Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ҲАСАД ҚАЛБНИ ЕМИРАДИ

 
 

Маълумки, Инсон ҳаёти давомида жуда кўплаб солиҳ амаллар қилишга ҳаракат қилади ва кези келганда уларни амалга оширади. Бунинг натижасида унинг солиҳ амаллар дафтарига кўплаб яхшиликлар ёзилади. Аммо шундай фурсат бўладики, инсон бу фурсатларда ўзининг яхши амалларини сақлаб қолиши ёки уларни зоеъ қилиши ҳам мумкин. Бу - ҳасад қилиш фурсати бўлиб, кимки ўзини ҳасад қилишдан тийса, бировларга берилган неъмат олдида ўзига берилган неъматни кам санамасдан шукр қилса, Аллоҳ таоло унга неъматларини зиёда қилиб беради.

Шуни айтиш мумкинки, маънавий жиноятлардан ҳисобланган ҳасад сиёсий, иқтисодий ҳамда бошқа соҳаларда кўплаб зарар келтирувчи ижтимоий иллатдир. Бу дард ҳасадчининг ўзини ҳам, бошқаларнинг ҳам вужудиниг нозик аъзоси бўлмиш қалбини касал қилиб, уни емиради.

Ҳасад икки хил бўлиб, яхши ва ёмонга бўлинади. Яхши ҳасад араб тилида “Ғибта” яъни ҳавас дейилади. Яхши ҳасад шундайки, бир инсонга берилган неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, худди шундай неъматни ўзида ҳам бўлишини умид қилиш, бу ҳавас бўлади. Яхши ҳасад ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:

" لاَ حَسَدَ إلاَّ في اثنتينِ: رَجُلٌ آتاه اللهُ مالاً فَسَلَّطَهُ على هَلَكَتِهِ فيِ الْحَقِّ وَرَجُلٌ آتاه اللهُ الحِكْمَةَ فَهُوَ يَقْضِي بِها وَيُعَلِّمُها "(رواه البخارى و ﻣﺴﻠﻢ

яъни: “Ҳасад (ҳавас) икки нарсада бўлади. (биринчиси) Аллоҳ таоло бир кишига моли дунё бериб, унга эгалик килиш ҳуқуқини ҳам беради. Берилган моли дунёни ҳақ йўлига сарфлайди. (иккинчиси) Кишига Аллоҳ таоло илму-ҳикмат беради. У илму ҳикматни (ҳаққини) адо қилади ва уни (одамларга) ўргатади,” дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Ҳасаднинг иккинчи хили ёмон ҳасад бўлиб, бировдаги неъматга рашк назари билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир. Бундай ҳасад шариатда ҳаром қилинган.

Ҳасад инсонларни ёвузликка, қабиҳ ишлар қилишга олиб келади. Зеро Парвардигор ўз фазли карами билан бир бандасига кўпроқ насиба берган экан, унга нисбатан ҳасад қилиш, уни кўра олмаслик, қандай қилиб бўлмасин уни йўқ қилишга ҳаракат қилиш оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг жуда кўплаб ҳадиси шарифларида ҳасаднинг нечоғлик ёмон иллат эканлигини, унинг оқибатлари ёмонлигини таъкидлаб, жуда чиройли тарзда тушунтириб берганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳасаднинг ёмон хулқлардан экани ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган, шундай ҳадисларидан бирида “Ким ўзарга уриниб, ўзаро ҳасад қилманглар”.

Ва яна бир ҳадисда “Мўмин банданинг ичида Аллоҳ йўлида (ютилган) чанг билан дўзах ўти жам бўлмайди. Бир банданинг ичида имон билан ҳасад жам бўлмайди”.

Ва яна бир ҳадисда “Ҳасад эгаси мендан (менинг умматим) эмас”, деганлар.

Ҳадиси шарифларда баён этилганидек, ҳасаднинг шу қадар оғир дард эканини, ҳасад эгаси бу дунёда ҳам охиратда ҳам нажот топмаслиигини ҳамда ҳасад эгаси Аллоҳ ва инсонлар назаридан четда қолишини билса, ҳасад қилишдан бутунлай воз кечиб, яхши одамлар тоифасига ўтиши мумкин. Бунинг учун ҳар қандай ҳатти-ҳаракатнинг оқибатини ўйлаб иш тутиб, барча ўзгаришларга ижобий ёндошиш лозим.

