Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ҳар биримиз масъулмиз!

 
 

Коронавирус пандемияси инсоният бошига катта синов бўлди десак муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, ҳозирги вақтда ушбу пандемия бутун дунё халқини ташвишга солиб бўлди. Мамлакатимизда ушбу касаллик тарқаб кетмаслиги учун давлатимиз томонидан барча чоралар кўриляпти. Юртбошимиз шу синовли дамларда ҳар бир юртдошимиз, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз кераклигини таъкидлади. Бундан тўғри хулоса чиқариб, ким бўлишимиздан қатъий назар, амалга оширилаётган ишларга бефарқ бўлмаслигимиз, аксинча, уни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Ҳар биримиз касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун, энг аввало, ўзимиз масъулмиз. Буни қалбан ҳис қилган ҳолда, улкан масъулият,  интизом билан амалга оширишимиз бугунги кундаги энг катта вазифа бўлиб турибди. Аҳоли ўртасида ваҳима ва саросима гапларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз лозим. Зеро, асоссиз ваҳималар ва қўрқув тушкунлик ҳолатини келтириб чиқаради, иродамизни синдиради. Бу эса касалликка мойилликни ошириб, вирусни юқтириш учун ўзимиз яратиб берган имконият бўлади.

Карантин кунларида оиламиз ва яқинларимиз ёнида бўлиб, фарзандларимиз билан бирга, масофадан таълим олиб, китоб ўқиб, уй юмушларни бажариб, шу орқали оиламиз фаровонлиги ва Ватанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшайлик.

Айни пайтда биз, имом-хатиблар аҳоли билан онлайн мулоқот қилиш орқали давлатимиз раҳбарининг халқимизга мурожаати мазмун-моҳиятини яна бир карра тушунтиряпмиз. Қилинаётган барча саъй-ҳаракатлар айнан элимиз саломатлиги учун эканини ҳар бир қалбга сингдиряпмиз.

Санитария-гигиена қоидаларига риоя қилишни кўпчилик одатдан чиқариб юборганини тан олмоқда. Шунча қилинаётган ишлар, саъю-ҳаракатларга қарамасдан чекка қишлоқ жойларида ниқобсиз кўчада юриш, 5-6 кишининг бир тўда бўлиб гаплашиб тургани, мақсадсиз автомобилларда юришлар жуда кўп кузатилмоқди.

    Шуни айтишимиз керакки, кўпга келган бу балони енгиш учун тозалик ва озодаликка қатъий риоя қилиш керак. Бунга оиладаги аёллар, оналар кўпроқ масъул эканини унутмаслик зарур.  Хонадонимиз саришта, тоза бўлса, оила аъзоларининг ҳар бири унга риоя қилса, ҳар қандай бало-қазолар, касалликлар остонамиздан узоқлашаверади.Бугунги кундаги вазият қоида ва талабларга қатъий амал қилишни тақоза қилмоқда. Карантин қоидаларига риоя қилиш билан оиламиз фаровонлиги ва Ватанимиз ривожига муносиб ҳисса қўшайлик.

Қадрли юртдошлар!

Барчамиз юксак инсоний фазилатларимиз, қадриятларимиз ва ватанпарварлигимизни намоён этиб, юртбошимиз атрофида жипслашиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик! Шундагина бу синовли кунларни биргаликда енгиб ўтамиз. Ўзингизни ва оила аъзоларингизни, яқинларингизни эҳтиёт қилинг! Бу ишда “Ҳар биримиз масъул” эканлигимизни  унутмайлик!

Пастдарғом туман “Нурул Ислом” жоме масжиди имом-ноиби С.Чахоев


Киритилган вақти: 09/06/2020 12:59;   Кўрилганлиги: 1068
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/har-birimiz-masulmiz
Чоп этилган вақт: 21/06/2025 21:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг