Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ГЎЗАЛ ВА БЕТАКРОРИМСАН, ФАХРИМСАН ВАТАН

 
 

Ҳаммамизга маълумки, мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Ана шу қисқа муддат ичида юртимиз таниб бўлмайдиган даражада ўзгардики, унинг чиройидан кўзларимиз қамашиб, қалблар қувончга тўлиб, кўнгиллар яйрайди. Ҳар бир соҳа вакилига ўзига топширилган вазифани аъло кайфият билан, аъло даржада бажараётганлиги, ватанга бўлган меҳр-муҳаббати, одамларга бўлган ҳурмат-эҳтироми, эртанги кунга бўлган ишончини янада ошириб, кучига куч, қувватига қувват қўшмокда. Шу жумладан биз диний ходимлар ҳам ўз зиммамизга юклатилган вазифаларни имкон қадар баҳоли қудрат бажариб келмоқдамиз. Бугунлик кунда шаҳримиздаги масжидлар замон талаби даражасида ободонлаштирилгани, намозхонларга тўлиқ қулайликлар яратиб берилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Биз бугун ҳар қандай меҳмонни кутиб олиб, ютуқларимиз билан таништириб, бирон бир камчиликсиз кузатиб қўйиш даражасига етганлигимиз Давлатимиз раҳбарларининг олиб бораётган одилона сиёсати, меҳнати самарасидир. Мустақиллигимиз шарофати ила шундай олий даражаларга эришдик. Бу даражадан тушмаслик учун ўзимизни ва ёшларимизни ҳар қандай ёвуз кучлардан, фитналардан,тухматлардан, дин ниқоби остида ҳаракат қилаётган динсизлардан, “оммавий маданият” деб аталмиш офатлардан асрашимиз керак.

Йигирма беш йил ичида қўлга киритилган ютуқлар ўз-ўзидан бўлиб қолган эмас. Бу ютуқлар ватан ишқида ёнаётган, халқи учун елиб югираётган, келажак учун қайғураётган, миллатининг ор номуси учун жонини фидо қилаётган олижаноб инсонларнинг меҳнати, сайъ-ҳаракати эвазига келгандир. Юртбошимиз “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида: “Дунёдаги зўравонлик ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе килиб, буйсиндирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш, миллий қадриятлари, тарихи ва маьнавиятидан жудо қилишга уринади” деб таъкидлаганлар. Демак бизлар миллий қадириятларимизни, тарихимизни, маънавиятимизни янада ривожлантирсак, янада кучайтирсак, бизни ҳеч ким ҳеч қандай куч ҳеч қачон енга олмайди.

Пайғамбаримиз (с. а. в. ) хаётлик вақтларида асло вужудга келмаган аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осайишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмони фарқига бормаса, мўминга зиён етказишдан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас”, (Муслим ва бошқалар ривоят килган) деб кескин айтганлар. Ватанни севиш, унга хизмат килиш, уни ардоқлаш, уни мадҳ этиш, у билан фахрланиш ҳар бир миллатнинг шон-шавкатидир. Мен Ўзбекистонда туғилганлигимдан шундай юртда тарбия топганимдан ва шу элга хизмат килаётганимдан фахрланаман. Ўзбекистонда туғилиб шу юртнинг нон тузини еб, бугун ўзга юртларда ватангадо бўлиб юрган, ўз халқига лой чалпитаётган иймони заиф, виждонсиз кимсаларга ”Ўзбекистон келажаги буюк давлат. Агар сен ўз келажагингни ўйласанг, охиратинг обод бўлишини хоҳласанг ҳали ҳам кеч эмас, ўз фикрингдан қайт. Халқингдан, Юртбошингдан кечирим сўра. Зеро ўзбек халқи бағри кенг, олийжаноб, самиймий, кечиримли халқдир. Сен ўзга юртнинг ёлғон фитналарига алданиб юргандан кўра ўз юртингни хақиқатига тик боқ ва тан ол, дегим келади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Юнус сураси 82-оятида “,Гарчи жиноятчилар ёқтирмасаларда Аллоҳ ўз сўзлари (амирлари)билан ҳақиқатни руёбга чиқарур”, деб марҳамат қилганлар. Ҳақиқат шулки, Ўзбекистондек буюк алломалар юртини ташлаб, ота-онасига оқ бўлиб, ширин-шакар фарзандлар кўз ёши уволига қолган ношукр кимсалар хорижда бахтли бўлаётгани йўқ.

Аллоҳнинг назари тушган Ўзбекистонимизга кўз тегмасин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин. Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним. Сендек юртнинг фидокор фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Ифтихоримсан, фахримсан Ватан.


Киритилган вақти: 01/09/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3246
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/gozal-va-betakrorimsan-faxrimsan-vatan
Чоп этилган вақт: 11/12/2024 23:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг