Исроф барака заволи
Барчамиз ҳар йили келадиган Рамазон ойини катта қувонч ва хурсандчилик билан, қалбимиз сурурга тўлиб қарши оламиз. Сабаби муҳим ибодатлардан бири бўлган рўзани шу ойда тутишни Аллоҳ фарз қилди! Барчамиз иймонан савоб ва жаннат умидида, Аллоҳни ризоси-мағфиратига сазовор бўлиш учун Рамазон рўзасини тутишликка ҳаракат қиламиз.
Муборак Рамазоннинг фазилати битта рўза билан тугамайди, балки йилнинг бошқа ойларидан кўп фазилатлари билан ажралиб туради. Муборак Рамазон ойининг йилнинг бошқа ойларидан ажралиб турадиган фазилатларидан бири осмон эшикларининг очилиши, дўзах эшикларининг ёпилиши ва шайтоннинг занжирбанд қилинишидир. Пайғамбаримиз дедилар:
عَن أَبَي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم. "إِذَا دَخَلَ شَهْرُ رَمَضَانَ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ السَّمَاءِ وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ جَهَنَّمَ وَسُلْسِلَتْ الشَّيَاطِين "
رواه البخاري
“Агар Рамазон ойи кирса осмон эшиклари очилади ва жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар занжирбанд қилинади”.
Яъни осмон эшиклари очилишидан мурод мўминнинг тавбаси, истиғфори, дуолари учун эшикларни очилишидир. Осмон эшиклари очилганда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади ва банданинг қалбига тушиши натижасида қалб яйрайди, қалб яйрагандан сўнг банда рўза тутади, савобга интилади, ибодат қилади, хайрли ишларни кўпайтиради. Жаҳаннам эшиклари ёпилиши: Аллоҳнинг раҳмати қалбга тушганда банда гуноҳдан қочади яъни дузахга олиб борадиган гуноҳлардан тийилади, натижада у учун дўзах эшиги ёпиқдир. Аллоҳнинг раҳмати қалбга тушганда қалбдаги эътиқод мусаффолашади, мустаҳкамлашади. Мустаҳкам эътиқодли кишилар васвасага учрамайди, йўлдан озмайди натижада шайтон кишанланган ҳисобланади.
Рамазон ойида эзгу ишларимиз кўпаяди. Эзгу ишларимиз кўпайганда хайрли ишларни қилишга малака, одат ҳосил бўлади, натижада кўп иллатларга даво топамиз.
Сунги пайтларда маънавиятимизга ҳам моддиётимизга ҳам ўзининг зарарли таъсирини ўтказаётган иллатлардан бири исрофдир.
Исроф сўзи араб луғатида “чегарадан чиқиш” ва “бир нарсани қасдан унутиш” деган маънони англатади.
Уламоларимиз айтади: Инсон қиладиган ҳар бир ишда чегарадан чиқиши исрофдир.
Қуръони карим ва араб тилида исроф сўзини эгизаги “табзир “ сўзи ҳам бўлиб, уруғни сочиш маъносида ҳам келади, яъни молни олди – ортига қарамасдан сочиш тушунилади.
Аллоҳ Таъоло айтади:
كُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِ و
“Енглар ва ичинглар ва исроф қилманглар”.
Кўпинча ортиб қолган овқатларни ташлаб юборишни исроф деб тушунамиз, аммо қорин туйгандан кейин ортиқча тоам ейишни ҳам исроф эканлигини биламизми ? Ортиқча еб қорин бандаси бўлиш ҳам инсониятга хос эмас. Ҳозирги даврнинг кўпгина касалликларига мана шу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда.
Аҳли китоблардан бўлган бир киши сизларнинг Қуръонингизнинг ушбу яримта оятига бутун тиб илми жойлаштирилган экан деб мазкур оятни ўқиган экан. Афсуски бу ҳақиқатни тушуниб етмаймиз. Ислом ҳар соҳада муътадил йўлни тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-кечак масаласида ҳам муътадил бўлишга буюради.
Аллоҳ Таоло айтди:
إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُوا إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ ۖ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُورًا
“Албатта исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир, Шайтон эса Роббисига ўта ношукр бўлгандир”.
Исрофгарлар неъматни қадрига етмайдилар, унга шукр этмайдилар. Агар шукр этганларида ҳеч бир неъматни исроф қилмаган ва ноўрин, ноҳаққа, ҳаром-ҳаришга сарфламаган бўла эдилар. Улар бу борада шайтонга биродардирлар. Шайтон эса ўта ношукрлиги билан донғи кетган. Шайтонга биродар бўлганни бошига ҳам шайтонни бошига тушган балою офатлар тушиши турган гап.
Ҳозирги вақтда маросимларнинг тури кўпайиб исроф деган нарса урчиб кетди. Вафот этган марҳумларни ёд этиш, дастурхон ёзиб, савобини ўтганларга етказиш маъносида қилинадиган маросимлар ва туй маросимлари, турли катта-кичик зиёфатларда бу ҳолатларни кўп кузатаяпмиз. Шу кунларда халқимизни саҳовати янада ошиб ифторликлар қилиняпти, ушбу ифторликлар ҳам ўз ўрнида қилинса Яратганни даргоҳида қабулдир. Ноўрин, дабдабабозлик қилиниб кафе, рестаранлар,туйхоналарда қилиниши ҳам исрофдир. Хонадонларда ҳам ортиқча тоамларни қилиш исрофдир. Уни ўрнига дастурхонларни меъёрлаштириб одам сонини камайтириб ортиқчасини кам таъминланганлар, бева-бечораларга берилса эҳсонларида исроф бўлмайди.
Пайғамбаримиз таҳорат олаётган Саъдни ёнидан ўтаётиб бу қандай исрофгарчилик эй Саъд дедилар. Эй Расулуллоҳ таҳоратда ҳам исроф бўладими деди. Пайғамбаримиз ҳа ҳатто оқиб турган дарёда бўлсанг ҳам дедилар.
Таҳорат бу поклик, Аллоҳ фарз қилган ибодатдир. Шунда исроф мумкин эмас экан, ибодат бўлмаган бошқа нарсаларда албатта мумкин эмасдир.
Ота-оналар фарзандларига яхши ахлоқни ўргатсин уни ёмон одатлардан, неъматлар исрофи ва ношукрликларни гуноҳлигини ўргатиб, бу масалада ўзлари ўрнак бўлсинлар.
Киритилган вақти: 24/05/2018 00:00; Кўрилганлиги: 2001
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 11:54