Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ИБРАТ БИЛАН ЯШАШ САОДАТДИР

 
 

Бугун Аллоҳ таоло жаннатмисол юртимизга ёғдираётган мўл-кўл неъматлари, энг асосийси 32 миллионли халқимиз заррача ҳадик нима билмасдан хотиржамликда ҳаёт кечираётганлиги ҳақида озгина фикр юритган киши борки қалби олам-олам қувончларга тўлади. Бугунгидек доруломон дамларни кўрган ҳар бир ақли расо инсон Яратганнинг неъматларини кўриб фикр юритиши, атроф-жавонибда бўлаётган ҳолатларга қараб ибрат олиши шубҳасиз. Зеро, муқаддаси динимиз таълимотлари ҳам мулоҳаза ила, ибрат олиб яшашга қаратилгандир.

Қуръони каримнинг муборак ояти карималарини варақлар эканмиз, ундаги бир биридан ибратли, таъсирли қиссаларни ўқиб, уларнинг сўнгида албатта Аллоҳ таоло ўз бандаларини неъматлар борасида ақл юритишга чақирганига гувоҳ бўламиз. Жумладан Бани Исроил қавми қўрғонлари ичра беркиниб олиб, Аллоҳни, Унинг неъматларини эътироф этмасдан энди бизга ҳеч нарса бўлмайди деганларида, Аллоҳ уларнинг кўнгилларига ваҳима солиб, қўрғонларини вайрон бўлганини Ҳашр сурасининг дастлабки оятларида эслатар экан унинг сўнгида:

َ فَاعْتَبِرُوا يَا أُولِي الْأَبْصَارِ

“Ибрат олинг эй ақл эгалари” (Ҳашр сураси 2 оят) дейди.

Доно халқимиз ҳам “Бирини кўриб фикр қил бирини кўриб шукур қил” деб бежизга айтмаган.

Сўнги пайтларда юртини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлиб, бошқа давлатлардан пошпана излаб юрганларнинг қийинчилик ила тўла ҳаётлари ҳақидаги маълмотлар бот-бот такрорланиб турилибди.

- Бельгия 2016 йилда 14 минг кишига бошпана берган.

- 2016 йилнинг январь ойидан июнига қадар Германияга тахминан 171,5 минг Суриялик, 60,6 минг афғон ва 56,5 минг ироқлик ташриф буюрган, каби хабарларни эшитишга қулоқлар ҳам одатланиб қолгандек гўё. (Аллоҳ мазлумларга нажот берсин)

Аслини олганда инсоният вахшийлиги сабаб ўлимга юз тутган одамлар ва болалар ҳақида айтишга тилимиз ҳам, қаламимиз ҳам бормайди. Мана шу қочқинликда ўз уйи, ўз ватани, ўз тўшагидан айрилиб ўзга юртларда мустар бўлиб юрган инсонлар ҳам ўзга сайёрадан тушган эмас, балки улар ҳам худди сиз билан бизнинг тоифамиздан. Сиз билан бизга ўхшаб иссиқ-совуқни сезадиган, фарзандларининг қорни очлигию усти юпунлигидан юрак бағри қон бўлиб эзиладиган инсонлардир.

Келинг бугун биз кўпроқ ибратланайлик. Дунёда ибратлар тўлиб тошиб ётган замонда, минглаб одамлар ўзга юртларда сарсону-саросимада юрганда бизни халқимиз кўчани тўлдириб ўз иши, юмушига, бозорга шошаётганини кўрамиз. Бу ниманинг белгиси?!

Мана шу илоҳий инъомларни ҳис қилган ҳолда ортимизда қолаётган 2016 милодий йил мустақил она Ватанимизнинг узоқ ва яқин ҳудудларда тинч-омон, фаровон яшаётган барча халқлар ҳаётида ҳам эсда қоларлик оламшумул жараён ва воқеаларга бой бўлганини хурсандчилик ила ёдга олгимиз келади.

Аллоҳ таолонинг марҳамати билан меҳнаткаш халқимиз ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда катта муваффақиятларга эришдилар. Биргина Фарғона водийси билан боғловчи Қамчиқ тунелининг ишга туширилиши халқимизга улкан қувонч бағишлаб, бутун дунёнинг эътиборини яна бир бор гўзал Ўзбекистонимизга қаратди.

“2016 йил Соғлом она ва бола” йили деб номланиб, шунчаки ҳамма шу ҳақда гапириб, пештоқларга осиб қўйилмади. Балки махсус давлат дастури қабул қилиниб, оламшумул ишлар амалга оширилганини ҳам ҳаммамиз кўриб, гувоҳи бўлдик.

Ўтган “Соғлом она ва бола” йилида хотин қизлар, хусусан оналар ва фарзандлар соғлиғига катта этибор қаратилди. Шаҳар, қишлоқларда ҳатто чекка ҳудудларда ҳам сиҳҳатгоҳлар, шифохоналар, болаларни даволаш муассасалари бунёд этилди ва замонавий тиббий жиҳозлар билан тўла таъминланди. Бунинг барчаси ҳазрати инсон омилига мустақил ва азиз давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг бир кўриниши десак, асло хато қилган бўлмаймиз.

Бугун неъмат ҳақида гапирилганда кўпчилик қимматбаҳо мошинаю, ҳашаматли ховли жойни тасаввур қиладиган бўлиб қолган. Аслида уйқуга кетиб уйғониш, янги куннинг бошланиши энг катта неъмат эканлигини англашимиз керак. Бир кунлик умрни қийматини ҳеч ким белгилай олмайди. Баъзиларни кўрамиз оёқда тураолмайди, оғзидан ҳар хил ножўя сўзлар чиқади. Баъзилар бебаҳо умр йилларини беҳуда ўтказиб юбораётганини кўриб ачинамиз. Бугунги таҳликали замонда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшасак, дунёдаги ҳолатлардан ибрат олсак юртимизнинг тинчлиги мустаҳкам, тараққиёти зиёда бўлади иншааллоҳ.

Мустақил давлатимизнинг президенти яқинда бўлиб ўтган соғлиқни сақлаш ҳодимлари билан учрашувида “Кечаги кун бугун тарихга айланди.Эртага бугун ҳам тарихга айланади” деган эдилар.

Ҳазрати Умар р.а “Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб қилинг, амалингиз (қиёмат куни) тарозуда тортилишидан олдин ўзингиз уни тортинг” деган эдилар.

Мўмин киши неъматнинг озига ҳам бепарво бўлмайди. Озида неъматни англаган бандаси кўпида ҳам ҳеч қачон лоқайд бўлмайди. У ҳар бир нарсадан муносиб ўз ўрнида фойдаланишга жидду жаҳд қилади. Келинг ҳар биримиз ортимизга боқиб ўтган умримизни бир сарҳисоб қилиб кўз олдимизга келтирайлик. У 30 йилми, 70 йилми, 80 йилми узоқ кенг кечалар, узоқ йиллар бор йўғи бир кунга тўғри келади холос. Ёши улуғ отахонларимизнинг гапларига эътибор берганимизда улар ёшлик кунларини кеча деб эслайдилар. Бу дунёда инсоннинг умри шундай тез ўтади. Бу бизнинг дунёдаги ҳисобимиз. Охиратда ҳам ҳудди шундай бўлишини Аллоҳ таоло эслатиб шундай дейди:

كَأَنَّهُمْ يَوْمَ يَرَوْنَهَا لَمْ يَلْبَثُوا إِلَّا عَشِيَّةً أَوْ ضُحَاهَا

“Улар уни (қиёматни)кўрган куни (бу дунёда қанча кўп умр кўрган бўлсалар ҳам) гўё бир оқшом ёки чошгоҳ пайти миқдорича тургандек бўлурлар” (Нозиот сураси 46 оят)

Ғафлатдаги инсоннинг мисоли ҳудди поездга минган кишининг мисолига ўхшайди: гўёки поездга минган кишининг ҳаёлида поезд тўхтаб турибди, бошқа мошиналар унинг ёнидан юриб кетаётгандек туйилади. Аслида ундай эмас, у ҳам поезд билан қўшилиб юряпди. Ёшларимиз куч қувватга тўла навқирон, ўспиринлик чоғларида мен шу ёшда турибман, бошқалар қарияпди, деб ўйлаб ғафлатда қолиб кетмаслиги керак. Балки оқар сув мисол ўтиб кетадиган умр йилларини ҳар сониясини ғанимат билмоқликлари лозим.

Азизлар! “2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да яхши ниятларни қилайлик, эзгу ишларга бел боғлайлик. Бир нарсани унутмайлик, инсон ўтган умрдан бошқа нарсада орзу қилса бўлади. Аммо ўтган йиллар энди қайтиб келмайди. Уни энди қайтиб топа олмаймиз. Ўтган умримиздан ҳам ибрат олиб элу халқ, ватанимиз ва охиратимиз учун кўплаб хайрли ишларни амалга оширишга муваффақ бўлишни Аллоҳ таоло ҳаммамизга насиб айласин.


Киритилган вақти: 19/01/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 11643
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/ibrat-bilan-yashash-saodatdir
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 01:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг