Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Фиқҳ

Абу Ҳанифанинг етук шогирди

 
 

Буюк имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўзидан катта илмий мерос қолдирган. Устози Ҳаммод ибн Сулаймондан кейин илмий мажлисларга ўзи бош бўлди. Имомнинг шогирдларининг адади кўп бўлиб, улар етмишдан зиёд эди. У зот шогидларига меҳрибон эдилар. Нафақат илм ўргатибгина қолмай уларга одоб-ахлоқ, уламолар, улуғлар ва оддий халқ  билан қандай муомалада бўлишни ҳам ўргатиб борар эдилар.

Абу Ҳанифанинг ўзи устози Ҳаммодга беқиёс эҳтиром кўрсатар эди. Устозининг уйига борганида ўзи чиққунича кутар эди. Ўзининг уйида бўлганида ҳам устозининг уйи томонга оёқ узатмасди. Ваҳоланки, у билан устозининг уйи орасида еттита кўча бор эди. Абу Ҳанифанинг шогирдларидан етук олимлар етишиб чиқиб, Ҳанафий мазҳабининг дунёга кенг ёйилишига шогирдларининг хизматлари  беқиёс бўлди. У зот шогирдларига ихлос билан таълим бериб “Сиз менинг қалбим қувончи, ғамларим аритувчисиз” дер эди.

Шундай буюк устоздан етук шогирдлар етишиб, улар мужтаҳид даражасига етдилар. Улар ичида энг олими, Абу Ҳанифага суюклиги Абу Юсуф эди. Абу Юсуф у зотнинг куняси бўлиб, тўлиқ исми –  Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабибдир. У ҳижрий 113 йилда Куфада  дунёга келиб, она шаҳрида вояга етди ва у жойда илм ўрганиб, улуғ мақомга эришди. Абу Юсуф онаси билан фақирона ҳаёт кечирар эди. У ёшлигидан ниҳоятда зийрак, илмни яхши кўрадиган, қобилятли йигит эди. Абу Ҳанифанинг илм мажлисларига бориб, илм ўрганишни бошлаганидан кейин Абу Ҳанифа Абу Юсуф ва унинг оиласига ғамхўрлик қила бошлади. Абу Юсуф Абу Ҳанифага нафақат шогирди балки ўғлидек бўлиб қолган эди. Устози унинг илмга чанқоқлигини ва зукколигини билиб, илмий мажлисларнинг котиби қилиб тайинлади.

Абу Ҳанифанинг яна бир етук шогирдларидан бири Зуфар ибн Зухайл бўлиб Абу Юсуф билан кўп илмий баҳс-мунозара қилар эди. Абу Ҳанифанинг ўғли Ҳаммод отасининг ўнг томонида Абу Юсуф чап томонида эса Зуфар ўтириб, илмий баҳсу мунозара қилаётганларини кўп кўрганини ривоят қилади. Қачонки, Абу Юсуф бир сўз айтса Зуфар уни рад қилар, Зуфар бир бир сўз айтса Абу Юсуф рад қиларди. Уларнинг баҳсу мунозараси бомдод намозидан кейин бошланиб пешин намозигача давом этарди. Абу Ҳанифа бу икки шогирдининг илмий салоҳиятига хурсанд бўлиб, кузатиб тарарди. Муаззин пешин намозига азон айтганида Абу Ҳанифа Зуфарни сонига аста уриб қуйдида “Абу Юсуф бор шаҳарда илмда етакчиликка умид қилинмайди” деди. Бу сўз билан Абу Юсуфни ғолиблигига ишора қилган эди.

Абу Ҳанифанинг васиятларидан бири алоҳида Абу Юсуфга айтилган бўлиб, ҳар биримизга дарс бўлиши лозим. Васиятда айтилади “Сен ўз шогирдларингга ўғлинг ва фарзандларингдек эътиборли бўл. Уларнинг илмга рағбатини зиёда қил, кимки сен билан инсонлар орасида баҳслашмоқчи бўлса, сен у билан баҳслашма. Чунки, бу нарса сени юзингни сувини кетказади. Кимни олдида бўлсанг хақиқатни айтишдан уялма”. Халифа Хорун ар-Рашид ўз давлатида биринчи қозилик лавозимини жорий қилиб унга Абу Юсуфни тайинлади, ҳатто Абу Юсуф “Қозилар қозиси” номини олди. Абу  Ҳанифа вафотидан кейин у зотнинг илмий мажлисига Абу Юсуф бошчилик қила бошлади.

Уламолар айтадилар: Хақиқатда “Фиқҳ усулларига Абу Ҳанифа асос солган бўлсада, Ҳанафий фиқҳ усулларини кенг ёйилишига катта ҳисса қўшиб, у хақда асарлар ёзган Абу Юсуфдир”.

Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг 92% аҳли сунна валжамоа йўналишида бўлиб, уларнинг 47% Ҳанафийлардир. Ҳанафий мазҳабининг кенг ёйилишига бир қанча сабаблар бўлиб, уларнинг асосийси учтадир:

Биринчи: Абу Ҳанифанинг шогирдлари кўплиги;

Иккинчи: Шогирдларининг шогирдлари кўплиги;

Учинчи: Ҳанафий мазҳаби Аббосийлар даврида расмий мазҳаб деб эътироф этилиши.

Абу Юсуф жуда кўп асарлар ёзган бўлиб, уларда ўзининг ва устозининг қарашларини келтириб ўтган. Абу Юсуф устози Абу Ҳанифа вафотидан ўттиз икки йилдан сўнг 182 ҳижрий йилда вафот этади.                  

       

Мансур РАББИМОВ, Иштихон туман “Зарбанд” жоме масжиди  имом хатиби

Доктор Ториқ Муҳаммад Сувайданнинг “Абу Ҳанифа на-Нуъмон” китоб асосида тайёрлади


Киритилган вақти: 26/09/2019 12:52;   Кўрилганлиги: 1599
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/fiqh/abu-hanifaning-etuk-shogirdi
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 02:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг