Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Инсоф инсонни сабр-қаноатга чорловчи омил

 
 

Инсоннинг чин маънодаги инсонлиги – унинг иймони, диёнати, меҳр-оқибати, поклиги ва ҳалоллиги, камтарлиги ва бошқалар билан ўлчанади. Бу умумий тарзда инсонийлик тушунчаси билан ифодаланади. Инсонийлик эса фақат иймонли инсонлардагина бўлади. Бу ўринда ҳамма кишилар учун умумий тарзда тегишли бўлган масалалар устида баҳоли қудрат фикр юритамиз. Мазкур масала кўп қиррали бўлиб, қўйилган масалани ҳар ким ўз маънавий дунёси ўлчами билан ўлчайди ва шунга яраша ҳатти-ҳаракатларни амалга оширади.

Марҳум юртбошимиз Ислом Каримов халқимизнинг буюк фазилатлари ҳақида тўхталиб инсонпарварликнинг ўзбекларга хос қирраларини кўрсатиб беришга эътибор қаратиб, шундай деган эди: “Инсонпарварлик бу ўзбек халқи миллий руҳиятининг ажралмас фазилатидир.”

Инсонийликнинг муҳим шартлари –меҳр-шафқатлилик, поклик ва ҳалоллиликни иймон тушунчаси ўз ичига олади. Инсонпарварлик бўғинларидан бири инсоф бўлиб, унинг маълум бир жамиятда истиқомат қилувчи кишилар ўртасидаги муамолотларда ҳамда умумийлик ва шахсиятда муҳим аҳамият касб этади.

Жамият ҳаётида адолат ва ҳақиқат, меҳр-шафқат, инсофу диёнат каби тушунчаларни қарор топтиришда Виждон поклиги ва бедорлигининг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Айнан мана шу омил инсонда инсоф ва диёнатни шакллантиради.

“Виждони уйғоқ одам ён-атрофида бўлаётган воқеаларга, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларнинг муаммоларига, адолатнинг топталишига бефарқ қарай олмайди. Айниқса, эл-юрт манфаатига зарар етказадиган ёвуз хатти-ҳаракатларга ҳеч қачон четдан жим қараб туролмайди, ўз юрти ва халқига нисбатан хиёнат ва сотқинликни асло қабул қилолмайди. Бундай ҳолатларни кўрганда виждони қийналади, доимо ёниб-куйиб яшайди, қандай қилиб бўлмасин, уларни бартараф этишга интилади, керак бўлса, бу йўлда ҳатто жонини ҳам фидо қилади.”[1]

Миллий одатларимизда ҳам инсофга тарғиб қилиниб: “Инсоф сари барака”, “Инсофи борнинг баракаси бор” дейилади.

Пайғамбаримиз с.а.в.нинг саҳобаларидан бўлган Аммор инсоф ҳақида шундай дейдилар: Уч хислатни ўзида мужассам қилган кишининг имони мукаммал бўлгайдир:

Инсофли ва адолатли бўлмоқ;

Барчага салом бермоқ;

Камбағаллигида ҳам садақа бериб турмоқ.[2]

Инсоф – адолат ва виждон амри билан иш тутиш туйғуси, ишда кишиларга муносабатда ҳалоллик, тўғрилик, тенглик, софдиллик ва ҳақиқатгўйликдир.

Шарқ фалсафасида инсоф шундай талқин этилади;

“Инсоф – кишининг ўз хулқи, одобини тартибга солиш ва аҳлоқий баҳолашидир. Агар киши бирор ишни тўғри бажарса, унда ички қониқиш пайдо бўлади, виждони пок бўлади, атайин нотўғри бажарса, инсофдан чиққан бўлади.”

Инсоф – инсонпарварликни тарғиб этувчи ғоялардан ҳисобланиб, ҳозирги мураккаб давримизнинг кўплаб ахлоққий маънавий масалаларини ҳал этишда ҳам муҳим аҳамият касб этиши билан эътиборга моликдир.

Мазкур таърифлардан маълум бўладики, инсоф тушунчаси ҳам маънавият тушунчаси каби бир неча хислатларни ўз ичига олиб, имоннинг мукамаллигига далолат қилар экан.

Шуни ифтихор билан қайд этишимиз лозимки, тасаввуф таълимоти ва илгари сурган маънавий-ахлоққий ғояларида ҳам инсоф ва адолатли бўлиш энг муҳим омиллардан саналади. Чунончи, Аҳмад Яссавий ҳикматларида илгари сурилган ахлоққий панд-насиҳатлардан молпарастликни фош этиш, кишиларни инсофли, диёнатли, иймонли бўлишга чақиришда фойдаланиш ўринли. Яссавий инсон ҳаётидаги катта кураш - нафсни таслим этишга хизмат қиладиган кураш деб ҳисоблаган. Нафсга мағлуб шоҳ - қул, нафсдан устунликка эришган ғариб - шоҳдир, деб айтади. Нафс инсон учун катта ёвдир. Шу ёвнинг бошини янчган, уни енгган, нафсга таслим бўлмаган кишининг ғурури ва инсоний қадр-қимматини ҳеч ким поймол қила олмайди, деб билган.

Сўфи Оллоёр қоидали, тартибли, имонга мос яхши амаллар соҳибларини фазилати ва улардан ўрнак олиб яшашга тарғиб қилиб шундай дейди:

“Юрагим соф эрур деб урмағил лоф,

Аларча бўлмағайсан келтур инсоф”.

Яъни, гарчи пайғамбару саҳобалар мақомига етолмасангда, азиз-авлиёлар каби бўлаолмасангда инсофли бўлгин, деб инсоф хислатини ўта муҳим эканлигини таъкидлайди.

Ҳусайн Воиз Кошифий айтганидек, “Яхши қилиқ, гўзал муомала бир йўлдирки, у йўл билан юрмасдан туриб, иззат ва шараф манзилига етиб бўлмайди. У йўлга қадам босмасдан туриб, вужуд юкини ҳайвоният биёбонидан инсоният дорилмулкига элтиб бўлмайди”.

“Гўзал феъл-атворнинг нишонаси ўн нарсадир: биринчи нишонаси – яхшилик, иккинчи – инсофли бўлиш, учинчи – бошқа одамдан айб қидирмаслик, тўртинчи – бирор киши-да ножўя ҳаракат кўрса, уни яхши йўлга бошлаш, бешинчи – бир одам ўз айбига иқрор бўлиб узр айтса, узрини қабул қилиш, олтинчи – бошқалар учун машаққатни ўз устига олиш, еттинчи – фақат ўз манфаатинигина кўзламаслик, саккизинчи – очиқ юзли, ширин сўзли бўлиш, тўққизинчи – муҳтожларнинг ҳожатини чиқариш, ўнинчи – мулойим ва тавозеъли бўлишдир”. (Ҳусайн Воиз Кошифий)

Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти марҳум И.А. Каримов: Инсон фаолиятининг адолатга яқинлиги ёки узоқлиги унинг ақлига, хулқига, яшаган жамиятига боғлиқ. Агар унда ёмонлик фикрлари озроқ бўлса, адолатга яқин бўлади, агар кўпроқ бўлса адолатдан, инсофдан узоқроқ бўлади. Хулқ албатта инсоннинг яхши ёки ёмон хислатларининг нисбатига боғлиқдир”, – деб шаклланиб келаётган “ёш инсон”лар онгидан ёмон иллатларни чиқариб, унинг ўрнини адолат ва инсоф каби яхши хислатлар билан тўлдириш зарурлигини уқтиради.

Мана шундай эзгу ниятлар билан қалбларимизни нурлантирган Аллоҳ таъолога ҳамду - санолар айтиб хулоса қилиш мумкинки, ҳаётимизни гўзал ва фаровон қилиш учун ҳалол меҳнат қилиб, турли касб-корларни сидқидилдан бажарган ҳолда ер юзида яратувчанлик ишлари билан машғул бўлмоқлигимиз керак. Гулзор тикансиз бўлмаганидек, орамизда турли бузғунчилик ва қўпорувчилик каби ишларни касб қилиб олган баъзи ноинсоф кишиларнинг борлиги дилни хира қилади.

Ана шундай ноинсоф, тавфиқдан бегона кишиларни ҳам тавфиқу инсофга сазовор бўлишини Яратгандан тилаб, барча хайрли ва савоб ишларда барчага ўрнак бўлиш биз имом-хатибларнинг бурчимиз деб биламан.

Ва яна бировлар учун Аллоҳ таолодан инсоф-адолат сўрашдан олдин, аввало ўзимизга инсофу тавфиқ сўраш, дўст-биродарларга нисбатан ҳам ҳамиша адолатли бўлиб, унинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла адо этиш муқаддас динимизнинг талабларидан эканлигини унутмаслигимиз лозим.



[1] Каримов.И.А. “Юксак маънавият – енгилмас куч”. Тошкент. «Маънавият».2008. – Б 17.

[2] Имом Бухорий Муҳаммад ибн Исмоил. “Саҳиҳи Бухорий”, “Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси”, Т.: 2008. 1-жуз. –Б 14.


Киритилган вақти: 27/11/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2762
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/insof-insonni-sabr-qanoatga-chorlovchi-omil
Чоп этилган вақт: 18/07/2024 10:38
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг