Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Истиқлол қадри

 
 

Мустақиллик тўғрисида гапирганда унинг мазмунини теранг англамоғимиз, маддоҳликка берилмасдан тарихий илдизларини англаб етишимиз, англаш баробарида унинг қийматини, кадрини идрок этишимиз ва албатта ундан баҳра олишимиз, баҳраманд бўлиш баробарида эса сабоқ ола билишимиз, ибрат ола билишимиз керак.

Мустақилликка шу санада эришилган, шу санадан бошланади, деб айтмоқ билан бу сўзнинг хаққини тўла адо эта олмаган бўламиз. Мустақилликка шоҳид бўлган авлодга бугунги кекса авлод бу ҳақда сўзлаганда сўзни мухтасар қилиб, фақатгина санаб ўтмоқ билан, эслаб ўтмоқ билан кифояланмасдан батафсил ва теран етказиши лозимки, токи ёш авлод эрк қадрини англасин.

Шунда ҳам барчасини қамрай оламизми?

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши;

Мусҳафи Усмонга қилинган эҳтиром;

Вақф сифатида Қуръони каримнинг халқимизга тақдим килиниши;

Бир вақт олдин тақиқда бўлган асарларнинг ва муаллифларнинг вақтли нашрларда мукаммал таҳлиллар билан намоён бўлиши;

«Ўтган кунлар», «Меҳробда чаён», «Кеча ва кундуз», ҳазрат Навойнинг «Муножот»и, «Бобурнома», «Темурнома», «Темур тузуклари», «Бухоро ёки Мовароуннаҳр тарихи», «Устоди аввал», «Муаллимус-соний», «Хатти муаллимин», «Ибодати Исломия», Куръоннинг маънолари таржимаси, «Тафсири ҳилол», …

Буларнинг ҳаммаси миллатнинг ўзлигини англаши, миллий ғурурини тиклаши, миллий мероси билан фахрланиши учун давлатимиз раҳбари томонидан, илғор зиёлилар томонидан катъият ва изчиллик билан амалга оширилди.

Давлатимиз биринчи Президенти томонидан собиқ иттифоқ анжуманлари минбарларида туриб ўша даврдаёқ биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ва хеч кимдан кам бўлмаймиз, бизнинг халқимиз азалдан бағри кенг бўлган ва шу бағрикенгликни, миллий тотувликни, диний тотувликни Ўзбекистон давом эттиради, деб дадил айта олди. Бу борада фидоийлик билан оқилона ва одилона сиёсат юритди-ки, нафақат қўшни қардош давлатларнинг, балки бутун дунё давлатларининг эътирофига сазовор бўлди.

Иқтисодий қарамликка барҳам берилиб, кўп тармоқли саноат тармоқлари яратилди, миллий иқтисодиётни вужудга келтириш борасида собитлик ва изчиллик билан босқичма-босқич ишлар амалга оширилди. Бунда барча ислоҳотлар инсон учун, давлат бош ислоҳотчи деган тамойилларга таянилди.

Иқтисодиётнинг ривожини, миллий мудофаанинг мустаҳкамлигини, миллатнинг жисмоний ва маънавий баркамоллигини таъминлаш бош масала бўлса, бу масаланинг бош ечими ёшларга ғамхурлик, ёш авлод тарбияси дея марҳум юртбошимиз бошқа мамлакатларда кам кузатилан ёшларга оид давлат сиёсатини оқилона олиб борди-ки, бунинг самараси – ислом университети, ўрта махсус ислом билим юртлари, «Соғлом авлод учун» жамғармаси, спорт мактаблари, мусиқа мактаблари, халқаро танловлар ва халқаро мусобақалар, уч босқичли спорт мусобақалари..., қўйинг-ки бугун ёшларимиз туфайли ЎЗБЕКИСТОНни бутун дунё танийди.

Бизнинг фарзандларимиз биздан кўра бақувват, биздан кўра билимли ва албатта биздан кўра бахтли бўлиши шарт деган шиор ҳозирги раҳбариятимизнинг ҳам ва ишонамизки, келажагимизнинг ҳам асосий шиори бўлиб қолади.

Зеро маънавияти паст ёки илм-салоҳияти саёз авлодгина четга мойил бўлиши, четга ҳавас қилиши мумкин. Ваҳоланки, илму-салоҳияти юқори, маънавий мероси юксак авлод ўзини ва ўзгаларни ёт зуғумлардан ҳимоя қила олади.


Киритилган вақти: 01/09/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2923
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/istiqlol-qadri
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 09:39
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг