматлар ичида яшаб ундан ибрат олмаймиз. Тафаккур қилмаймиз. Парвордигор Наҳл сурасининг 10-11 оятларида “У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган Зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорулур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундурур. Албатта, бундан тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордур”, деб марҳамат қилган. Демак биз тафаккур қилсак ҳар қадамимизда ибрат оладиган аломатларни кўра биламиз. Масалан: Беҳисоб оғирликка эга бўлган сувга тўйинган булутлар, Аллоҳнинг амри билан ерга тушаётганда чумолига ҳам озор бермасдан ёмғир бўлиб ёғиши, тафаккур қиладиганлар учун жуда катта аломатдур. Ҳар қандай техника ривожланган даврда ҳам булутларнинг вазифасини бажаришнинг имкони бўлмайди. Оддий бир уруғни ерга қадасак унинг ерни ёриб чиқиши, босқичма-босқич ривожланиб ҳосилга кириши ҳам мўжизанинг ўзидир. Шундай экан бизларга берилган имкониятдан унимли фойдаланиб охират озиғини ортиғидан ҳам кўпроқ йиғмоқлигимиз керак. Айни кунларда далаларда иш қизғин. Деҳқонлар ҳамал ойининг ҳар сониясидан фойдаланиб ўз ишлари билан машғулдирлар. Деҳқон бўлмасакда дарахт экиш қўлимиздан келадику. Шу муборак савобли ишни фарзандларимиз қолаверса набираларимиз билан бирга амалга ошириб ўрнак кўрсатсак, биз ўтганимиздан кейин ҳам бошлаган ишимиз давомли бўлса, албатда ажру савоби етиб туради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Қай бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жонивор еса, экган кишига садақа савоби ёзилади.” деганлар. Бундай улкан савобга эга бўлишимиз учун, бир бирларимизга кўчат экишдек хайрли ишни эслатиб, кўчат экишда мусобақалашсак, яшаб турган жойимиз дарахтларга бурканиб янада яшнаб кетади. Айниқса маҳалламизда ҳашар уюштирилса унда фаол иштирок этиб мевали ва манзарали дарахтларни кўплаб эксак, ҳам инсонийлик, ҳам мусулмонлик бурчимизни адо этган бўламиз.


Киритилган вақти: 09/04/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2820
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/kochat-ekish-savobdir
Чоп этилган вақт: 25/06/2021 18:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг