Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИМОМ БУХОРИЙ ВА У КИШИНИНГ ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ АСАРИ

 
 

Имом Бухорий, мусулмонлар имоми, муҳаддислар шайхи, ҳадис илмида “Амиру-л-мўминийн” – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизбадир.Имом Бухорийнинг оталари Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим парҳезкор уламолардан эдилар. У киши Молик ибн Анасдан (ҳадис) эшитган ва Ибн Муборакбилан қўл бериб кўришгандилар. Аҳмад ибн Ҳафс, Имом Бухорийнинг оталари ҳақида шундай дейди: “Унинг ҳузурига ўлими олдидан кирдим, шунда у: “Барча мол-мулким ичида бир дирҳам шубҳалиси борлигини билмайман” – деди. Ўша вақтда мен ўзимни ҳақир санадим”[1].

Имом Бухорий 194 ҳижрий 13 шаввол ойи жума куни Бухорода таваллуд топдилар. Оталари ёшлигида вафот этиб, оналарининг қарамоғида етимликда ўсиб улғаядилар. Ул киши озғин, ўрта бўйлик эдилар. Гўдаклик чоғларидаёқ кўзларидан ажраб қоладилар. Оналари, Аллоҳ таолога ўғлини кўзи яна қайтадан кўришлигини сўраб кўп дуолар қилади. Бир куни оналари тушларида Иброҳим (а.с.)ни кўрадилар ва Иброҳим (а.с.) унга қараб: “Эй, сен! Кўп дуо қилганинг ёки кўп йиғлаганинг учун Аллоҳ таоло, ўғлингни кўзини ўзига қайтарди” – дейдилар. Шу воқеадан сўнг Имом Бухорийнинг кўзлари яна кўра бошлайди.

Имом Бухорий ёшлик чоғлариданоқ ҳадис илмига муҳаббат қўядилар ва илк ҳадис илмига қизиқишлари ҳақида у кишининг ўзлари шундай ҳикоя қиладилар: “Мактабдалигимдаёқ ўн ёки ундан кичикроқ ёшимдан ҳадис ёдлашга илҳомландим. Сўнг ўн ёшдан кейин мактабдан чиқиб Дохилий ва ундан бошқалар билан турли фикрда бўлдим. Ёшим ўн олтига етгач, Ибн Муборак, Вакеънинг китобларини ёд олдим ва райъ аҳлининг сўзларини фаҳмладим. Сўнг онам ва акам Аҳмад билан бирга ҳаж қилиш учун Маккага йўл олдим.

Ҳаж қилгач, акам ватанга қайтди ва мен ҳадис талабида у ерда қолдим. Ёшим ўн саккизга етганида саҳоба ва тобеъинларнинг фазилатлари ва сўзлари ҳақидаги “Тарих” китобимни тасниф этдим. Бу “Тарих” китобимни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда ёзардим. Менда “Тарих” китобида келтирилган исмлар учун қиссалар мавжуд бўлсада, китоб узайиб кетмаслиги учун уни қисқа қилдим”.

Имом Бухорий ҳадис талабида кўплаб шаҳарларда бир неча бор бўладилар, жумладан: Балх, Нишопур, Рай, Боғдод, Басра, Куфа, Макка, Мадина, Миср, Шом ва бошқалар.Имом Бухорий Балхга борганлари ҳақида шундай дейдилар: “Балхга кирганимда, у ерликлар мендан ҳар бир ҳадис ёзиб олган кишимдан ҳадис ривоят қилишимни сўрашди. Мен уларга ўзим ёзиб олган кишиларимдан мингта ҳадисни айтиб бердим”.

Вафотларидан бир ой олдин: “Мен бир минг саксон кишидан ҳадис ёзиб олганман. Уларнинг барчаси ҳадис аҳллари ва “Имон – сўз ва амалдан иборат. У зиёда бўлади ва камаяди” дегувчи кишилар эди” – дедилар.[2]

Имом Бухорий ҳақларида ўз замондошлари ва ундан кейин яшаб ўтган инсонлар ҳам кўплаб мақтов сўзларни айтиб ўтишган. Биз улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Имом Бухорий: “Кимники ҳузурига бормай, мени ундан олган фойдамдан кўра, уни мендан олган фойдаси кўпроқ бўларди” – дедилар.

Имом Бухорий: “Мен юз минг саҳиҳ ва икки минг ғайри саҳиҳ ҳадисни ёд олдим” –дедилар.

Имом Бухорий: “Мен Аллоҳдан бирор-бир кимсани ғийбат қилмасдан йўлиқишимни умид қиламан” —дедилар.[3]

Имом Бухорий Басрага кирганидаМуҳаммад ибн Башшор шундай деган эди: “Бугун, фақиҳларнинг саййиди келди. Дунёда ҳуффозлар тўртта, улар: Райда Абу Зуръа, Нийсобурда Муслим ибн Ҳажжож, Самарқандда Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман Доримий ва Бухорода Исмоил Бухорийдир”.

Қутайба ибн Саид: “Мен фуқаҳолар, зоҳидлар ва обидлар билан ўтирдим. Эсимни таниганимдан бери Муҳаммад ибн Исмоилдек кишини кўрмадим. У, ўз замонида саҳобалар ичра Умар каби эди. Агар Муҳаммад ибн Исмоил саҳобалар орасида бўлганида, албатта нишона (оят) бўлар эди” – дедилар.[4]

Имомлар имоми Абу Бакр Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма: “Само гумбази остида ҳадис илмини билишликда Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра билимдонроқ киши йўқдир” – дедилар[5].

Ражоъ ибн Ражоъ: “Муҳаммад ибн Исмоилнинг уламолар орасидаги фазилати, эркакларнинг аёллар ичидаги фазилатига ўхшайди. У, Аллоҳ таолонинг ер юзидаги оятидир” – дедилар[6].

Абу Саҳл: “Ўттиздан зиёд Миср уламоларининг шундай деганларини эшитганман, улар: “Бу дунёдаги ҳожатимиз Муҳаммад ибн Исмоилнинг юзига бир бора боқишликдир” – дер эдилар.[7]

Солиҳ ибн Муҳаммад: “Мен ҳануз, Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фаҳмлироқ Хуросонликни кўрганим йўқ” – дедилар.[8]

Аҳмад ибн Ҳанбал: “Бизга Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоилдек киши келмаган” – дедилар.[9]

Абу Амр Хофаф, Бухорийдан ривоят қилганида: “Бизга, тақводор, покиза, унга ўхшаши бўлмаган олим Муҳаммад ибн Исмоил ҳадис айтди” дер ва яна: “У ҳадисни Аҳмаддан ҳам, Исҳоқдан ҳам, улардан бошқалардан ҳам йигирма баробар зиёдроқ билувчидир. Агар кимда ким у ҳақида бирор (ёмон) сўз айтса, мендан ўша (ёмон сўзни) айтган кимсага минг лаънат бўлсин” дерди. Ва яна: “Агар у шу эшикдан кирса, мени шу захотиёқ қўрқув босади” – деб айтарди.

Абдуллоҳ ибн Ҳаммод: “Мен, Муҳаммад ибн Исмоил жасадидаги бир тук бўлишни орзу қиламан” – дерди.[10]

Салим ибн Мужоҳид: “Мен олтмиш йилдан бери Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра фақиҳроқ ва парҳезкорроқ кишини кўрмадим —дедилар.[11]

Муса ибн Ҳорун ал Ҳаммал ал Ҳофиз ал Бағдодий: “Менимча, аҳли Ислом жам бўлиб, (илмда) Муҳаммад ибн Исмоил етишган охирги (манзилга) етишмоқчи бўлсалар, унга қодир бўлмайдилар” – дедилар.[12]

Ҳоким Абу Аҳмад: “Кунялар” китобида Имом Бухорий ҳақида мақтов сўзлар айтилса, улар тугамаслигини эътироф этиб шундай дейдилар: “У, соҳилсиз денгиздир”.[13]

Ҳофиз Абу Аббос Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Саъд ибн Уқда: “Агар бир киши ўттиз минг ҳадисни ёзса ҳам, Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Тарих”ларидан беҳожат бўлмайди” – дедилар.[14]

Муслим ибн Ҳажжож Имом Бухорийга қараб: “Дунёда сизга ўхшаши йўқ” – деб у кишининг икки кўзи ўртасидан ўпди ва: “Рухсат беринг оёқларингизни ўпай, эй, устозларнинг устози! Муҳаддисларнинг саййиди ва касал ҳадисларнинг табиби!” –дедилар.

Яҳё ибн Жаъфар ал Байкандий: “Агар ўз умрим ҳисобидан Муҳаммад ибн Исмоилнинг умрини зиёда қилишга қодир бўлганимда эди, албатта шундай қилган бўлардим. Чунки менинг ўлимим бир кишининг ўлимидир. Аммо Муҳаммад ибн Исмоилнинг вафоти эса илмнинг кетишидир” – дедилар.[15]

Ҳадисларни эшитиш ва уларни ривоят қилишдаги сермаҳсул, машаққатли сафарларидан кейин Имом Бухорий нафси ва руҳига ором беришлик мақсадида туғилиб ўсган юрти Бухорога қайтишга қарор қилдилар. Бухорога етиб келгач, Бухороликлар шаҳардан бир фарсах масофада чодир тикиб, Имом Бухорийни кутиб олишга пешвоз чиқдилар. Деярли шаҳарда ҳеч ким қолмади. Бухорий етиб келгач, у зотнинг устиларидан динор ва дирҳамлар (ёмғирдек) сочилди. Бир муддат Бухорода ҳадис айтиб турдилар.Бухоро Амири Холид ибн Аҳмад Зуҳалий Бухорийга одам жўнатиб “Менга “Жомеъ ас-саҳиҳ”, “Тарих” ва бошқа китобларингизни олиб келиб, ўқиб беринг” – дейди. Имом Бухорий у ерга боришдан бош тортдилар. Сўнг Холид ибн Аҳмад, Бухорийга яна одам юбориб, бошқаларга қўшмасдан менинг фарзандларимга алоҳида дарс берсангиз” – дейди.

Имом Бухорий: “Одамларни бир-бирларидан ажратиб дарс бериш менга тўғри келмайди”– деб яна унамадилар. Амир Холид ибн Аҳмад, Бухоролик Ҳурайс ибн Абулварқо бошлиқ уламолар ёрдамида “Имом Бухорий бузуқ мазҳабда” деб фитна қўзғашди ва шаҳардан чиқиб кетишини талаб қилишади. Имом Бухорий фитна қатнашчилари ҳаққига: “Аллоҳим, улар менга қасд қилган нарсаларини ўзларига, фарзандларига ва аҳли аёлларига кўрсатгин” – деб дуо қилдилар. Бухоро амири Холид бир ой ўтмасдан ишдан олинди ва қамоққа тушди. Қамоқда хор-зор ҳолда вафот этади. Бухорийга фитна қилишда қатнашганларнинг бирортаси қолмасдан, фарзанд ва аҳли аёллари билан биргаликда қилган ишларининг жазосини тортадилар. Аллоҳ таоло, Имом Бухорий дуо қилганларидек уларнинг барчасига қилмишлари оқибатини кўрсатган эди.

Имом Бухорий Самарқанддан икки фарсах масофада жойлашган Хартанг[16] қишлоғига қариндошлариникига йўл оладилар, ва у ерга жойлашадилар. Абдулқуддус ибн Абдулжаббор Самарқандий Имом Бухорийнинг кечки намоздан фориғ бўлгач: “Аллоҳим! Ер юзи қанчалик кенг бўлмасин, менга торлик қилди. Мени ўз ҳузурингга чорлагин” – деб дуо қилганларини эшитдим дейди. Шундан сўнг бир ой ўтмасданоқ Имом Бухорий Хартангда вафот этадилар”.

Ҳасан ибн Ҳусайн Баззаз Бухорий: “Имом Бухорий 256 хижрий шанба кечаси, эртага Рамазон ҳайити деганда вафот этдилар. Рамазон ҳайити куни пешиндан сўнг дафн этилдилар. Имом Бухорий бу дунёда 13 куни кам 62 йил умр кечирдилар”.

Имом Бухорийнинг “Жомеъ ас-саҳиҳ” асари ислом оламида Аллоҳ таолонинг китобидан сўнг асосий манба экани шубҳасиз. Бу китоб ҳақида сўз очилар экан, беихтиёр ўқувчи зеҳнида саҳиҳ ҳадислар ва машаққатли сафар қийинчиликлари гавдаланади.Иброҳим ибн Маъқал ан Насафийдан ривоят қилинади: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий шундай дедилар: “Биз, Исҳоқ ибн Роҳивайҳнинг хузурида эканимизда, у: “Агар сизлар Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳадисларидан саҳиҳларини ихчам ҳолда жамласанглар эди” – деди. Шунда қалбимга буни амалга ошириш фикри тушди ва “Жомеъ ас-саҳиҳни” тўплашга киришдим”.[17]

Абу Али Ғассоний, Бухорийдан қилган ривоятида шундай дейди: “Мен уни (яъни “Жомеъ ас-саҳиҳ” китобидаги саҳиҳ ҳадисларни) олти юз минг ҳадис ичидан танлаб олдим”.[18]

Исмоилий эса, Бухорийдан қилган ривоятида шундай дейди: “Мен бу китоб (яъни “Жомеъ ас-саҳиҳ”)га фақат саҳиҳ бўлган ривоятларнигина киритдим. Аммо саҳиҳ ривоятлардан китобга киритмай тарк қилганларим, киритганларимдан кўра кўпроқ бўлди”.[19]

Яна Исмоилий: “Агар Бухорий ўзи билган барча саҳиҳларни бунга (яъни “Жомеъ ас-саҳиҳ”) киритганида, биргина бобнинг ўзида саҳобалардан (шу бобга доир бўлган) кўплаб ривоятларва уларнинг ривоят йўналишларидан кўпини жамлаган бўларди. Бас шунда китоб, жуда катта бўлиб кетарди” деди.

Бу ҳақида Иброҳим ибн Маъқал ан Насафий, Имом Бухорийдан ривоят қилиб шундай дейди: “Мен Жомеъ китобимга фақат саҳиҳларнингина киритдим. Китоб узайиб кетмаслиги учун (кўплаб) саҳиҳларни ҳам тарк этдим”.[20]

Фирабрий, Муҳаммад ибн Абу Ҳотам Бухорийдан ривоят қилиб дейди: “Тушимда Муҳаммад ибн Исмоилни кўрдим. У, Набий(с.а.в.)нинг ортларидан юриб борарди. Қачонки Набий(с.а.в.) қадамларини кўтарсалар, ўша жойга Бухорий қадамини қўяр эди”.

Фирабрий, Нажм ибн Фузайл ҳам шунга ўхшаш туш кўрганларини ривоят қилиб келтирган.[21]

Таъкидлаб ўтганимиздек, бу китоб барча аср уламолари томонидан энг тўғри ва мўътабар манба деб эътироф этилган. Баъзи кишиларнинг “Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳақида юзага келган нотўғри тасаввурларининг негизи – ровийларнинг ихтилофлар сабаблидир.[22]

Бу баъзилар ўйлаганидек “Жомеъ ас-саҳиҳ”га нисбатан салбий ёндашувни келтириб чиқармайди. Балки бу табиий ҳол бўлиб, муҳаддис уламолар ўз мусаннифотларини ёзишда илмий жиҳатига қанчалик диққат билан ёндашганликларини, ўз шайхларидан олган ҳадисларни қайта кўриб чиқиб, хатоларини тўғрилашда бардавом бўлганларини, манбаларга қайта-қайта мурожаат қилишга ўта талабчан бўлганликлари ва уни пухта билганликларини фикр қилиш имконини беради.

Бу каби эътиборни нафақат “Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳақида, балки Имом Моликнинг “Муватто” китоблари ҳақида ҳам айтишимиз мумкин. Бу китобда ҳам ровийларга қайта-қайта мурожаат қилингани учун ҳадис ривоятлари бир нечта бўлганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари бошқа ҳадис китобларида ҳам ровий ва ривоятларнинг кўплиги, мусулмонлар далилларнинг ишончли ва аниқлигига беҳад эътиборли бўлганликларига далолат қилади.

Имом Бухорий ўз мусаннифотларига катта эътибор қаратганлар. Бу ҳақида у кишининг ўзлари шундай дейдилар: “Барча китобларимни уч мартадан тасниф қилиб чиқдим”, яъни қайта-қайта кўриб сўнг вароққа туширганлар.[23]

“Жомеъ ас-саҳиҳ” хусусида Ҳофиз ибн Ҳажар шундай дейдилар: “Имом Бухорий ундаги ҳадисларни шаҳарлардан тўплаган бўлсаларда, уларни тартибга солиш ва бобларга ажратиб ёзишни Масжид Ҳаромда бошлаганлар. Ўн олти йил мобайнида уларни қоғозга туширганлар. Аммо бу муддатни тўлиқлигича Маккада ўтказмаганлар”.

Ибн Адийнинг бир қанча ҳадис шайхларидан қилган ривоятида: “Имом Бухорий “Жомеъ ас-саҳиҳ” китобларини Набий(с.а.в.)нинг қабрлари ва минбарлари ўртасида ёзганлар. Ҳар бир ҳадисни ёзишдан олдин икки ракаат намоз ўқирдилар” дейди.

Бу ҳақида Имом Бухорийнинг ўзлари шундай дейдилар: “Саҳиҳ” китобига ғусл қилмасдан ва икки ракаат намоз ўқимасдан олдин бирор бир ҳадисни киритмадим”.[24]

Яна: “Жомеъ ас-саҳиҳ“ни 16 йил давомида тўплаган 600 минг ҳадислардан тасниф қилдим. Уни ўзим билан Аллоҳ ўртасида ҳужжат қилдим”.[25]

Яна: “Жомеъ ас-саҳиҳ“ китобимни масжидул Ҳаромда тасниф қилдим. Унга, икки ракаат намоз ўқиб Аллоҳ таолодан истихора қилиб, саҳиҳлигига ишонч ҳосил қилмагунимча, бирор бир ҳадисни киритмадим” – дедилар.[26]

Абу Жаъфар Уқайлий: “Бухорий ўзининг “Жомеъ ас-саҳиҳ” китобини тасниф қилгач, уни Ибн Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Муъийн ва бошқаларга кўрсатди. Улар китоб ҳақида яхши фикр билдириб китобдаги тўртта ҳадисдан бошқа, барча ҳадисларнинг саҳиҳлигига гувоҳлик беришди” – деди. Уқайлий: “Сўз, имом Бухорий айтганидек. У са


Киритилган вақти: 27/07/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3275
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/imom-buxoriy-va-u-kishining-jome-as-sahih-asari
Чоп этилган вақт: 13/10/2024 07:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг