Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИСЛОМДА АЁЛ НИМА УЧУН ҚАДРЛАНАДИ?!

 
 

Дунё тарихида бирор бир жамият ёки тузим, аёл зотини Ислом ардоқлаганчалик қадрламаган ва унга эҳтиром кўрсатмаган. Мусулмон бўлмаган кишилар ҳаётига назар солсак, уларда аёл зотига нисбатан асосан икки хил қараш шаклланганини кўришимиз мумкин. Улардан бири салбий, яъни аёлнинг ёмонликлар боиси сифатидаги қараш ва иккинчиси — аёлнинг гўзал хилқат экани ҳақидаги талқини.

Аёлларга нисбатан салбий қарашлар жоҳилиятдаги араблар даврида ор-номус масаласида акс этган бўлса, яхудий ва насаролар орасида эса Иблиснинг ёрдамчилари сифатида акс этган[1].

Шу билан бир қаторда мазкур халқлар орасида аёлга нисбатан ижобий қарашда бўлган кишилар ҳам бўлган. Аммо, бу ижобий қараш, ўша аёлнинг хусн-жамолинигина акс эттирган.

Замонлар ўтиши билан барча халқлар орасида аёлларга нисбатан ижобий тушунчалар, салбийлари ўрнини эгаллаб борди. Аммо билишимиз лозим бўлгани шуки, аёлни фақатгина гўзаллиги учун қадрлашлик, том маънода аёлларга нисбатан қадр эмас, балки қадрини пастга уришдир.

Ҳозирда аёл зотини фақатгина гўзаллиги учунгина қадрланадиган Оврупа ва Океан орти диёрларида, аёллар ўзларини гўзал кўрсатиш борасида мусобақа бошлаганлар. Чунки у ердаги аёллар дунёқарашида, аёлнинг гўзаллиги унинг энг катта бойлиги саналади.

Бас, ана шу бойликларини кўз-кўз қилиш мақсадида, ярим яланғоч кийимларда очиқ таналарини кўз-кўз қилиб, ўзларини хар куни турли ҳолатга солмоқдалар.

Олдинлари юзларига оддий бўёқ чаплаб юрганлар, эндиликда ўша бўёқни нина орқали териларига жойлаштирмоқдалар. Тиббиёт мутахассислари, бу каби сохта гўзаллик уларнинг соғликларига қимматга тушишини таъкидласалар ҳам, улар бундан воз кечмаяпдилар.

Чунки улар, шу биргина бойлик-гўзалликни йўқотиб қўйишдан қаттиқ қўрқадилар, зеро бу, улар учун ҳалокатдир. Воқеъликдаги ҳолатлардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, аксар гўзал хонимларнинг ахлоқларида худбинлик ва бадхулқликни кўришимиз мумкин.

Энди Исломда бу масалага қандай ёндашилган? Ахир барча аёллар ҳам яратилиш жиҳатидан кўркам бўлиб дунёга келмайдилар-ку. Ёки бўлмаса, барча аёллар ҳам ўзларини парваришлаш ёхуд чиройли либослар сотиб олишга имкониятли бўлмайдилар-ку?! Шу мавзуни, динимиз кўрсатмаларига биноан ёритиб беришни мақсад қилдик.

Исломда авваламбор аёл — инсоният силсиласини давом эттирувчи мўътабар зот, она сифатида қадрланади. Қолаверса, эркак учун умр йўлдош, таскин ва осойишталик тимсолидир. Қуръони каримда бу хусусда шундай дейилади:

وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً

إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

яъни, “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир.” (Рум сураси, 21-оят)

Дунё халқлари орасида аёлга нисбатан номуносиб қарашлар авж олган вақтда, Ислом бундан ўн беш аср муқаддам аёлнинг шарафи, иффати ва ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб берганди. Инсониятнинг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом, аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб беришда фақат ислом умматига эмас, бутун кишилик жамиятига ибрат бўлдилар.

Ўз ўрнида мусулмонлар ҳам аёлга бўлган муносабат қандай бўлишини бутун дунёга исботлаб қўйишди. Айнан мана шу тамоил, бутун дунё халқлари онгида аёлга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром куртаклари ёйилишига сабаб бўлган бўлса ажаб эмас.

Чунки тарихга назар солсак, аёлларга нисбатан шафқат ва тенгҳуқуқлилик масаласида бирор бир миллат, мусулмонлардан пешқадам бўлганига гувоҳ бўлмаймиз.

Исломда эркакларга ўз аёлларига нисбатан яхши муомалада бўлиш, уларни хорламаслик, илм олишига ва динини ўрганишига шароит яратиб бериш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган.

Динимиз ҳатто уруш пайтида ҳам аёллар ва болаларни ўлдиришни ман этган. Қуръони Каримда аёл ҳақида кўп оятлар нозил қилинган. Ҳатто бутун бошли бир сура “Нисо” деб номланади ва уларда аёлларга тегишли масалалар батафсил айтилган.

Ислом таълимоти аёлни улуғлабгина қолмади, балки эркакка берган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларни аёлга ҳам берди. Комил инсон бўлишнинг асосий омили илм олишни, эркак ва аёлларга баробар фарз қилди. Эркаклар молиявий муомалаларда қандай ҳуқуқларга эга бўлишса, аёллар ҳам худди шундай ҳуқуқларга эга бўлдилар.

Динимиз таълимотларига риоя қилган ҳолда жони, соғлиғи, ақлини сақлаш ва ривожлантириш, ақлий ва жисмоний ислоҳоти билан боғлиқ бўлган ҳамма ишда аёл эркак билан баробар ҳуқуққа эга.[2]

Қуръони каримда яхшилик ишларни амалга оширишда эркак ва аёл баробар экани таъкидланади, жумладан “Нисо” сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

وَمَنْ يَعْمَلْ مِنَ الصَّالِحَاتِ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ

وَلَا يُظْلَمُونَ نَقِيرًا

яъни: “Ким – у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124-оят).

Бизга маълумки Қуръони Карим, қиёмат кунигача барча мусулмонларнинг дастури амали ҳисобланади. Унда эркаклар билан бир қаторда аёлларнинг тенгма-тенг зикр қилиниши, уларнинг даражалари эркаклардан кам эмаслигини исботидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

яъни: “Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир”. (Аҳзоб сураси, 35-оят).

Динимиз аёлларни мўътабар инсон сифатида қадр-қийматларини ниҳоят даражада юқори баҳолайди. Динимиз таълимотларида она, опа-сингил ва қиз фарзандларни ардоқлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш борасида кўплаб тавсиялар мавжуд.

Эътибор қаратадиган бўлсак, бу маълумотларда аёлнинг ташқи гўзаллиги эмас, балки аёлнинг, аёл зоти бўлганлиги учун эҳтиром қилиш биринчи масала саналади. Бас шундай экан, Исломда аёл зоти бошқа халқлардан фарқли ўлароқ, доимо ардоқланган ва уларга Аллоҳ таолонинг нозик хилқати сифатида шафқат назари билан қаралган.

Биз бу сўзимиз билан, “бошқа халқларда аёлларга эҳтиром кўрсатилмаяпди” - деган фикрдан йироқмиз. Ҳозирда, бошқа халқларда ҳам, тарихдагидан фарқли ўлароқ, аёлларга яхши муносабатда бўлинмоқда. Аммо масаланинг бир нозик жиҳати борки, уни зикр қилмасак, булар орасидаги фарқни тушуниш қийинроқ бўлади.

Оврупа ва Океан орти мамлакатларида аёлларга нисбатан эҳтиром маданият сифатида талқин этилади. Мусулмонлар орасида эса бунга, илоҳий таълимот сифатида қаралади. Чунки аксар мусулмонлар, жаннат оналар оёғи остида эканини[3] ёки Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам инсонлар ичида оиласига энг яхши турмуш ўртоқ бўлганларини[4] ёхуд Қуръонда ҳам Аллоҳ таоло ўғил фарзанддан олдин қиз фарзандни зикр қилганини билишади[5].

Энди таҳлил қилиб кўрайлик, бизни олдимизда иккита иш турибди. Улардан бири бизнинг наздимизда “маданиятли кишиларга хос, яхши” саналган иш бўлса, иккинчиси наздимиздаги “маданиятли кишиларга хос, яхши ва ажрга эга қиладиган ибодат” амалидир.

Жавоб маълум. Албатта инсон улардан фазилатли сифатга эга бўлганини танлайди. Бас шу омиллар сабаб, мусулмон халқларда бошқаларга нисбатан аёлларга эҳтиром юқори ва давомлидир.

Шу билан бир қаторда аёллар борасида уларнинг ўзларига хос масулиятлари ҳам белгилаб қўйилганки, бу масъулият уларнинг жамиятдаги энг олийжаноб аёл бўлишлари ва уларда ёмон хулқларни шаклланмаслигига хизмат қилади.

Аллоҳ таоло барча аёлларимизни ўзининг ҳимоясида сақласин ва уларни Ўзининг ҳидоятидан адаштирмасин!

Адабиётлар рўйхати:

1. Абу Тойиб Муҳамад Сиддиқхон ибн Ҳасан ибн Али ибн Лутфуллоҳ Ҳусайний ал Бухорий. “Ҳуснул усват бима сабата миналлоҳ ва росулиҳи фин нисват” китоби. “Рисола” нашриёти. Байрут. 1981 йил.

2. Али ибн Ҳисомиддин ал Муттақий ал Ҳиндий. “Канзул уммал” китоби. “Рисола” нашриёти. Байрут. 1989 йил.

3. Шайх Муҳамад Содиқ Муҳамад Юсуф. “Тафсир ҳилол” китоб. “Шарқ” нашриёти. 2014 йил.

“Muslim.uz” сайти.



[1] Тарихий манбаларга кўра араб оилаларида қиз фарзанд туғилса, уларни тириклайин ерга кўмиш одати мавжуд эди. Бу ҳақда Қуръон Каримда ҳам маълумот берилган. Чунки, у жамиятда аёлларнинг қадри топталганлиги боис, бу масала уларда ор-номус масаласи эди. Яхудий ва насароларда эса, аёлларга нисбатан салбий қарашлар кенг тарқалгани маълум ва машҳурдир.

[2] “Muslim.uz” сайти.

[3]Расулуллоҳ (сав) дедилар: “...Уларнинг (ота-онангни) хизматларида қоим бўл. Албатта жаннат уларнинг оёқлари остидадир”. (Таб


Киритилган вақти: 20/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3246
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/islomda-ayol-nima-uchun-qadrlanadi
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 09:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг