Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Фарзанд ихлосининг асоси - онанинг ниятидир

 
 

Бирор оилада хислатли бир фарзанд туғилиб қолса, ҳамма ўша оилага ҳавас қилади. Лекин ўша хислатли фарзанд нега айнан ўша оилада туғилди? Ундан бошқа бой, қудратли, фазилатли оилалар ҳам кўп-ку!..

Тарих зарварақларини синчиклаб саҳифаласангиз, уларда баён қилинган воқеа-ҳодисаларни ижикилаб ўргансангиз хислатли-фазилатли фарзандларнинг манбаси ОНА эканига яна бир карра гувоҳ бўласиз.

Бинобарин, Сарвари коинотимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳтарама оналари – Омина онамиз энг покиза, энг тақводор, Аллоҳ таолони энг яхши кўрган аёл бўлганидан хабаримиз бор. Шундай бўлмаганида у пайғамбаримизни дунёга келтириш шарафига муяссар бўла олармиди? Зеро, пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари: “Мен онамнинг тушиман”, деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бир неча солиҳа аёлларни зикр этиб уларнинг гўзал хулқларини бизга ўрнак қилиб кўрсатган. Раббимиз аёлми ё эркакми – жамики инсонлар бажарган солиҳ амалларига қараб савоб олишининг хабарини берган:

“Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлгани ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сурасининг 97-ояти)".

Албатта, эркаклар яратилишига кўра аёллардан қувватли, фаол ва бошқа имкониятларга эгадир. Шу сабабдан улар кучларини савобли ишларга сарфлаб янада кўпроқ савоб олишга эришади. Аммо хотинлар ҳам ўз зиммаларига тушган вазифаларни ихлос билан бажара олса, Аллоҳ таоло уларнинг ажр-мукофотини ҳам зиёда қилиб беради.

Раббимиз бир ояти каримда:

”Албатта, Мен сизлардан амал қилувчининг – хоҳ эркак бўлсин ва хоҳ аёл бўлсин, биридан-бирининг амалини зое қилмасман” (Оли Имрон сурасининг 195-ояти).

Аллоҳ таолонинг наздида энг аҳамиятли бўлгани – амалнинг катталиги эмас, ихлослисидир. Шунинг учун аёллар ҳам амалларини кичик кўрмасдан ихлос билан юракдан бажармоққа диққат этмоғи керак. Бунинг энг гўзал мисоли ҳазрати Марямнинг онаси ҳақидаги ҳикоядир.

Ҳазрати Марямнинг онаси Исроил авлодларидан солиҳа бир аёл эди. Эри Имрон эса қавмининг пешқадам олимларидан саналарди. Ҳазрати Сулаймондан давом этиб келаётган Имрон мансуб бўлган насл Исроил ўғилларининг обрўли уруғларидан эди. Улар Аллоҳнинг динини ўргатиши ва татбиқ этилишини тарғиб этиб мумтоз бир мавқе қозонган эди.

Фақат кейинги замонларда Исроил авлодлари орасида динга боғлиқлик заифлашиб қолган эди. Йиғинларда олиму фозиллардан кўра бойларга ва кучлиларга эътибор қаратилар эди. Илм шуҳрат қозониш учун ўрганилар эди. Баъзилар Аллоҳнинг динини садоқат ила ўрганиб ўргатмас, кучлиларнинг манфаатига мос бўлган фатволар берар эди.

Ўша замоннинг набийси Закариё алайҳиссалом билан Имроннинг аёли опа-сингил эди. бу икки қизнинг боласи бўлмаган эди. Ҳазрати Закариё ва Имрон бу имтиҳонга сабр қилар, солиҳа хонимлар бўлган завжаларини хафа қилмас эдилар.

Ният самимий бўлса...

Шу тариқа кунлар ўтиб борар экан, Имроннинг аёли бир куни тумшуғида болаларига озиқ олиб келган қушни кўриб қолади. Юрагида фарзанд севгиси ва эрига бир фарзанд туғиб бера олмагани учун ҳазинлик туяди. Шундай бўлса-да, Аллоҳга исён этмайди. Аммо ўзига ўзи:

“Агар Раббим менга бир фарзанд берса эди, уни Байтул Мақдиснинг хизматини вақф этардим”, деди.

Раббимиз унинг кўнглидан кечганини, албатта, билди ва самимиятини синамоқ учун бир фарзанд ато қилди. Ҳеч қанча вақт ўтмай у юкли бўлганини ҳис қилди. Катта ёшда бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло унга фарзанд неъматини насиб айлаганига севинди.

“Кўп шукр, Раббим менга она бўлиш бахтини насиб айлади. Энди мен уни Раббимнинг хизматига юбораман. Зотан, мен фарзандим бўлса унинг фақат Раббимнинг хизматини қиладиган бўлишини орзу қилган эдим”, деди.

Қуръони каримда:

“Эсланг, (эй Муҳаммад!) Имроннинг хотини (Ҳанна): “Эй Раббим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ташвишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим. (Уни) мендан қабул эт! Албатта, Сен Самеъ (эшитувчи) ва Алим (билимдон)дирсан”, – деб дуо қилди” (Оли Имрон сурасининг 35-ояти).

Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом Байтул Мақдисни барпо этганида бу ер ҳам ибодатхона ҳамда Исроил авлодлари диний таълим оладиган ва хизматларини бажарадиган бир марказ бўлди. Истаган кишилар, билҳисса, дин хизматида бардавом бўлишга ғайратли бўлган оилалар, ўғил болаларини ибодатхона хизматига бағишлар эди. Болалар бу ерда ҳам дин илмини ўрганар, ҳам хизмат қилар эди, етишганда эса қобилиятига кўра турли хизматларга тайинланар эди. Қиз болаларни ибодатхонага атамоқ одати йўқ эди. Ҳатто аёлларнинг ибодатхонага кириши ҳам тақиқланган эди.

Имрон олим одам эди. баъзи ривоятларга кўра, хотинининг қарорни эшитгандан сўнг андиша қилиб:

“Сен унинг қизми, ўғил эканини билмасдан туриб, нега бундай қилдинг. Агар қиз туғилиб қолса, унда нима қиламиз?” деди.

Уни жуда қаттиқ ўй босди. Аммо бўлар иш бўлган эди, қиладиган бошқа иш қолмаган эди. Аллоҳга таваккал этдилар.

Орадан кўп ўтмай Имрон вафот этди. Унинг хотини эрининг қучоғига бир фарзандни сола олмагани учун куйиб, ой-кунининг яқинлашишини кутиб қолаверди.


Ваъда вафоси билан гўзал

Ниҳоят тулғоқ санчиқлари бошланди. Имроннинг хотини бутун қалби ила фарзандининг ўғил бола бўлишини истар эди. Агар ўғил бўлса отасининг исмини қўйишни ва унинг мавқеига муносиб бир олим бўлишини истарди. Аммо бола қиз туғилди.

Бир ёнда қариганда она бўлиш бахтининг насиб этгани севинчи, иккинчи тарафда ваъда борасидаги кўнгил ҳузурсизлиги… Энди нима қилади?

Эри ҳам вафот этган. Қарорни ўзи қабул қилиши керак. Бир оз ўйланди. Уни ибодатхонага атаркан қизми, ўғилми туғилишини билмас эди. Аллоҳ таоло эса, албатта, қиз бўлишини билар эди. Модомики, Аллоҳ таоло бу чақалоқнинг аталганини билгани ҳолда қиз бўлишини тақдир этган экан, унда ниятни жойига келтириш керак. Нима бўлса, бўлсин, бу чақалоқ ибодатхонага, таълим ва хизматга аталади.

Шу қарор билан чақалоқнинг отасини “Марям” қўйди. Марям – қул аёл, хизматчи демоқдир. У Аллоҳнинг қули, Аллоҳнинг ибодатхонасида хизматчи бўлади. Алҳосил, хотинлар ҳам Аллоҳнинг қуллари эмасми?

“Кўзи ёригач, деди: “Эй Раббим, мен қиз туғдим, – ваҳоланки, Аллоҳ унинг нима туққанини билувчироқ эди. Ахир, (у кутган) ўғил бу қиздек (хислатли) бўлмасди. – Мен унга Марям деб исм қўйдим ва унга ҳамда зурриётига қувғин этилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан сўрайман” (Оли Имрон сурасининг 36-ояти).

Имроннинг хотини қизини юргаклади. бир қанча вақт эмизиб боқди. Сўнгра уни олимларнинг ҳузурига олиб борди.

У вақтда Байтул Мақдисда хизмат қилган диний олимлар талабалар етиштирар ва халқни иршод этар, диний вазифларни бажаришда халққа имомлик қилар эди.

Имроннинг ибодатхонага аталган биргина боласининг қиз туғилганини ҳаммаси эшитган эди. Ўша вақтга қадар ибодатхонага бирорта қиз бола олиб келинмаган эди. Шу боисдан бу ниятнинг бажарилиши юзасидан олимларнинг фикрлари турлича бўлиб қолди.

Албатта, бутун умр сабр-тоқат билан кутган оналик севинчини яшаган бир хотин учун боласидан айрилишнинг қанчалик оғирлигини тасаввур қилиш қийин. Агар ваъдасидаги самимияти ва қарори бўлмаганида бу ихтилофлардан ҳийлаи шаръий йўлига кириб, “Бола қиз туғилиб қолгани боис ваъдамни бажариш имкони бўлмади”, деб ўзини “оқлаб” олиши мумкин эди. Ҳатто бунинг учун илмий далиллар ҳам топилар эди. Шундай қилса, боласи ҳам ўзида қоларди. Уни турли-туман егуликлар билан боқиб, бир-биридан гўзал кийимлар кийдириб ясантириб қўя оларди.

Бироқ Имроннинг хотини олимларнинг фикр ва ихтилофларида илгари сурилган далилларни эмас, ўзининг масъулиятини ўйлар эди. У Аллоҳга сўз берган. Энди ваъдасини бажаришга мажбур.

Қалбидаги ниятининг самимий эканига ишониб чақалоқни олимларнинг олдига қўйди ва:

“Шу болани ибодатхона хизматига атадим!” деди.

Бу муборак онанинг Аллоҳга берган сўзида туришга қанчалик ғайрат этаётганидан олимлар қаттиқ таъсирланди. Ҳатто бошида қиз боланинг ибодатхонага келишини маъқул кўрмаётган олимлар ҳам уни ўз ҳимоясига олишни истаб қолди

Қизнинг отаси Имрон тақводор олим эди. Унга ҳурматлари баланд эди. Имроннинг қизи эса уларга омонат эди. Ҳаммаси Имроннинг омонатига эгалик қилишга ҳақли эканига оид ҳужжат-далил келтира бошлади. Закариё алайҳиссалом эса:

“Уни боқишга ҳаммангиздан кўра мен ҳақлиман, чунки унинг холаси менинг завжамдир”, деди.

Унинг ҳам гапини қабул қилмаганларидан сўнг қуръа ташлашга қарор қилишди. Қуръа Закариё алайҳиссаломга чиққанидан сўнг у ҳазрати Марямни боқиб олишни ўз зиммасига олиб чақалоқни хотини олиб бориб берди.

Шундай қилиб, ҳазрати Марям Закариё алайҳиссаломнинг уйида вояга етди. Таълим ва ибодат учун ибодатхонага жойлашадиган вақти етганда Закариё алайҳиссалом ибодатхонадан унинг учун хона-меҳроб тайёрлади. Бу хонага фақат нарвон билан кўтарилиш мумкин эди ва унга Закариё алайҳиссаломдан бошқа ҳеч ким кириб-чиқа олмас эди.

Закариё алайҳиссалом Марямнинг олдига келиб егулик ва ичкиликларни қўярди ва қайтаётганда хона эшигини қулфлаб кетар эди. Ҳазрати Марям бу ерда ўзини ибодатга бағишлаган эди. Ҳазрати Закариё Марямнинг олдига келганида унинг дастурхонида мавсумда пишмайдиган сархил мевалар турганини кўриб ҳайрон бўлар эди.

Ҳазрати Марямга фақат жаннат мевалари эмас, қанча муждалар ҳам келар эди. Натижада у фаришталар билан бирга зикр этган, Жаброил алайҳиссалом жон пуфлаган, аёлларнинг фахри-ғурури бўлган муборак бир аёлга айланди.

Манбаларда, унинг онасининг оти Ҳанна бўлгани айтилади. Ҳазрати Марямнинг онаси бизга фарзанднинг ихлосининг тамали онасининг унга ҳомила бўлган вақтдаги ихлоси ва ниятига боғлиғлигини кўрсатмоқда.

Демак, қайси она фарзандини самимият ила Аллоҳ йўлига бағишласа, ўша бола Аллоҳни севган банда бўлар экан.

Шундай қилиб, фарзанднинг Аллоҳ йўлига аталишида унинг қиз туғилиши муаммо туғдирмас экан. Аллоҳ таоло бандадаги устунлик аёл ёки эркакликда эмас, тақвода деб айтмоқда. Тақвоси бўлмаган эркакнинг тақволи эркакдан ҳеч қандай устунлиги йўқ. Зеро, Аллоҳга аталган Марям инсонларни ўзига сажда қилишга буюрган фиръавндан жуда ҳам хайрлидир.

Оналикнинг шарафи ўғил туғиш билан ортмайди, қиз туғиш билан камаймайди. Фақат она фарзандим Аллоҳни севадиган банда бўлсин деган самимий ният ила дунёга келтирса бас.

манба: muslim.uz


Киритилган вақти: 12/08/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1283
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/farzand-ixlosining-asosi---onaning-niyatidir
Чоп этилган вақт: 15/06/2021 06:12
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг