Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Имом Абу Ҳанифани масжидда сўккан одам қандай жавоб олганди?

 
 

Имом Абу Ҳанифа Минодаги “Хайф” масжидида ўтирган эдилар, юзи беркитилган бир одам келиб, у кишини сўради ва: "Эй фоҳишанинг ўғли”, деди. Абу Ҳанифа: "Эй одам, Аллоҳ сени афв қилсин. Нима истайсан?” - дедилар. 

У: “Фалончи масала ҳақида сендан сўралса, унга Ҳасан Басрийнинг жавобига тескари жавоб берибсан”, деди. Имом Абу Ҳанифа: "Ҳасан Басрий хато айтган”, деди. У одам: "Эй кофир, эй зиндиқ, сен Ҳасанни хатокорга чиқаряпсанми?” - деди. 

Асҳоблари уни уришга турган эдилар, имом Абу Ҳанифа уларни қайтардилар ва: “Ибн Масъуд тўғри айтган, Ҳасан эса хато айтган”, дедилар. Бошқа ривоятда: Мазкур одам имомга тил теккизгач, у киши: "Аллоҳ сени мағфират қилсин. У Зот менинг ҳақимда сен айтган гапнинг тескарисини билади. Мен Уни таниганимдан бери бирор кишини Унга шерик қилмаганман. Мен фақат Унинг афвини умид қилганман, фақат Унинг азобидан қўрққанман”, дедилар. 

Азоб ҳақида гапира туриб, йиғлаб юбордилар. Шунда у одам ўрнидан туриб: "Аллоҳ учун кечиришингизни сўрайман. Мен хато қилдим ва нодонлигимни эътироф этдим”, деди. Имом Абу Ҳанифа янада кўпроқ йиғладилар, ҳатто елкалари қимирлади ва: “Эй одам, мен сени Раббим Аллоҳга топширдим”, дедилар. У эса: "Мен бундан енгилини хоҳлайман”, деди. Имом Абу Ҳанифа: "Ундай бўлса, Сени ҳам, мени сўккан бошқа барча кишини ҳам кечирдим”, дедилар.

Имом Абу Ҳанифа Ҳасан Басрийнинг хатосини айтиб, бир қарашда ғийбат қилдилар. Лекин бу ғийбат рухсат этилган ғийбатдир. Чунки ғийбат дин иши (масалани тушунтириш) учун бўлса, дуруст бўлади. Бу муҳаддисларнинг жарҳу таъдилига, яъни уларнинг ҳадис ривоят қилувчиларга баҳо бературиб "фалончи ёлғончи, фалончи ростгўй” дейишларига ўхшайди.

Муҳаммад Хоразмий, "Муснади Имом Аъзам", 69-саҳифа.
Ёрқинжон қори ҳафизаҳуллоҳ саҳифасидан олинди.

Манба: Azon.uz


Киритилган вақти: 01/02/2020 16:07;   Кўрилганлиги: 1058
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/imom-abu-hanifani-masjidda-sokkan-odam-qanday-javob-olgandi
Чоп этилган вақт: 15/09/2024 15:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг