Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИЛМ ФАЗИЛАТИ (бир ҳадис шарҳи)

 
 

Аллоҳ таолога ҳамд сано, оламларга раҳмат қилиб юборилган севикли пайғамбаримиз Муҳаммад cаллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруд саломлар ва у зотга эргашган барча мўъминларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!

Барча динлар ичида илк бор илмнинг инсон ҳаётидаги ўрнига аҳамият берган ва илмга кенг йўл очган дин – Ислом динидир.

Ислом – илм динидир. Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръон Каримнинг илк оятлари ҳам бунга яққол далил бўлади.

Муқаддас динимизда илмнинг ва уламоларнинг ўрни беқиёс. Дунёнинг мувозанатда туришлиги ҳам Аллоҳни қалбига жойлаган, тақводор уламоларга боғлиқ, чунки олимлар бузилса олам бузилади.

Али разияллоҳу анҳу таъбирлари билан айтсак, у зот шундай деган эдилар: "Олим рўзадордан ҳам, намозларида қоим намозхон ва мужоҳиддан ҳам афзалроқдир. Агар олим вафот этса Ислом дарз кетади, у ёриқни фақатгина илмли ўринбосаргина ямаши мумкин[1]"

Дарҳақиқат Аллоҳдан қўрқадиган, илмга хиёнат қилмайдиган уламоларимиз бор экан, бизлар тараққиёт ва фаровонлик сари одимлаб бораверамиз.

Инсоният тарихига назар солсак, оламшумул янгиликларнинг аксари Қуръон Каримни яхши ўзлаштирган мусулмон уламолар томонидан кашф этилганини кўрамиз. Бу ҳам бежиз эмас албатта, чунки Қуръон Карим бизларни саодатга элтгувчи осмондан ерга тортилган Аллоҳнинг арқонидир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз ҳадис шарифларида илмнинг фазли ва ажри ҳақида кўп бора таъкидлаганлар. Жумладан қуйидаги ҳадиси шарифда:

روى الترمذي من حديث أبي الدرداء قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم

يقول : "من سلك طريقا يلتمس فيه علما سلك الله به طريقا إلى الجنة وإن الملائكة

لتضع أجنحتها رضا لطالب العلم وإن العالم ليستغفر له من في السموات ومن في الأرض

والحيتان في جوف الماء وإن فضل العالم على العابد كفضل القمر ليلة البدر

على سائر الكواكب وإن العلماء ورثة الأنبياء وإن الأنبياء لم يورثوا دينارا

ولا درهما إنما ورثوا العلم فمن أخذ به أخذ بحظ وافر"

Абу Дардоъ разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагиларни эшитдим дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким илм йўлини тутса, Аллоҳ уни жаннат йўлига йўллаб қўяди. Албатта, фаришталар илм талабидаги кишига рози бўлиб, қанотларини ёзиб турадилар. Дарҳақиқат, олим киши учун ер осмондаги мавжудотлар ва ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Албатта олимнинг обидга нисбатан фазилати тўлин ойнинг юлдузларга кўра фазлига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамларни мерос қолдирмадилар, улар фақатгина илмни мерос қолдирганлар. Кимки уни олса, тўлиқ насиба олибди" – дедилар.

Шарҳ:

“Ким илм йўлини тутса, Аллоҳ уни жаннат йўлига йўллаб қўяди. Албатта фаришталар илм талабидаги кишига рози бўлган ҳолларида қанотларини ёзиб турадилар”.

Аввало илм йўлини тутган кимса Аллоҳнинг жаннати сари йўлга отланган саналиб, унга сафари давомида фаришталар ҳамроҳлик қиладилар.

Кишининг ҳамсафари ҳар жиҳатдан етук инсон бўлса қандай ҳам яхши! У бу сафаридан мамнун бўлади, чунки ёнида унинг кўнглига манзур хамроҳ бор. Энди агар унга жаннат йўлидаги ҳамсафари Аллоҳнинг мукаррам махлуқоти бўлмиш фаришталар қанотларини ёзиб хамроҳлик қилсаларчи?!

Бўлиб ҳам бу сафар Аллоҳнинг жамолини кўриш учун жаннат сари бошланган сафар бўлсачи?! Ахир бу дунёда бизлар Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатига дохил бўлиш учун харакат қилмаяпмизми?!

Албатта бизнинг мақсадимиз ҳам бундан ўзга эмас. Севикли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг ечимини кўрсатмоқдалар, ҳаракат қилиш эса бизларга қолган.

“Дарҳақиқат, олим киши учун ер осмондаги мавжудотлар ва ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар”.

Юқоридагиларга қўшимча, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам илм талабида йўлга отланган кишиларга, улар учун барча нарсалар истиғфор айтиб, Аллоҳ таолодан унинг гуноҳларини кечиришини сўраб туриши ҳақида мужда бермоқдалар.

Бу эса айнан биз истаган нарса эмасми?! Биз гуноҳларимизни кечиришлиги учун Парвардигоримизга илтижолар, тавба-тазарруълар қиламиз. Бир кишига нисбатан Аллоҳ таолонинг еру-осмон ва сувдаги мавжудотларининг адади қанча?! Субҳаналлоҳ! Уларнинг барчалари илм толиби учун истиғфор айтсая! Бу қандай ҳам ажойиб марҳамат бўлди!

Толиби илмнинг фазли ҳақидаги ҳадис шу билан ниҳояланмади, балки ҳадиснинг давомида улар барчага яққол мисолларда ифодалаб берилди.

“Албатта олимнинг обидга нисбатан фазилати тўлин ойнинг юлдузларга кўра фазлига ўхшайди”.

Илм талабидаги киши билан ибодатдаги обид ораларидаги фарқ худди тўлин ой ила юлдузлар ўртасидаги фарққа ўхшайди. Бу ўхшатишни англаш учун жуда ҳам чуқур билим шарт эмас, чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга ўз ўгитларини соддагина қилиб тушунтириб берардилар. Бизга уларни тушуниш учун фақатгина эшитиш ёки озгина мутолаа қилиш кифоя.

“Дарҳақиқат уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамларни мерос қолдирмадилар, улар фақатгина илмни мерос қолдирганлар. Кимки уни олса, тўлиқ насиба олибди”.

Оламда Аллоҳ таолога энг яқин зотлар пайғамбарлар. Чунки уларнинг зиммаларида тоғлар ҳам кўтаришга бардош беролмайдиган омонатни етказиш масъулияти бор. Шу сабаб ҳам улар бу йўлда етган азиятларга бардош ила сабр қилганлар. Бутун инсониятни бахтли ҳаёт кечиришлигини таъминловчи бу масъулиятли омонат — Аллоҳнинг бандаларига пайғамбарлари орқали юборган динидир.

Пайғамбаримиз алайҳис-саломдан мол-мулк ва дунё ҳақида сўралганда мол-мулкни мутакаббирларнинг ридоси ва дунёни охиратнинг бозори дея таърифладилар. Дарҳақиқат дунёда мол-давлатини охират учун яхшиликларга ишлатган кишигина бу дунё бозоридан катта фойда кўради, акс ҳолда унинг бойлиги унга фақат кибрнигина зиёда қилади.

Ҳеч кимга сир эмаски мол-мулк, обрў, мансаб-мартабанинг ўрни бу ҳаётимизда салмоқли. Аксар бўлаётган воқеа-ходисалар, ўзгаришларнинг ортида мазкур манфаатлар турибди десак муболаға бўлмайди. Аммо бу манфаатлар қанчалик эътиборли бўлмасин улардан маълум бир шахслар, мулк эгалари ва уларнинг меросхўрларигина фойдаланиши мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак мулкка талофат етиши ёки соҳибининг вафоти сабаб мулк эгасининг қўлидан кетиб қолади.

Пайғамбарларга эса, қўлдан кетиб қолмайдиган бойлик-илм берилган. Улар ҳам бу шарафли илмни ўзларининг меросхўрлари олимларга мерос қолдириб кетганлар. Ўтган улуғларимиздан фойдали нарса ҳақида сўрашганида "ўзинг билан ҳар доим бирга қоладигани" деб жавоб берганлар. “Ўзимиз билан бирга бўладиган нарса нима?" деганларида, "кема чўкканида сен билан қолган нарса" деб жавоб бердилар.

Демак илм ва яхши амал дунёдаги барча нарсадан афзал экан. Пайғамбарлар бизларга қандай ҳам яхши меросни қолдириб кетган эканлар.

Илмни мерос олган киши барча яхшиликни қўлга киритибди, зеро уламолар ояти каримадаги бу дунёдаги "яхшилик"[2]ни илм ва ибодат деб тафсир қилганлар. Аллоҳ таоло илм сабабли олимларни олий қилиб, яхшилик амалларга йўлбошловчи қилади. Фаришталар, жамики хайвонлар, паррандалар, денгиздаги балиқлар хаттоки ҳўл—қуруқ нарсалар борки барча—барчаси олимнинг илми сабабли унга истиғфор айтади.

Илм қалбларнинг ҳаёти ва кўзларимизнинг нуридир. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳадисда келтирилган олимлардан бўлиб Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлишимизни насиб айласин!


[1] "Иҳё улуму-д-дин" Абу Ҳомид Ғаззолий "Дорул Мисрия Лубнония" нашриёти. Миср. Б.18

[2] “Роббана атина фид дуня ҳасана....”Бақара сураси 201 оят


Киритилган вақти: 24/05/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3419
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ilm-fazilati-bir-hadis-sharhi
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 13:49
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг