Инсон қадри барча нарсадан улуғ!
“Наҳотки Бизнинг сизни яратишимиз беҳуда бўлган ва сиз бизга қайтарилмассиз, деб ҳисобласангиз” (Ал-Мўъминун 115).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларини дунё ҳаётида беҳуда яратмаганини, дунёда қилган амалининг натижаси мукофат ёки жазо бўлишини ва Ўзига қайтарилишларининг хабарини бермоқда. Аввало ҳар бир инсон, Аллоҳ уни икром этган инсонийлигини ва аҳамиятлигини идрок этмоқлиги муҳимдир. Шу билан у барча ҳаракатларини, фаҳми-идрокини яратган Роббиси учун гўзал тарзда адо этади. Халқимиз айтганидек: “Ким ўз қадрини билмас экан, ўзгалар қадрини хеч хам билмас”. Инсон қадри муқаддасдир. Чунки у яратилган барча махлуқотлар орасида азизу мукаррамидир. Унинг қадри – шаъни ва обрўсидир! Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир. У билан урушиш кофирликдир”. Сўкиш бу – кишининг қадри ва шаънини поймол қилиш учун ундаги бўлган ва бўлмаган айблари билан ҳақорат қилишдир. Ушбу амал соҳибини Пайғамбаримиз алайҳиссаллам фосиқ деб номлаяптилар. Фосиқлик бу - Аллоҳ ва Уни Расулининг итоатидан чиқиш дегани, шариат истилоҳида эса фосиқлиқ исёндан-да кўра ашаддий ҳисобланади. Қуръони каримда: “... ва сизларга куфрни, фисқни ва исённи ёмон кўрсатди. ...”, деб марҳамат қилинади. (Ҳужурот 7). Демак мусулмон киши бошқаларнинг қадри ва шаънини поймол қилишдан ўзини сақламоғи лозимдир.
У билан уришиш кофирлик - фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради. Кишининг қадри ва шаънини поймол қиладиган сўзларни кўпайтириш, шу билан одатланиш кишини куфрга етаклайди. Ўзи билмаган ҳолда куфр сўзини айтиб юбориши мумкин. Сўкиш, ҳақорат қилиш, қадр ва шаъни поймол қилиш урушга олиб боради. Инсон ўз қадрига номуносиб ишни ўзига раво кўрмаслиги ва ўз қадрига нолойиқ шароитга рози бўлмаслиги керак. Қадрласанг қадр топасан, қадрланасан,-дейди халқимиз!
Юртимиз ўз мустақиллигига эришгандан сўнг имзоланган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси ҳисобланади. Бош Қомусимизда инсон шаъни муқаддас эканлигига алоҳида тўхталган. Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 7-боб 27-моддасида: «Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиши ва турар жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга», деб кўрсатилган. Динимиз ва конститутциямизда ҳам инсон шаъни ва обрўси дахлсизлиги эътиборга олинган. Бу дегани қадри ва шаъни поймол қилинган шахс ҳимоядадир!
Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳатлар шуни кўрсатяптики, юртимиз фуқаролари, мўмин-мусулмонлар бир-бирлари билан тинч ва тотув ҳаёт кечирмоқдалар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм-шафқатда ва катталаримизга ҳурмат ва иззатда бўлмаганлар биздан эмас”, - дедилар. (Имом Термизий). Ушбу муборак ҳадиси шариф ўзбек халқининг онгу-шуурига сингиб кетган, урфу-одатига айланиб бўлган. Ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий муҳитини соғломлаштира олсак, инсоннинг қадр ва шаънига бўлган ҳурматнинг асосини мустаҳкамлаган бўламиз.
Киритилган вақти: 20/04/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3004
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 17:37