Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ислом динида инсон манфаатларининг ифодаланиши

 
 

“Кишиларни ижтимоий ҳимоялаш ва уни кафолатлашнинг кучли, таъсирчан механизми бўлгандагина бозор иқтисодиётига собитқадамлик билан ўтишни таъминлаш, таркибий қайта қуришни амалга ошириш, ижтимоий-сиёсий барқарорликни сақлаган ҳолда ишлаб чиқариш муносабатларини тубдан ислоҳ қилиш мумкин”[1].

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгач, жамиятимизнинг барча жабҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг замирида, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон манфаатларини энг олий қадрият сифатида эътироф этиш каби ғоялар бош мақсад сифатида мустаҳкамланган. Шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида, аввало, инсон манфаати, унинг қадр-қимматининг улуғворлиги ётади. Жорий 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳам бу бора олиб борилган ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимиз – ислом динида ҳам инсон, шахс манфаати энг биринчи ўринга қўйилади. Зотан, ислом динининг нозил қилинишининг бош сабаби ҳам ва бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон манфаатини олийларга кўтариш эди. Қуръони каримнинг бир қатор ўринларида бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Инсон манфаатлари ҳақида сўз юритилар экан, аввало ислом дини инсон зотига дунёдаги барча нарсалар унга беминнат хизмат қилиши учун яратилган зот сифатида қарашлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим. Ислом инсон учун лозим бўлган маънавий ва моддий манфаатлар уйғунлигини ўзида мужассам эта олган диндир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Исро” сурасида:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَىٰ كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلا

“Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик” [2] , деган.

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи манфаати учун зарур бўлган барча нарсаларни муҳайё қилди ҳамда уни икки дунё саодатига етказадиган қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Шубҳасиз, бу дунёда ҳам охиратда ҳам бу афзаллик ва неъматларнинг масъулияти ва жавобгарилиги бор.

Демак, исломда инсон манфаатлари ҳақида гап кетар экан, Аллоҳ таоло томонидан азиз ва мукаррам қилиб кўйилган зотлар – Одам фарзандларининг маънавий манфаатлари ҳақида сўз боради. Чунки, инсон ва жамият ҳаётини гўзал қилувчи энг асосий воситалардан бири – бу маънавий манфаатлар ҳисобланади.

Шунингдек, муқаддас динимизда инсонинг кишилик жамиятида ўз қадрига эга бўлиши билан бир қаторда бошқаларни ҳам ўз мавқеига қараб қадрлаш ҳам талаб этилади.

وَقَضَىٰ رَبُّكَ ألا تَعْبُدُوا إلا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا ....

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. ...”[3]

فَآتِ ذَا الْقُرْبَىٰ حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ ۚ .....

“Бас, қариндошга, мискинга ва мусофирга ҳаққини беринг. ... “[4]

... لا تَعْبُدُونَ إِلَّا اللَّهَ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَذِي الْقُرْبَىٰ وَالْيَتَامَىٰ وَالْمَسَاكِينِ وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا ...

“... Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга яхши гаплар айтинг, ...”[5]

Инсоннинг моддий манфаатлари ҳам алоҳида эътиборга молик бўлиб, Қуръони каримда молу дунёга муносабатда бўлишда шахснинг манфаатлари жамият манфаати билан уйғунлашган ҳолатга етса мукаммал бўлиши таъкидланади ҳамда ҳар бир мусулмон киши шунга буюрилади:

﴿َابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلا تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِن كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ و لا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لا يُحِبُّ الْمُفْسِدِين

“Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта, Аллоҳ бузғунчиларни суймас”[6].

Оятда айтилганидек, мусулмон одам, аввало, Аллоҳ берган молу дунё билан охират савобини излаб, хайрли ишларга сарфлайди. Ҳаром-хариш, гуноҳ, фисқу фужур ва беҳуда ишларга сарф этмайди. Шунингдек, мусулмон одам охиратни ўйлаб, бу дунёсини ташлаб ҳам қўймайди. Чунки, шахснинг манфаати ўзликка хос бўлиб, бошқанинг манфаатидан устун туради. Шу сабабли ислом динида эҳсон, нафақа қилишга буюрилганда аввало инсон ўз зарурий эҳтиёжларин[7] қондириши кераклиги таъкидланади.

وَعَنْ جَابِرٍ : أَنَّ النَّبِيَّ ? قَالَ لِرَجُلٍ : « ابْدَأْ بِنَفْسِكَ فَتَصَدَّقْ عَلَيْهَا ، فَإِنْ فَضَلَ شَيْءٌ فَلأَهْلِكَ ؛ فَإِنْ فَضَلَ عَنْ أَهْلِكَ شَيْءٌ فَلِذِي قَرَابَتِكَ ؛ فَإِنْ فَضَلَ عَنْ ذِي قَرَابَتِكَ شَيْءٌ فَهَكَذَا وَهَكَذَا » . رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُد وَالنَّسَائِيُّ .

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир саҳобийга айтдилар: “Садақани ўзингдан бошла, агар ўзингдан ортса оилангга[8], оилангдан ортса қариндошларингга ва ҳоказо ва ҳоказо.” Имом Аҳмад,Муслим, Абу Довуд ва Насоийлар ривоят қилишган.

Ислом динида шахс ва жамият манфаати бир-бирига мутаносиб равишда адолат билан қаттиқ ҳимоя қилинади:

﴿إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ وَإِيتَاءِ ذِي الْقُرْبَىٰ وَيَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ ۚ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ﴾

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади ва фаҳшу мункар (ишлардан) ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур, шоядки эсласангиз”[9].

Аллоҳ таоло “адолатга” амр этди, зеро адолат шахс ва жамиятнинг манфаатини тутиб турувчи асосдир. Аллоҳ таоло буюрган бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга унинг инсоний манфаатидан келиб чиқиб, одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавои нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошчиликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифлиликка қараб муомала қилинмайди. Ҳамма учун ўлчов баробар. Бундай соф адолатни ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда, тузум ёки динда бўлмаган.

Шунингдек, бошқа оятда: “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан хабардор зотдир”[10].

Биз зикр қилган адолатнинг бир неча турлари бор шулардан:

1. Банданинг Аллоҳга бўлган адолати, яъни Аллоҳнинг амрларини бажариш.

2. Банданинг нафси билан жисми ўртасидаги адолати. Яъни, ўзини ҳалок этувчи моддий ва маънавий фалокатлардан узоқ тутиш.

3. Инсонлар орасидаги адолат, яъни инсофли бўлиш, бошқаларнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик, сўз ва феъли билан ҳеч кимга зиён етказмаслик.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир киши алдов билан бир мусулмоннинг ҳаққини олса, Аллоҳ унинг жаҳаннамга киришини вожиб қилади ва жаннатни ҳаром қилади” дедилар. Шунда бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Агар у ҳақ қийматсиз бир нарса бўлсачи”? деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳатто, мисвок дарахтидан бир шоҳ парчаси бўлса ҳам” деб таъкидладилар.

Исломда инсон манфаатларини ифодаланишини муқаддас динимизнинг асоси бўлган Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларидан мисоллар келтириб мухтасар ҳолда кўриб чиқдик. Бу заминда азалдан ҳар бир инсон ўз қадрини топган. Дарҳақиқат, кириб келган жорий 2017 йилни ҳам “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муқаддас динимизнинг асослари ва миллий ўзлигимизнинг минг йиллик қадриятларини узвий равишда ҳаётимизга татбиқ этишни ўзида ифода этади.


[1] Каримов И.А. Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. 1-том. – Т.: Ўзбекистон, 1996. – 119-б.

[2] “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”. А. Мансур. Т:, ТИУ. 2004. “Исро” сураси, 70-оят таржимаси.

[3] “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”. А. Мансур. Т:, ТИУ. 2004. “Исро” сураси, 23-оят таржимаси


Киритилган вақти: 10/01/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1724
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/islom-dinida-inson-manfaatlarining-ifodalanishi
Чоп этилган вақт: 17/09/2021 20:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг