Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ҲАЁ ИНСОННИНГ ЗИЙНАТИ

 
 

Халқимизда “Имонсизда ҳаё, ҳаёсизда имон бўлмайди” деган ажойиб бир нақл юради. Албатта бу хикматли гаплар бекорига айтилмаган. Бобокалонларимиз ҳар бир айтган гапларини ҳаёт тажрибаларидан, муқаддас китобимиз Қуръону карим ва ҳадиси шарифга тўғри келадиган ва келажак авлоднинг комил вояга етиши учун хизмат қиладиган маъно-мазмунларда хикмат қилиб қолдирилган. Ҳаё имондан бир бўлак бўлиб, у имонни сайқал топишида, гўзал ва поклигида муҳим ўрин тутади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Имон олтмишдан зиёд бўлакдан иборатдир. Унинг энг афзали “ЛА ИЛАҲА ИЛЛОЛЛОҲ” калимаси бўлса, энг пастки даражаси йўлдаги инсонга азият етказаётган нарсаларни олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам имондан бир бўлакдир.”- деб марҳамат қилганлар. Қайси бир кишининг ҳаёси кучли бўлса, демак, унинг имони ҳам кучлидир. Унинг имони кучли бўлса, демак, ҳаёси ҳам кучлидир. Ҳаё билан имон бир-бирига чамбарчас боғланган, Аллоҳнинг бандаларига берган улкан неъматларидан биридир. Шундай экан ҳаёни иймон билан, иймонни эса ҳаё билан безаб ҳаётимизга тадбиқ этсак, энг гўзал, энг олий жаноб, энг иболи, энг ҳаёли, энг тақволи мусулмонга айланамиз.

Домла Боқонийнинг гўзаллик ҳақидаги шеърида:

Гўзал бўлсанг гўзалдир дунё,

Гўзалликдан яралгай зиё.

Гўзалликнинг либоси ҳаё,

Гўзалликка интилиб яша,

деб, ҳаё гўзалликнинг либоси эканлигини жуда гўзал таърифлаган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларининг бирида: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилинглар”, деганларида саҳобалар: “Алҳамдулиллаҳ, биз Аллоҳдан ҳаё қиламиз”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ унга жавобан марҳамат қилдилар: “Ҳаё бундай бўлмайди. Балки, ҳақиқий ҳаё миядаги фикрларни яхшилаш. Ошқозонни поклаш, яъни парҳезкор бўлиш ва ўлимни доимо ёдда тутиш билан бўлади. Кимки шуларга эътибор қилса Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё билан ҳаё қилибди”, дедилар.

Ҳаё фақат кишимбошда, дину-диёнатда эмас, балки кишилар ўртасидаги барча муомалаларда бўлиши керак. Ҳаёсиз одамнинг муомаласи қўпол ўзи дағал, юзи нурсиз, ҳамманинг айбини кўрсатиб битта ўзини айбсиз деб билади.

Ҳаёнинг маънодошлари орият, ибо, уят, ор-номус ва шунга ўхшаш инсоний фазилатлардир. Кимики бу фазилатларни ўзида жамул-жам этса ҳаёли кишига айланади. Ҳаёли киши эса ўз-ўзидан имонли кишига айланади. Имонли киши ватанини севадиган , ўз халқига астойдил хизмат қиладиган, муқаддас динини кўз қорачиғидек авайлайдиган чин мўмин-мусулмон бўлиб етишади. Бугунги куннинг қадрига етмасдан ватангадо бўлиб юрган ношукр бандалар қалбида на ҳаё ва на имон мавжуд.

Вояга етаётган Ўзбекистон келажаги бўлган фарзандларимиз қалбида ҳар доим имон ва ҳаё қуёш каби чарақлаб турсин. Эркинлигимиз боиси, тинчлигимиз сабабчиси, тароққиётимиз омили мустақиллигимиз давомли бўлсин.


Киритилган вақти: 22/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2888
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/hayo-insonning-ziynati
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 01:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг