Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ЖАННАТ РАЙҲОНЛАРИ

 
 

Миллатнинг соғлом бўлиши аввало, оналарга боғлиқ. Шундай экан онанинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғ бўлиши баркамоллик сари қўйилган биринчи қадамдир. Тириклик, авлодлар довомийлиги никоҳ ва оила билан. Оила тотувлиги ва болаларни яхши тарбиялаш аёлларимизнинг энг муҳим бурчларидир.

Қуръони каримда аёлларга гўзал муомила қилиш буюрилади. Жумладан ояти каримда “Улар билан тотув турмуш кечиринг” дея марҳамат қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом кўпгина ҳадисларида бу ҳақда марҳамат қилганлар. Жумладан, “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлгучиларингиздир”. (Термизий ривояти).

Улуғлар “Кўнгил боғининг меваси фарзанд эрур” деганлар. Бу мева қанчалар бенуқсон, соғлом бўлса, кўнгил шунчалар хотиржам. Бу хотиржамлик эса инсонни улуғ мақсадлар, эзгу аммаллар сари етаклайди. Дарҳақиқат, фарзанд Аллоҳ таолонинг буюк нематидир. Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом “Гўдаклар жаннатнинг райҳонларидир” дея марҳамат этганлар. Шу боис ҳалқимизда фарзанд кўз нури, қалб қўри дея таърифланади. Ер юзида бирорта ота-она йўқки, фарзандлари соғлом, ақилли, илимли, хушхулқ ва кўркам бўлишини орзу қилмаса. Фарзанднинг соғломлиги, тарбиявийлиги инсон ҳаётида шунчалар аҳамиятли экан, уни қачондан бошлаш керак? Бу саволга ҳар киши ҳар хил жавоб беради. Кимдир туғилгандан кейин деса, яна кимдир бола оқу-қорани ажрата бошлагач деб фикр билдиради. Лекин фарзанд тарбияси ва саломатлигига ҳали у туғилмасдан илгари, аниқроғи янги оила барпо этилётган кезларидаёқ жиддий эътибор қилмоқ лозим. Шу эътиборлардан бири тиббий кўрикдир. Қонуний никоҳ қураётган ёшларимиз бу кўрикдан онгли равишда ўтишлари лозим. Никоҳ риштаси билан боғланаётган одамлар бир бирларининг соғликларини билишлари ўзлари учун муҳимдир.

Манбаларда келтирилишича фарзандни камолга етказишдаги муҳим масалалардан яна бири луқманинг ҳалоллигидир. Зеро бу ҳам тарбиянинг ажралмас қисми. Ҳадиси шарифларда алдов, хиёнат, фирибгарлик, қўйинки, барча ёмон хислатлар нопок луқма билан вояга етган фарзандларда пайдо бўлиши, улар ота-онасига ҳам жамиятга ҳам зарар келтириши айтиб ўтилган. Аксинча бола ҳалол луқма билан вояга етса, тарбияланса солиҳ инсон бўлиб етиши борасида кўрсатмалар берилган. Бу кўрсатмаларга амал қилиб келган оилалардан довруғи дунёга достон улуғ авлиёлар-у алломалар чиққанлиги тарихда ўз исботини топган.

2016- йил “Соғлом она ва бола йили” деб элон қилиниши замирида диний ва миллий қадриятларимиз ўз аксини топган. Азалдан аждодларимиз аёлларга нисбатан чиройли муомалада бўлиб эҳтиром кўрсатиб келганлар. Аёл ҳомиладор бўлса бу ҳурмат ва эътибор икки карра ошган. Ҳомиладор, яъни фарзанд кутаётган аёл дунёдаги энг маъсума аёл деб таърифланади. Чунки у покиза вужудни юрагининг остида асраб улғайтиради. Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йилигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида бу мавзуга алоҳида тўхталиб шундай деганлар: “Ҳақиқатдан ҳам болага эътибор, бўлажак онага эътибор қаратишдан бошланиши керак. Чунки ҳомиладор аёлнинг руҳий-физиологик ҳолати, барча ҳис туйғулари, кайфияти она вужуди орқали болага ўтади. Бундан хулоса шуки, болани эъзозлаш учун аввало онани эъзозлаш зарур. Бу борада барчамиз масъул эканимизни унутмаслигимиз керак”.

Зеро, динимиз доимо аёл шаънини ҳимоя қилган, уни улуғлаган, болаларга ғамхўрлик қилишга чақирган.

Фақеҳ Абу Лайс ас- Самарқандийнинг “Танбеҳул-ғофилийн” асарида қуйидаги муборак ҳадис нақл этилган. “Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар “Ким бозордан фарзандларига ҳадия келтирса у садақа қилган киши каби бўлади, ҳатто уни уларнинг оғзига солади. Тарқатишни қизлардан бошласин, чунки Аллоҳ таоло аёлларга юмшоқлик қилди. Ким аёлларга юмшоқлик қилса Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши кабидир, ким Аллоҳдан қўрқиб йиғласа уни Аллоҳ кечиради, ким қизлари билан хурсанд бўлса , Аллоҳ қиёмат куни уни хурсанд қилади” деганлар.

Азизлар, шаъни улуғ, қадри баланд аёл зоти онамиз, опа-синглимиз, ёнимиздаги жуфту-ҳалолимиз, қиз ва келинларимизни асраб авайлайлик. Зеро, улар наслимиз, миллатимиз давомчиларидир.


Киритилган вақти: 20/02/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3878
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/jannat-rayhonlari
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 06:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг