Инсоф - инсонни сабр қаноатга чорловчи омилдир
Муқаддас ислом динимизнинг таълимотлари жамиятда инсонлар бир-бири билан ўзаро муносабатларда ҳамиша адолатли, инсофли, ҳалол бўлишига буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ каломида шундай марҳамат қилади:
“Эй мўминлар. Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг”, (Моида сураси 8-оят).
Дарҳақиқат бу оятда инсон ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ розилиги учун ҳақда туриши лозимлиги ва бу иш осон эмаслиги, кези келганда ўзига, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишига ҳам тўғри келиши, бу ниҳоятда оғир иш экани баён қилинган. Бундай машаққатли ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатин англаган, инсофли кишилардангина содир бўлишлигига тарихда мисоллар кўп. Ушбу ояти каримадаги адолат сўзининг кўринишларидан бири инсофдир. Инсоф ҳақида гапирамиз-у, аммо асли инсоф нима эканлигини кўпчилигимиз яхши билмаймиз. Инсоф сўзи луғатда “ўзига ярмини олиб, бировга ярмини бериш” деган маънони англатади. (Абу Ҳилол Аскарий: “ал-фуруқ ал-луғавийя”). Яъни инсоф фақат ўзини ўйламасдан, ўзгаларнинг ҳам ҳақларига риоя қилиш демакдир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло фазли билан мол, бойлик ато қилган бандаларига Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир.” (Бақара сураси 267-оят).
Маълумки, инсон ўзи топган мол-мулкни садақа қилиб юбориш осон эмас. Ҳар бир одам кўпроқ мол-дунёга эга бўлишни хоҳлайди. Садақа қилиш учун маълум даражада фидокорлик, яъни иймонли, инсофли бўлиш, ўзидан, нафсу ҳавосидан кечиш талаб этилади. Садақа сўзи тасдиқлаш маъносини англатади, яъни молидан садақа қилувчи киши қалбидаги иймонини амалий жиҳатдан тасдиқлаган бўлади.
Шунинг учун ҳам мол-мулкдан садақа қилиётган киши садақасида эътиборли бўлиш, яъни нопокликни кўзламаслик, касб қилиб топган молини ва деҳқончилигини покизасидан бериш. Нопок дейилганда фақат ҳаромни тушунмаслик керак, балки паст, арзимаган, киши назарига илмайдиган нарсаларни ҳам тушуниш лозим. Садақа бераётган киши ўзини садақани олаётган кишининг ўрнига қўйиб кўрсин. Берилса, ўзи олмайдиган нарсани бировга ҳам садақа қилиб бермасин дейилмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом айтдилар: Жанннатга фақат марҳаматли бўлган одам киради. Саҳобалар деди: Эй Аллоҳнинг расули биз ҳаммамиз марҳаматлимиз. Шунда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Фақатгина ўзига нисбатан марҳаматли бўлганлар марҳаматли эмасдир. Марҳаматли деб ҳам ўзига, ҳамда ўзгаларга нисбатан марҳаматли бўлганларга айтилади”-дедилар.
Кишининг бошқаларга марҳаматли бўлиши ҳар қандай вазиятда ҳам инсонларга озор бермаслиги ва имкон қадар ёрдам беришлигидир. Дарҳақиқат саҳобалар ўз марҳаматлари билан умматга ибрат бўлганлар. Нафақат мусулмонларга, балки инсониятга марҳаматли бўлганлар.
Ҳазрати Умар (Аллоҳ ундан рози бўлсин) халифа пайтларида ғайримуслим бир қариянинг тиланчилик қилаётганини кўриб: Сенга инсофсизлик қилдик. Ёшлигингда сендан жизя олдик. Энди қариганингда ўз ҳолингга ташлаб қуйдик! деб унга ва бошқа муҳтож ғайримуслимларга давлат хазинасидан нафақа тайинладилар.
Доно халқимизда ҳам айтилган ушбу оят, ҳадис ва ҳикматни қувватлайдиган сўзлар кўп. Мисол учун, халқимизда: “Инсофи борнинг баракаси бор!” деган ибора бор.
Шундай экан бугунги синовли кунларда жамиятдаги ҳар бир инсон иймон ва инсоф билан иш кўриши, сабрли бўлиши лозим. Саховатли бойларимиз бераётган эҳсонларини ажрини, баракасини сабр қаноат билан Аллоҳдан умидвор бўлиши, муҳтожларимиз ҳам берилаётган нарсаларга инсоф билан муносабатда бўлиши, яъни ношукур бўлмаслиги сабр қаноат билан дуода бўлмоғи лозим. Жумладан тижорат билан шуғулланаётган кишилар пайтдан фойдаланиб зарурий маҳсулотларни нархини сунъий равишда ошириш гуноҳ эканлигини англаши зарур. Бу ҳолатда ўша тижоратчи кўп пул топади, лекин у пулни баракаси бўлмайди. Фойдасидан зарари кўп бўлади. Уламоларимиз савдода:”Савдо моли таннархининг учдан бирини фойдага қуйса, одоб ва инсоф юзасидан яхши бўлади”, дейишган. Шунинг учун ҳаром даромад топишдан сақланиш, тижоратда инсофли бўлиш шарт. Чунки инсоф инсонни сабр қаноатга чорловчи омилдир.
Р. Равшанов - Нуробод туман бош имом-хатиби
Киритилган вақти: 17/04/2020 09:19; Кўрилганлиги: 1029
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 15:18