قال ابن مسعود رضي الله عنه : ألا لا تعادوا نعم الله ، قيل : ومن يعادي نعم الله ؟ قال : الذين يحسدون الناس على ما آتاهم الله من فضله .

Ибн Маъсуд р.а. “Аллоҳнинг неъматларига душманлик қилманг,” дедилар, шунда, Ким Аллоҳнинг неъматларига душманлик қилади? дейилди. У зот Аллоҳ ўз фазли билан одамларга берган неъматларига ҳасад қиладиганлар” дедилар.

Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса, гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса, бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.

Бугунги кунда инсонлар орасида энг кўп тарқалган ва сезилмас, айни пайтда, ўта юқумли ва хатарли маънавий хасталиклардан бири, айнан ҳасаддир. Юрт ичида, халқ орасида тарқалган бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасаднинг бу даражада кенг тарқалишига ҳам ўзига яраша сабаб ва омиллар бор.

Аллоҳ бандаларни яратиб, ҳаёт давомида кимнидир бой, кимнидир камбағал, кимнидир маънавий баркамол ва яна кимнидир ақлан заиф қилиб яратган. Бандалар ўзлари учун белгиланган тақдирларига рози бўлишликлари ва унинг белгилаган тақдирига, раҳматига эътироз билдирмасликлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло белгилаб қўйган тақдирга барчамиз рози бўлишимиз ва моддий, ёки жисмоний томондан ўзимиздан юқори даражада турадиган кишига нисбатан ҳасад қилмаслигимиз лозим бўлади. Ўз ўрнида Ислом динимиз ҳам бу каби иллатларни жуда қоралайди. Ҳасад юқорида айтилганидек, бошқаларга берилган фазилатларни кўра олмасликдан келиб чиқади.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримда ҳасадчиларга қарата: . “ وَمِن شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ”

“Ва ҳасад қилган ҳасадчининг (ҳасади) ёвузлигидан” -дея марҳамат қилади. (Фалақ сураси 5-оят)

Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади. Қуръони Каримнинг оятларини диққат билан ўқиган одам, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини, у кишининг мўъжизаларини, у кишига Қуръон тушаётганини кўриб-билиб туриб ҳам иймонга кирмаганлар учун асосий тўсиқ ҳасад бўлганини яхши билиб олади. Яҳудийлар “Нима учун биздан эмас, араблардан пайғамбар чиқади” дея ҳасад қилиб Исломга кирмадилар. Бошқа араб қабилалари ҳам аввал бошда шунга ўхшаш ҳаракат қилиб, Қурайшга ҳасад қилдилар. Қурайшнинг кўпчилик зодаганлари эса, нима учун бир камбағал етим пайғамбар бўлар экан-у, биз аслзодалар, қавмнинг раҳбарлари эса унга эргашишимиз керак экан, деган ҳасад билан мусулмон бўлмадилар. Кўриниб турибдики, ҳасад катта ҳалокатларга олиб борадиган дард бўлиб, ҳатто кофирликка, ҳам сабаб бўлар экан. Демак, қалбида ҳасади бор кишининг Исломга кириши ҳам амри маҳол экан.

Ҳаётимиз давомида турли хил касалликларга дучор бўлганимизда, Аллоҳ таоло барча дардларимизга шифо ато этади. Ҳар бир касалликни, иллатни шифоси бўлгани каби ҳасаднинг ҳам давоси бор. Бунинг давоси пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: “Уч нарса борки, умматим ундан қутилмайди; ҳасад, бадгумонлик ва шумланиш. Сизларга ундан қутилиш йўлини айтайинми? Қачон бир кишидан гумон қилсанг, шу гумонга кўра иш тутма. Қачонки бировга ҳасад қилсанг, зулмга ўтиб кетма. Бирор нарсадан шумлансанг, унга парво қилмай ўтиб кетавер!” -дедилар. (Абу Яълий ривояти)

Ҳасаднинг дастлабки аломатларидан бири, бу ғийбатдир. Кўчалар, кўп қаватли уйлар оралаб гап терадиганлар, гап тарқатадиганларни безовта қилган туйғу ҳам ҳасаддир. Ундайларнинг бутун вужудини бировнинг ютуғини кўролмаслик, ичи қоралик, бахиллик кайфияти қамраб олган, бундай исканжадан чиқиб кетаолмайди.

Бу иллатлар беозор яшаб юравериши мумкин, чинакам ҳасаднинг кўриниши эса “гапдан амалий ишга ўтиш”дадир. Нуқул оғзига зўр берган зот охир шу даражага етадики, ўзи ёқтирмайдиган одамига турли йўллар билан зарба беришга ўтади. Бадном қиладиган гаплар ўйлаб топади ва одамларни ёллаб, иғволарини тарқатади ва бошқа жисмоний ҳамда руҳий азоб бериш воситаларини ишга солади. Бировнинг муваффақиятидан уйқуси қочиб, безовта бўлаётган ҳасадчи қабиҳ ишлари рўёбга чиқса, хурсанд бўлиб, ўз қилиғидан роҳатланиб, яна мудҳиш режалар тузишда давом этаверади. Хуллас, у бедаво дардга чалинади.

Демак, барчамиз қалбимизда ёвуз куч каби жойлашиб олган ҳасадни қалбимиздан юлиб, Аллоҳ таолони розилигини истаган ҳолатда, Унинг берган ва тақсимлаган ризқига шукр қилсак, қилган гуноҳларимизни ўз вақтида тушуниб уларга тавба қилишга ҳаракат қилсак яратганнинг ўзи бизга мададкор бўлади.

Руҳшунослар ҳасадни бутун вужудни қамраб оладиган, ҳамма нарсани куйдирадиган, биринчи навбатда, ҳасадгўйнинг ўз шахсиятини йўқ қилишга қодир бўлган, шунингдек бу туйғуни туғдирган кишига бир талай кўнгилсизликларни келтирадиган ҳиссиёт сифатида тавсифлашади. Ҳасад осонлик билан лоқайдликка ҳам, нафратга ҳам айланиши мумкин. Охиргиси ҳасадгўйнинг эмоционал ва жисмоний саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган кутилмаган оқибатларга олиб келади. Ҳасад кишининг хатти-ҳаракатини ўзгартиради, тунлари ухлашга қўймайди, уни баджаҳл, асабий ва ғазабнок қилиб қўяди.

Имоми Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади”, деганлар. Ушбу ҳадисдан ҳасадчи инсоннинг қилган савоб ишлари бўлса, бекорга чиқиши ҳамда умуман ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини тушуниб оламиз. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳасадни худди зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам аввало ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлида нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради. Шунинг учун ҳам ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини тополмайсиз. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди.

Имом Табароний Зомрата ибн Саълабата розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар”, дейдилар. Демак, ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Одамларнинг орасидан яхшилик кўтарилганда жамиятнинг ҳалокатга дучор бўлиши шубҳасиздир!

Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина элу юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий розияллоҳу анҳу даражасига етишишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Шундай экан барчаларимиз ҳаётимиз давомида солиҳ амаллар қилиш, инсонларга ҳушмуомалада бўлиш, бировларга озор бермаслик, ёмон амаллар қилаётган яқинларимизни қўлимиздан келганича тўғри йўлга қайтаришга ҳаракат қилсак, динимиз ривожига, мустақиллигимизнинг абадий бўлишига ўз ҳиссаммизни қўшган ва ораларимизда келиб чиқаётган турли хил иллатлрага барҳам берган бўлар эдик. Дарвоқеъ шу билан бир қаторда қалбимиздаги бировларга бўлган ҳасадни енгиб борсак, Аллоҳ таоло ва инсонлар муҳаббатига сазавор бўлишимиз мумкин.


Киритилган вақти: 20/05/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3488
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/hasad--qalbni-emiradi
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 17:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг