Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Истиғфор ва тавбанинг фазилати

 
 

Инсон гоҳ билиб, гоҳида билмай хатолар қилиб қўяди. Ўзининг хатосини тан олган киши қайтиб бу ишни қилмасликка ҳаракат қилади. Инсон ўзи қилган ишларни тафаккур қилиши, хато қилганда тавба қилиш имконияти борлигини англаши лозим. Аллоҳ таоло хатокор инсонга унга имконият беради. Тезда хатосига жазо бермайди, токи у қилган гуноҳи учун тавба қилсин. Чунки У ўта меҳрибон ва шавқатли Зотдир.

“Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўтган ва келаси барча гуноҳларини мағфират қилинганига кафолат борлигига қарамасдан, у зот ҳар куни етмиш мартадан ортиқ истиғфор айтган ва тавба қилганлар”, дейилади Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда (Имом Бухорий ривояти).

Одам (алайҳиссалом) айтади: “Аллоҳ Муҳаммад умматига менга бермаган тўртта афзалликни берди: биринчиси, менинг тавбам Маккада қабул бўлди. Муҳаммаднинг уммати қаерда тавба қилса ҳам, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилади. Иккинчиси, мен осий бўлган вақтимда, Аллоҳ либосимни олиб қўйди, аммо Муҳаммаднинг уммати яланғоч ҳолда осий бўлса ҳам, Аллоҳ уларни либослантирди. Учинчиси, осий бўлган вақтимда аёлим билан орамиз ажратиб қўйилди. Аммо Муҳаммаднинг уммати осий бўлса-да, улар билан хотинларининг ораси ажратиб юборилмайди. Тўртинчиси, мен жаннатда осий бўлган эдим, Аллоҳ мени у ердан чиқариб юборди. Аммо Муҳаммаднинг уммати жаннатдан ташқарида Аллоҳга осий бўлади, лекин тавба қилса, Аллоҳ уларни жаннатга киритади”.

Ҳар бир мўминга тавба қилиш вожиб ҳисобланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“(Ҳуд алайҳиссалом ўз қавига айтганлари:) Эй қавмим! Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У осмондан устингизга барка ёмғири ёғдирар ва қувватингизга қувват қўшар. Жинятчи бўлиб кетманг!” (Ҳуд, 52),

Бошқа бир ояти каримада эса:

Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилинг, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса! У кунда Аллоҳ пайғамбари ва у билан бирга имон келтирганларни шармисор қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрар. Улар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирсан”, дерлар” (Таҳрим, 8).

Модомики, гуноҳ Аллоҳ билан банда орасида бўлар экан, бошқа бирон кишининг ҳақи аралашмаган бўлса, албатта, Парвардигор уни кечиради. Фақат учта шарт бажарилса:

1.Гуноҳдан буткул узоқлашиш.

2.Астойидил тавба қилиш.

3.Гуноҳга қайтмасликка аҳд қилиш.

Агар учликдан биронтаси бажарилмаса, тавба қабул бўлмайди.

Агар бошқа бирор кишининг ҳақи аралашган бўлса, юқоридаги учта шарт ва ўша кишини рози қилиш билан тавба қабул қилинади.

Кунларнинг бирида Робиъа Адавийянинг уйига тунда ўғри киради ва бир обдаста сувдан бошқа ҳеч нарса топа олмайди. У уйдан чиқиб кетиш учун эшик томон юраётганида Робиъа унга: “Эй фалончи, агар сен ростдан ҳам ўғри бўлсанг, уйимдан қуруқ чиқиб кетма”, деди. Ўғри талмовсираб: “Мен ҳеч нарса олганм йўқ”, дейди. Робиъа: “Обдастани олда, таҳорат қилиб, ҳеч бўлмаса икки ракат намоз ўқиб сўнг чиқиб кет”, дейди. Ўғри унинг айтганини қилади, таҳорат олиб, намоз ўқишга киришади. Робиъа осмонга қўлини кўтариб: “Эй Раббим, мана бу банданг менинг эшигимга келиб ҳеч нарса топа олмади, уни Сенинг даргоҳинга жўнатдим, фазлингдан бебаҳра қайтарма”, дейди. Ўғри икки ракаат намозни тугатиб, ибодат лаззатини бутун вужуди билан ҳис этади ва тонг отгунича ибодат қилади. Тонг чоғи Робиъа унинг олдига кирса, боши саждада Яратганга муножат қилар эди.

Эрталаб Робиъа унга: “Тунни қандай ўтказдинг”, дейди. “Раббим ҳузурида синиқлик билан ибодат қилдим, тавба ва истиғфор айтдим, хато ва гуноҳларим кечирилишини сўрадим”, деди.

Робиъа қўлини дуога очиб: “Парвардигоро, бу банданг соатлаб Сенинг даргоҳингга қўл кўтриб турибди, уни ноумид қўйма”, деб дуо қилади.

Не мақсадлар билан кирган ўғри обида аёлнинг дуоси билан обид банда бўлиб чиқиб кетди.

Аллоҳнинг даргоҳи кенг, қилган хатоларимизни кечириши шаксиз, имконият, вақт ғанимат бор, фойдаланиб қолайлик, азизлар!

Абдуқаюм Раҳмонов – Ургут туман “Абдуқаҳҳор” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 03/04/2020 10:56;   Кўрилганлиги: 1073
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/istigfor-va-tavbaning-fazilati
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 12:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг