Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Гигенага Исломнинг муносабати

 
 

Азиз биродарлар, Аллоҳ таоло сизу бизга покликни севишини сифатлаб шундай дейди:

فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ

“Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради”. Тавба сураси 108-оят

Ислом дини соғлиқни сақлаш, тозаликка риоя этишга жуда катта аҳамият берган. Мусулмончилигимизнинг қайси бир китобини очмасангиз, хоҳ у ҳадис бўлсин, хоҳ у фиқҳий-шаръий ҳукмлар бўлсин биринчи бўлиб “Поклик” мавзусига кўзингиз тушади. Фақатгина бизнинг динимизда, Ислом динида тозалик ибодат даражасига чиққан. Қайси бир иш бўлмасин, дунёдаги ҳаёт турмушимизнинг дунёви ишлари ёки ибодатларимиз бўлмасин, барчаси поклик билан амалга ошади. Буни ҳозирги фан тилида “гигиена” дейилади.

Юқорида зикр этилган оят ва тозалик борасида айтадиган ҳадисларимиз буларнинг барчаси покликка – гигиенага риоя қилишга ундайдиган бир омилдир. Шунинг учун Расулуллоҳ с.а.в. шундай марҳамат қилганлар:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم الطهور شطر الإيمان

“Поклик иймоннинг ярмидир”.

Демак, биз иймонли мўмин бандалар эканмизми, покликка риоя қилишимиз лозимдир. Тозалик бу иймонимизнинг ярми экан, поклик бу динимизнинг ярми экан. Тозалик-озодалик бўлмаса, ҳеч бир ибодат мақбул эмас, қолаверса, соғлиғимизга ҳам зарардир.

Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Таомнинг баракаси ундан олдин икки қўлни ювмоқдир ва ундан кейин икки қўлни ювмоқдир”. Ушбу ҳадислар билан Ислом маданиятимиз қанчалар юксак эканлигини англашимиз мумкин.

Бу эса шахсий гигиенанинг бир кўриниши, яъни инсон нафас олганда кислород ютиб, нафас чиқарганда карбонат ангидрид ва шу билан ҳар хил микроблар чиқади. Шу сабабдан Расулуллоҳ с.а.в. ичимликка пуфлаш ёки ичига нафас олишдан қайтардилар.

 Жобир р.а. Расулуллоҳ с.а.в.ни бундай деганларини эшитибдилар: “Идишларнинг устини ёпинг, мешкобларнинг оғзини боғланг. Чунки йилда бир кеча бор, унда вабо тушади. Ёпқичи йўқ идиш, боғичи йўқ мешкоб олдидан ўтганда ўша вабодан, алабатта, уларга тушади”, дедилар.

Бу ҳадиси шарифда ҳозирги медицина илмлари тасдиқлаган ва қатъият билан амал қилаётган озиқ-овқатлар орқали, уларга тушган микроблар орқали турли касалликлар, беморликлар, ваболар тарқалиши мумкин эканлиги таъкидланмоқда.

      Ислом дини покликни ҳар биримизга ибодат қилиб, иймоннинг ярмига тенглаштириб қўйгани ва ибодат нопок ҳолда қабул қилинмаслиги бежиз эмаслиги хақида тушунтиради.

Муҳтарам азизлар, Ислом маданияти буюк хазора, юксак маданият эканлигини  яхши англаб олайлик.

Бунинг яққол далили, ҳозир биз билган, эшитган ҳадис шарифлардаги биргина шахсий озодалик, гигиена, поклик мисолида билиб олишимиз мумкинки, бизнинг динимиз, Ислом дини нақадар энг тўғри дин эканлигини, инсониятни покликка олиб борувчи ва фақат башариятнинг фойдаси учун хизмат қилишини ва энг аввало бу дин БУЮК ВА ҚУДРАТЛИ БЎЛГАН ЯРАТУВЧИМИЗНИНГ ҳақ дини эканлигини билиб олишимиз керак.

Абдуманнон Муродов

- Булунғур тумани “Оломон” масжиди имом хатиби    


Киритилган вақти: 09/04/2020 11:38;   Кўрилганлиги: 854
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/gigenaga-islomning-munosabati
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 07:12
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг