ИСТИҚЛОЛ ШАРОФАТИ ИЛА ТИКЛАНГАН ҚАДРИЯТ
Истиқлол йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олийжаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Мустақиллик йилларида муқаддас динимиз арконларини эмин-эркин бажо келтириш учун барча шароитлар яратилди. Хусусан, мамлакатимизда том маънодаги виждон эркинлиги таъминланди. Бу ҳақиқат, биринчи навбатда, диний қадриятларимиз ҳаётий мақомининг тикланиши жараёнида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда десак, асло хато бўлмайди.
Истиқлолнинг дастлабки йилидан бошлаб Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг умумхалқ байрами сифатида нишонлана бошлангани, айниқса муборак Рамазон ойининг кириши арафасида муҳтарам Юртбошимиз томонларидан чиқарилган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорлари бутун халқимизнинг қалбини фахр-ифтихорга тўлдирди десак, хато бўлмайди.
Дарҳақиқат, муқаддас динимиз арконларидан бири бўлган муборак Рамазон ойи инсоннинг жисмоний, маънавий ва руҳий покланишида асосий омиллардан бири бўлиб ҳисобланади. Бу ойда мўмин мусулмонлар ўртасида бир бирларига нисбатан меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталари янада мустаҳкамланади. Яқин қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, ёру-биродарлар, қолаверса бутун маҳаллада яшовчи кишилар ўртасидаги меҳр-шафқат ришталари янада маҳкам боғланади. Бундай хислатлар эса азал-азалдан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ўлмас қадриятларимиздандир.
Рамазон ойи раҳмат ва мағфират ойи, савобли ишларга ажру-мукофотлар бир неча баробар кўпайтириб бериладиган ой, гуноҳлардан покланадиган ой, инсонларнинг бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатлари ошиб-тошадиган ойдир. Бу ойда бир сабаб билан аразлашган ёру биродарлар бир-бирларига қучоқ очадилар, фарзандлар ота-оналарини хизматларини қилиб, уларнинг кўнгилларини хушнуд этиб, дуои хайрларини оладилар, баъзи миллий-маънавий қадриятларимизга ёт бўлган иллатларга одатланган кишилар эса, бу ойнинг шарофати билан ўзлари кўниккан бундай иллатларни бир умрга тарк этадилар.
Бу муборак ой Раббоний, Раҳмоний бир мактаб бўлиб, унинг эшиклари йилда мукаммал бир ой очилади. Рўзадорлар шу ойда Аллоҳ таолога тоату ибодат қилишни, гуноҳлардан тийилишни ўрганадилар, зеро бу ой кундузлари рўза тутиш, кечалари ибодат қилиш, Қуръони карим тиловат қилиш, садақа-ю, хайру эҳсон қилиш каби тоат-ибодатларни кўпроқ амалга ошириш ойидир.
Бир сабаб билан қариндошлари билан узилишиб қолган кишилар, бу ойда албатта, гиналарни унутиб, боғланишлари керак. Бирон бир киши “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам ҳам менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам буни асло эътиборга олмайдилар”, деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин. Пайғамбаримиз (с.а.в.) баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга буюрмаганлар, балки уларга чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам ҳақиқий қариндошдир”.
Шу ўринда яна бир муҳим қадриятларимиздан бири-қўшничилик одоби ҳақида. Пайғамбаримиз (с.а.в.) қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари нақадар муҳим эканлигига ишорат қилиб: “Жаброил алайҳисалом менга қўшничиликнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узоқ уқдирдиларки, мен ҳатто қўшнилар бир-биридан мерос олишни ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Муоз ибн Жабал (р.а.) ривоят қилиб айтадиларки: “Ҳабибим (Расулуллоҳ с.а.в.) буюрдиларки, қачон уйингда бирор шўрва каби таом пиширсанг, сувини кўпроқ сол ва қўшнингни оила аъзоларига ҳам бир миқдор насиба бериб, йўқлаб тургин, деганлар”. Қўшнининг ҳаққи тўғрисида ҳадиси шарифларда яна шундай дейилади: “Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор қувончли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйига мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларига ҳам улашмоқлик, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болаларини олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим”-каби ўгитларни айтган эканлар.
Қўшничилик одобларидан яна бири шуки, нафақат қўшнига зарар етказмаслик балки мабодо қўшнидан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтармасликдир.
Юқорида зикр этилган қариндошлик ришталари ва қўшничилик одоблари миллатимизнинг минг йиллик маънавий қадриятларидандир. Бугунги кунда ҳам биз ушбу ўлмас қадриятларимизга амал қилиб, фарзандларимизни ҳам ана шу қадриятлар асосида тарбия қиладиган бўлсак, айниқса, маънавий таҳдидлар авж олган бир даврда, халқни халқ, миллатни миллат қиладиган эзгу урф-одатларимиз, миллий-диний қадриятларимизга амал қилиб яшасак том маънодаги буюк миллат ва буюк халқ бўлиб, аждодларимизнинг ўлмас маънавий меросларига муносиб ворис бўлиб қоламиз, иншаоллоҳ.
Муборак Рамазон ойида хайрли, савобли амаллар билан умримизни, ҳаётимизни безайлик, нафақат Рамазон ойида балки, Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда “Савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар куни қилиш керак”.
Муҳтарам юртдошлар!
Муборак Рамазон ойида амалга ошириладиган энг эзгу қадриятларимиздан бири бу-ифторлик маросимларимиздир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) рўзадорга ифторлик қилиб беришнинг савоби улуғлигини таъкидлаб: “Кимки рўзадорга ифторлик қилиб берса, Аллоҳ таоло уни дўзах оташидан халос қилади” (Танбеҳул ғофилин, Абу Лайс Самарқандий) деган ҳадисларига амал қилиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Бундай хайрли ишларни ихчамгина қилиб, ҳар ким ўз хонадонларида ўтказишларини тавсия этамиз. Ифторликни тўйхона ёки ошхоналарда ўтказиш, мутлақо шариатимиз андозасига тўғри келмайди. Ёки бева-бечора, етим-есирларга, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга, меҳрибонлик ва қариялар уйларига сарфласак, иншаоллоҳ улуғ ажр-савобларга эришамиз.
Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойида тутаётган рўзаларимизни, тоат-ибодатларимизни, қилаётган савобли амалларимизни ўзининг фазлу карами ила қабул этиб, барчаларимизга улуғ ажру мукофотлар ато этсин.
Киритилган вақти: 18/06/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3407
Чоп этилган вақт: 08/11/2024 13:10