ЖАЗОСИЗ ҚОЛГАН ЖИНОЯТ
Инсон дунёда яшар экан уни чексиз орзу истаклар ўраб олади. Ўз илмига, ақлига тажрибасига суянган ҳолда, режалаштирган ниятига етиш учун бор имкониятларидан фойдаланиб ҳаракат қилади. Аммо дунёда шундай нарса борки усиз ҳеч бир натижага эришиб бўлмайди гўё. У бойлик, маблағ, сармоя деб номланадиган пулдир. Инсоннинг яшаши учун, илм олиши, касб ўрганиши, орзу истакларига етиши учун ҳам айнан пул керак. Айниқса ҳозирги кунда-кунга ривожланиб бораётган замонда пулсиз ҳеч нарсани тасаввур қилиб бўлмайди. Кўп инсонлар пул топиш илинжида билиб, билмаган ҳолда гуноҳ бўлмиш жиноятларга қўл уриб, оиласини фарзандларини харом луқма билан боқадилар. Харомдан келган бойлик, ейилган луқма, қилинган ҳаракат гуноҳ яъни жиноят бўлиб, албатта Яратган Зот томонидан жазоланади. Қуръони каримнинг Зориёт сураси 55 оятида Аллоҳ таоло: “Эслатинг (яъни, Сиз умматларингизга панду-насиҳат қилаверинг)! Зеро, эслатма (бу ишингиз) мўминларга манфаат етказур” деб марҳамат қилган. Шундай экан биз бугун баъзи бир инсонларга қилинган жиноят жазосиз қолмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз холос. Зеро бу эслатмадан таъсирланиб гуноҳ, кибр, ўғрилик, чақимчилик, бузуқлик ва шун каби иллатлардан қутилиб, ҳам бу дунё ҳам у дунё саодатига мушарраф бўлса.
Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 108 оятида “Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севади” деб марҳамат қилган.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам имом Муслим ривоят қилган ҳадисда “Пок бўлинглар, Зеро ислом покликдир”, Табароний ривоят қилган ҳадисда эса “Поклик кишини иймонга чақиради. Иймон эса ўз эгаси билан жаннатда биргадир” деб марҳамат қилганлар.
Пок юракли, пок имонли, пок виждонли инсон ҳеч қачон гуноҳга қўл урмайди. Покликдан қанчалик узоқлашсак гуноҳга, жиноятга, маъсиятга шунчалик яқинлашамиз. Ислом динида бажариладиган ҳар бир амал покликни талаб қилади. Поклик йўқолган жойда ҳалоллик ҳам йўқолади.
Айни кунларда ўзини “уддабуронман” деб сановчи баъзи бир кишилар торозудан уриш, ўлчамдан уриш, газ ва токларни яширинча ҳисоблагичсиз ишлатиш, фирибгарлик қилиш, пора олиш, пора бериш, одам савдоси билан шуғилланиш ва шунга ўхшаш гуноҳ ишларга кўникиб қолиб гўё гуноҳ қилмагандай юриши, ҳеч ким билмаяпдику деб хотиржам бўлиши энг катта хатоларидир. Уларга ундай қилиш гуноҳ, жиноят дейилса кўрмагандай, эшитмагандай бепарво бўлишади. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 179 оятида: “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир” деб марҳамат қилган.
Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Қиёматда ҳар бир сўзимизга, ҳаракатимизга жавоб берамиз.
Тўрт кунлик дунёнинг ҳой-ҳавасларини деб охиратини куйдирган киши энг бахтсиз ва омадсиз инсондир.
Дунёнинг ҳар хил кўринишларига сабр-бардош билан, имон эътиқод билан, поклик, ҳалоллик билан қарасак иншааллоҳ, дунёда ҳам охиратда ҳам азиз бўламиз.
Юнус сурасининг 82 оятида Аллоҳ таоло: “Гарчи жиноятчилар ёқтирмасаларда, Аллоҳ ўз сўзлари (амрлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур” деб огоҳлантиргандир.
Жазосиз қолган ҳар қандай жиноят охиратда очилиб жазоланади. Бунга шак-шубҳа йўқ. Бунда Аллоҳнинг фазлидан ўзга нажот йўқ. Охиратда жазоланиши дунёда жазоланишдан минг карра ёмондир.
Киритилган вақти: 18/12/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2529
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 00:31