Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИНТЕРНЕТ Ё САОДАТ, Ё ҲАЛОКАТ!!!

 
 

Ҳозирги тез суратда ривожланиб бораётган даврда ҳар қандай юмушни бир жойда ўтирган ҳолатда бажариш имкони пайдо бўлди. Ҳатто коммунал тўлов ёки бошқа харажатларни ҳам уйда ўтириб, уяли алоқа воситалари, компютер орқали бир зумда бажарамиз. Биз қизиқаётган ҳар қандай маҳсулот ёки бизни қизиқтирган ҳар қандай саволни интернет тармоғига уланиб, излаш хизматига киритсак бас, у ҳақда, унинг таркибий тузилиши, ҳатто нархларини ҳам билиб олиб, уни ҳарид қилишимиз мумкин ёки бўлмаса саволларимизга тўлиқ жавоб олиб муаммомизни ҳал қилиб олиш имконига эгамиз. Дунёнинг нариги чеккасида бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан бир зумда хабардор бўламиз. Айниқса ижтимоий тармоқлар орқали бир биримиз билан суҳбатлар қуриб, аҳлимиздан хабар олиб, маълумот алмашиниб туриш учун ҳам интернет жуда қулай воситага айланиб қолди. Унга шу даражада боғланиб қолдикки, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолгандек гўё.

Оқнинг қораси, яхшининг ёмони бўлганидек интернетнинг ҳам инсон ҳаёти учун салбий оқибатлари борлиги гоҳида ёдимиздан кўтарилиб қолади. Интернетда инсон манфаатлари учун хизмат қиладиган маълумотлар бўлиши билан бирга, кишини маънан қуйи поғоналарга туширадиган, инсонийлик фазилатларини йўқотиб, ҳайвонлик хирсларини урчитадиган маълумотлар тарқатилаётгани кишини ажаблантиради. Айниқса ёшлар онгини заҳарлаш, соф Ислом динини булғаш мақсадида динимиз ривожига кўз олайтирган айрим ғаламис кимсаларнинг террористик ҳамда экстремистик ғояларга йўғрилган маълумотларни тарқатаётгани ва билиб билмай уларнинг ёлғон алдовларига ишониб, киндик қони тўкилган она юртини, ватанини ташлаб ғаним сари юзланаётган инсонларнинг учраши нақадар ачинарли ҳолат.

Яқинларингизни огоҳлантиринг!!!

"Ахборот асри" деб аталаётган ҳозирги замонда маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси интернетдир. Бироқ бу тармоқда ҳамма нарса аралаш – қуралаш, оқ билан қора, эзгулик билан ёвузлик ёнма-ён. Маълумот тарқатиш, бизнес ва реклама учун катта майдонга айланган глобал тармоқни назорат қилишнинг умуман имкони йўқ. Шунинг учун ҳам "ўргамчак тўрида"да бузғунчи ғоялар тарғиботи ва террорга чақириқлар жуда кўп учрайди.

Соғлом ақл эгалари интернет қулайликларидан ўз билимларини ошириш йўлида оқилона фойдаланишмоқда. Лекин баъзи шахслар эса ушбу тармоқда маънавий таназзулга сабаб бўладиган сайтларда сайр қилиб, ўзлари ва атрофдагиларнинг онгини заҳарлаётганлиги аниқ.

Интернетни "ўргимчак тўри" деб бежиз айтишмайди. Зеро, ўргимчак тўри қуёш нурида шунчалар жозибадор ва хилма-хил рангларда товланадики, беихтиёр инсон унга маҳлиё бўлиб қолади. Аксинча, қуёш нуридан холи ерда унинг жозибадорлигидан асар ҳам қолмайди.

Ғаламисларнинг интернет орқали ҳужумлари асосан ёшларга қаратилган бўлиб, улар ўсмирлар учун қизиқарли бўлган воситалардан усталик билан фойдаланишмоқда. Жумладан, ёшларнинг қизиқишига қараб, уларни турли видеолавҳалар ва фотосуратларни томоша қилишга жалб этиш орқали ёки ташқи кўринишидан гўёки ўйин, техника, спортга доир бўлсада, лекин ички саҳифаларида фақат бузғунчиликни сингдирувчи веб журналларни тақдим этмоқда.

Турли алдамчи маълумотлар кўпайган бир вақтда тўғри ва ҳаққоний ахборотни ажратиш йўлларини билиш лозим. Жумладан бундай шароитда аждодлар тутган йўлни танлаш керак. Имом Бухорий ҳазратлари ҳадисларнинг саҳиҳ, заиф ва тўқималарини ажратишда жуда моҳир бўлганлар. Ривоят қилинишича, Имом Бухорий бир ҳадиснинг ровийсини қидириб, топадилар. Лекин ровий бир ҳайвонни қуруқ қўл билан алдаб, қўрага олиб кираётганини кўриб, суҳбатлашмасдан қайтадилар. Мана, аждодларимиз қандай йўл тутишган? Улар Ислом динига ҳос бўлмаган маълумотлар у ёқда турсин, ҳатто мусулмонга ярашмаган бир сифат эгасидан ҳам маълумот олишмаган.

Афсуски, интернет тармоғида қора қузғун каби ўрнашиб, юртимиз ютуқларини кўра олмаётган ёвуз кучларнинг носоғлом, бўҳтон ва ғийбат билан тўлиб тошган маълумотларини айрим ёшлар ўқиб, баъзан уларга ҳамфикр бўлиб, адашиб кетаётганлиги ачинарли ҳолатдир.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз лозимки, ҳар бир ақл эгаси ижтимоий тармоқлардан ва маълумотлар омборидан фойдаланаётган вақтда ундаги маълумотлар қанчалик тўғри эканлигига этибор қаратсин. Интернет қулайликларидан ўз манфатлари йўлида фойдаланса албатта у яхшиликга етакловчи, маданиятни оширувчи, маънан ривожланиш учун омил бўла олади. Агарда фойдаланиш аксинча бўлса, албатта у ҳалокатдир.


Киритилган вақти: 04/03/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2987
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/internet-yo-saodat-yo-halokat
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 23:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг