Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИСЛОМДА СИЛАИ РАҲМ

 
 

Динимиз исломда силаи раҳмга ниҳоят даражада катта эътибор қилинган бўлиб, кўплаб оят ва ҳадисларда силаи раҳмнинг фазилати, аҳамияти ва зарурати такрор-такрор уқтирилади. Мўъминларнинг асосий сифатлари баён қилинган оятларда уларнинг қариндош уруғлар билан алоқани боғлашлари ҳақидаги сифатларига ҳам алоҳида урғу берилади. Бунинг муқобилида эса бузғунчи бўлган қавмларнинг ёмон сифатлари зикр қилинганда, уларнинг Аллоҳ буюрган ришталарни узишлари ҳақида яъни силаи раҳм қилмасликлари ҳақида хабар берилади. Албатта, бу бежиз эмас. Динимизнинг силаи раҳмга бу қадар юксак аҳамият қаратиши унинг нечоғли аҳамиятга молик иш эканидан далолатдир.

Ислом дини аввало, инсонларни покликка, бир-бирларига яхшилик қилишликка буюриб, ёвузликдан ва зулм қилишликдан қайтаради. Муборак динимиз таълимотида мусулмон кишининг зиммасига шариат томонидан бир қанча хақ-ҳуқуқлар юклатилади. Улар Аллоҳ таолонинг ҳаққи, сўнг ота-онаники, аҳли аёли ва қавму-қариндошларнинг ҳақларидир.

Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай марҳамат қилдилар: “Кимни Аллоҳ таоло ризқини кенг қилиши ва ажалини кечиктириши қувонтирса, у силаи раҳм қилсин”[1].

Силаи раҳм дейилганида, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш тушунилади. Соддароқ қилиб айтганда, қавм-қариндош, ёру биродарлар билан ўзаро борди-келдини узиб қўймаслик, доимо қондошлар, айниқса, улар орасидаги бетоблари ва ҳожатмандлари ҳолидан хабар олиш, қўлдан келганича уларнинг оғирини енгил қилиш каби улуғ инсоний фазилатларга силаи раҳм дейилади.

Ҳадиси шарифларида келишича уч кишининг дуоси ижобат бўлмайди: ота-онасига оқ бўлган, фолбинга ишонган ва қавму-қариндошлик ришталарини узган инсонларни. Минг афсуски, кейинги пайтларда арзимаган муаммолар туфайли ота-онага қўпол оҳангда муомалада бўлиш, ака-укалар ўртасидаги тушунмовчиликлар, қайнона-келин ўртасидаги ўзаро ҳурматсизлик ёки уруш-жанжаллар келиб чиқиши ва шу каби яқин кишилар ўртасидаги қариндошчилик ришталарига путур етаётганлигини ва амалдор ҳамда бадавлат кимсалар ўзининг яқин қариндошларига кибр-ҳаво билан сўзлашишларини кўриб, бунга ачинасан, ҳайратга тушасан киши.

Маълумки, Аллоҳ таолонинг муқарраб бандалари пайғамбарлар ва авлиёлар ҳам фақирона, оддий ҳаёт кечиришган. Яратган зот хоҳлаган-бандаларини дард билан, бойлик ёки фақирлик билан имтиҳон қилади. Аллоҳ таоло учта улуғ неъматини уч нарса ичига яширган.

- Розилигини ибодатлар ортига ва катта-ю кичик яхши амаллар орасига,

- Қаҳр-ғазабини гуноҳ амаллар ичига,

- Ўзига яқин бўлган бандаларини эса инсонлар орасига беркитди.

Шунинг учун барчага бирдек хуш муомалада бўлмоқ зарур. Бирор кишини но ўрин хафа қилиб қўйишдан, қалбига озор етказишдан эҳтиёт бўлиш керак.

Инсонларнинг тақдири, ҳаёт кечиришлигини яратганнинг ўзи белгилайди. Аммо одамлар бир-бирининг амалига, бойлигига, кийинишига қараб туриб, муомала қилиш жоҳилликдир. Ақилли мусулмон одам барчага бирдек муомалада бўлади, бировни камситмайди, қариндошлари, яқинлари олдидаги ҳақ-ҳуқукдарини ҳис қилади ва уларни тўлиқ адо этади. Барчага қўлидан келганча яхшилик қилади, шоҳу гадо билан бир хил сўзлашади. Ахир Ислом дини бизни доимо аҳил-тотув, бирдам бўлиб яшашга, бир-биримизга меҳр-оқибатли ва мурувватли бўлишлигимизга чорлайди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади: “Эй иймон келтирганлар, мўминлар, бир-бирларингиз учун ака-укадирсизлар”.

Шундай кимсалар борки улар дўстларининг ҳолидан хабар олади, бироқ уйида ота-онасини, қариндош-уруғлари, ёши катта бобо ва бувиларидан ҳол-аҳвол сўраш, уларни йўқлаб туриш ёдларига ҳам келмайди.
Баъзида эса кўчадаги етти ёт бегона танишларининг гоҳи ҳазил, гоҳи чин гапларига кўникиб кетган, аммо ўз ота-онасининг опа ёки акасининг гапларини малол олувчилар ҳам топилади. Яшаш уйларини қават-қават қилиб қуришиб, лекин имкони бўла туриб ўз жигарлари, қариндош-уруғларининг кулбасини янгилаб бериш хаёлига ҳам келмаганлигини кўриб таажжубланасиз.

Пайғамбаримиз (с.а.в): “Қариндошлари билан алоқани узган киши жаннатга- кирмайди”, дея таъкилдаганлар. Инсон учун силаи раҳм қилишга энг ҳақли киши унинг яқинлари яъни оиласи, ота-онасидир. Ундан кейин ака-ука, опа-сингил, ота ва онанинг қариндоншари ҳам силаи раҳм қилинишига ҳақли бўлган кишилардир.

Шуни яхши билиш керакки, ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошларга яхшилик қилиш силаи раҳмнинг энг аввалги поғонасида туради. Зеро, ота-она ва ака-укалар киши учун энг яқин қариндошлар ҳисобланадилар. Ота-оналарга яхшилик қилиш бир томондан силаи раҳм жиҳатидан, иккинчи томондан эса Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда алоҳида буюрилган “бирру-л-волидайн” яъни “ота-онага яхшилик қилиш” жиҳатидан матлуб амал ҳисобланади. Гоҳида киши қариндош-уруғларининг айримлари билан қайсидир тушунмовчилик туфайли урушиб қолиши, ўрталарида совуқчилик пайдо бўлиб қолиши мумкин. Лекин, бу ҳолатлар ҳам силаи раҳмни узишга сабаб бўлмаслиги керак. Гарчи қариндошингиз сизни ноҳақ хафа қилган бўлса ҳам, борингки, у сиз билан алоқани узган бўлса ҳам сиз узмаслигингиз лозим бўлади.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда келишича, бир куни бир киши Набий (с.а.в.) ҳузурига келиб: “Ё Расулаллоҳ, менинг шундай қариндошларим борки, мен улар билан алоқа қиламан, улар эса мен билан алоқани узадилар, мен уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қайтарадилар, улар менга жоҳиллик қиладилар, мен эса уларга ҳалимлик, юмшоқлик қиламан”, - дея нодон қариндошларидан шикоят қилди. Шунда Набий (с.а.в.) шундай дедилар: “Агар иш сен айтгандек бўлса, унда билгинки, сен уларга қайноқ чўғни едираётган экансан. (Яъни хафа бўлма, сен улардан мағлуб эмас, балки, ғолиб бўлаяпсан. Зоҳирдан улар сенга зулм ўтказяптилару, аммо ютқазмоқдалар). Модомики, сен улар билан шундай муомалада экансан, доимо Аллоҳ томонидан юборилган бир ёрдамчи (фаришта) сен билан бирга бўлур”.

Демак, силаи раҳм яхшиликка яхшилик билан, борди-келдига бориш билан жавоб қайтариш эмас, балки, ёмонлик кўрилса ҳам, жафо кўрилса ҳам қариндошларга яхшилик қилиш, эътиборсизлик қилаётган қариндошга ҳам эътибор бўлар экан.

Ҳадиси шарифда ривоят қилинишича, ҳақиқий силаи раҳм қилувчи деб мукофотлагувчини айтилмайди. Яъни бир қариндоши қайсидир яхшилиги учун яхшилик билан жавоб қайтариш, ёки меҳмонга чақиргани учун меҳмонга чақириш бу силаи раҳм эмас, балки, мукофотлаш, яхшилигини қатариш бўлади. Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи инсон, гарчи қариндоши у билан алоқани узса ҳам силаи раҳм қилади.

Шунинг учун қариндоилик ришталарини асраб-авайлаш, яқинларга хуш муомалада бўлиш, уларнинг яхши ва ёмон кунларида ёнида бўлишликни асло унутмаслик зарур.


[1] Бухорий ва Термизий ривояти.


Киритилган вақти: 16/09/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3497
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/islomda-silai-rahm-
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 10:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг