Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИСТИҚЛОЛИМИЗ РАҲНАМОСИ

 
 

Жафокаш халқимизнинг бошига кўп мусибатлар тушган. Зеро, Аллоҳ таоло суйган бандасига турли синовлар, имтиҳонлар юбориб, унинг иймонини, иродасини пўлатни ўтда тоблагандек тоблаб турар экан. Ўзбек халқи ҳам сўнгги асрлар давомида айниқса кўп заҳматлар чекди, мустабид тузумнинг асоратида қолди. Бироқ, эрксевар халқнинг метин иродасини, порлоқ келажакка, ҳурриятга бўлган ишончини ҳеч нарса синдира олмади. Парвардигоримизнинг инояти ила халқимиз ичидан буюк ўғлонлар, асл қаҳрамонлар етишиб чиқиб, Ватан озодлиги, юрт ободлиги йўлида улкан ишлар қилиб, исмлари тарихимизга зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб қолди.

Салкам юз йил давом этган истибдод давомида эркидан, динидан, тарихидан, тилидан айрилаёзган халқимизнинг дардига ана шундай улуғ фарзандлардан бири малҳам бўлди. Ҳуррият байроғини баланд кўтариб, дунё харитасига Ўзбекистон деб аталмиш мустақил давлатни пайдо қилган бу инсон Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти, мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримов эди.

Бу инсонга инсоният тарихида камдан-кам одамларга бериладиган бахт насиб этди. Бу бахт – она халқини зулматдан нурга, қулликдан озодликка олиб чиқиш, уни тараққиёт ва эзгулик йўлига бошлаш, порлоқ истиқбол йўлини кўрсатиб беришдир. Бундай шараф тарихи, ўтмиши буюк халқимизнинг, башариятга кўплаб улуғ зотларни берган заминимизнинг улуғ фарзандларига насиб бўлган эди, Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовга ҳам насиб этди.

Бугун муҳтарам юртбошимизни сўнгги йўлга кузатар эканмиз, у кишининг раҳбарлиги остида босиб ўтилган шонли тарихимизга бир назар ташлаб, эришилган муваффақиятларни сарҳисоб қилсак, у кишининг Ватан олдидаги, эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлидаги буюк хизматларини яхшироқ англаймиз.

Халқимиз мустақилликнинг мураккаб вазиятли дастлабки кунларини, турли фитналар таҳдид солиб турган таҳликали даврларни Ислом Каримов раҳнамолиги остида енгиб ўтиб, тинчлик, бунёдкорлик, тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт сари дадил қадам ташлай бошлади. Юртбошимиз ғоят оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволга тушиб қолган республикани муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолишга, чигал вазиятни қисқа вақт ичида тубдан ўзгартиришга эришди.

Ҳуррият тонги отиб, истиқлол қуёши чарақлаган сари юртимизда иқтисодий юксалиш, диний эркинлик, бағрикенглик, ўзликни англаш, тикланиш шамоллари эса бошлади.

Юрт ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан обод бўлди: Ватанимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошди, иқтисодиётда қатор тармоқлар ривожланди, янгиларига асос солинди, кўплаб саноат объектлари барпо этилиб, ишга туширилди; Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилинди, ибодатлар эмин-эркин бажарила бошлади, янги масжидлар, мадрасалар қурилди, таъмирланди, минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра сафарига отланди. Ҳар бир янги ўқув йилининг бошида мактабга илк қадам қўйган болажонларга Президент совғаси топширилиб, фарзандларимиз юртбошимиз берган қалам-қоғоз билан хат-савод чиқаришди, илм-фан соҳасида, маданият ва спорт соҳасида катта муваффақиятларга эришишди, жаҳон спорт майдонларида улкан ғалабалар қозонишди ва қозонишмоқда.

«Яхшидан боғ қолади», дейди доно халқимиз. Мустақилликнинг чорак асрлик солномаси минг-минглаб бино ва иншоотлар, янги йўллар, кўприклар ва бошқа кўплаб қурилиш объектлари билан тўлиб-тошди. Шу қисқа муддат ичида Ўзбекистон дунёда иқтисодиёти энг жадал суръатлар билан ривожланаётган бешта давлат қаторидан жой олди, юрт ободлиги, Ватан сарҳадларининг дахлсизлиги, халқ ҳаётининг тинчлиги, турмуш фаровонлиги таъминланди.

Шу йиллар давомида Ўзбекистон тинчликпарвар, халқпарвар ташқи сиёсат олиб борувчи, барқарорликни, ҳар қандай можароларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишни ёқловчи кучли давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади.

Юртбошимиз миллий-маънавий қадриятларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришни давлат сиёсати даражасига кўтарди, халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини оширишга катта ҳисса қўшди.

Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг фидокорона меҳнатини, юртда тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга қўшган улкан ҳиссасини халқимиз муносиб тақдирлаб, Ўзбекистон Қаҳрамони унвони, «Мустақиллик» ва Амир Темур орденлари билан тақдирлади.

Мураккаб гесиёсий вазиятларда, миллат тақдири, Ватан тақдири, нафақат юртимиз ҳудудида, балки Ўрта Осиё минтақасидаги барча халқлар тақдири ҳал қилинаётган оғир шароитларда юртбошимиз қатъият билан, метин ирода билан фақат тинчлик йўлини танлади, Ўзбекистоннинг мустақиллигини, халқ манфаатларини ҳимоя қилди, оғир синовлардан шараф билан ўтди.

Сўнгги йилларда халқаро вазият оғирлашиб, дунёнинг турли чеккаларида биродаркушлик урушлари, босқинчилик, мутаассиблик олови тобора кучайган сари, нафақат юртимизда, балки бутун дунёда юртбошимиз танлаган йўлнинг, иқтисодий-ижтимоий сиёсатдаги ўзбек моделининг қанчалик тўғри экани эътироф этила бошланди.

Табиийки, халқимиз бу улуғ инсоннинг улкан хизматларини юксак қадрлади. Юртбошимиз халқнинг самимий меҳр-муҳаббатини қозонди, элнинг ардоғида бўлди. Президентимиз ҳар бир байрамда, ҳар бир шодиёнада халқимизнинг олқишлари остида нутқ сўзлаб, барчамизни муборакбод этар, эл-юртнинг қувончига шерик бўларди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон халқи бу йилги истиқлол байрамини алоҳида ҳаяжон билан кутаётган, мустақиллигимизнинг чорак асрлик тўйини алоҳида қувонч билан, ўзгача бир шукуҳ билан нишонлашга тайёрланаётган эди. Йигирма беш йиллик шонли йўлнинг сарҳисобига ўзгача тараддуд кўриларди. Аммо йигирма беш йиллик тинимсиз оғир меҳнат, улкан масъулият оддий бир инсон учун жуда катта синов эди. Бу синов мезонининг бир палласига юрт ободлиги, Ватан озодлиги қўйилган бўлса, бир палласига ана шу улкан масъулиятни зиммасига олган инсоннинг саломатлиги, ҳаёти қўйилган эди. Айни байрам арафасида юртбошимизнинг саломатлиги кескин ёмонлашгани ҳақидаги хабар бутун Ўзбекистон халқини чуқур изтиробга солди. Барча ватандошларимиз давлатимиз раҳбарининг соғайиб кетишини сўраб, дуолар қилиб турдилар. Аммо тақдир қалами битган иш амалга ошмай қолмайди. Тирик жон борки, ҳаёт интиҳосига юзланади, боқийлик эса фақатгина Аллоҳ таолога хосдир.

Инсонга берилган ҳаёт – интиҳо куни белгиланмаган, аммо ўша кунгача ҳаётда ўз йўлини, ўз ўрнини топиб, буюк мақсадлар йўлида, эзгу ниятлар йўлида солиҳ амаллар қилиб қолиш учун берилган муддатдир. Бу муддат, бу ғанимат фурсатдан қандай фойдаланишни ҳар ким ўзи ҳал қилади, ўз тақдирини ўзи белгилайди.

Биз бугун ана шу умр неъматини халқ озодлиги йўлида, юрт тинчлиги, фаровонлиги йўлида сарфлаган, бор куч-ғайратини, шижоатини, ҳаётини миллатининг, Ватанининг шаънини юксалтиришга фидо қилган инсонни сўнгги йўлга кузатдик.

Ишонамизки, юртимиз узра истиқлол қуёши мангу порлагай, халқимиз ўзи танлаган порлоқ истиқбол йўлидан дадил қадам ташлагай ва бу йўлга асос солган, бу йўлдан бизларни бошлаб борган Юртбошимизнинг руҳини шод айлагай!

Ислом дини боқий манзил сари отланган инсоннинг ҳаққига хайрли дуолар қилишни ўргатади. Шундай экан, дорулфанодан дорулбақога риҳлат қилган Юртбошимиз олдидаги биродарлик, фуқаролик, ватандошлик, инсонлик бурчимиз ўлароқ, у кишининг ҳақларига Аллоҳ таолодан раҳмату мағфират сўраб, дуоларга қўл очамиз:

Роббимиз! Ватанимизнинг истиқлоли, халқимизнинг тинчлиги, фаровон ҳаёти учун қайғуриб, шу йўлда умрини бахшида этган бу бандангни мағфиратингга олгин, раҳматингга буркагин, борадиган манзилини, ётадиган маконини тинч-осойишта айлагин! Умри давомида қилган барча солиҳ амалларини, саъй-ҳаракатларини садақаи жория ўлароқ ўзига ҳамроҳ айлаб, бу савоб ишлар учун ваъда қилган ажру мукофотларинг билан сийлагин! Ортда қолган аҳли-оиласи, фарзандлари, яқинларига ва бутун Ўзбекистон халқига сабру жамил ато айлагин!


Киритилган вақти: 05/09/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3314
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/istiqlolimiz-rahnamosi
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 15:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг