ФАРЗАНД АЗИЗ-ОДОБИ УНДАН АЗИЗ
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, Мен Одам фарзандини мукаррам қилдим”,[1] яна бир оятда: “Мен инсонни ерда ўзимга халифа қилдим”,- дейди.[2] Шунингдек, бошқа оятда Закариё алайҳи-с-салом тилидан “Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан!”[3] деган чиройли дуони бизларга ўргатди.
Аллоҳ таоло инсонни барча махлуқотлари ичида энг улуғи, мукаррами қилди ва инсонга коинот ичидаги барча махлуқотларини бўйсундириб, уни азиз қилиб яратди. Инсоннинг азиз ва мукаррамлиги унинг ахлоқи ва тарбияси биландир. Шунинг учун халқимизда “Фарзанд азиз – одоби ундан азиз” мақоли мавжуд. Чунки, инсонни улуғлайдиган, уни умри давомида порлоқ келажак сари одимлаб камол топишида одоб-ахлоқ энг муҳим воситадир.
Ота-она ҳеч қачон унутмасинки, унга берилган фарзанд доим болаликда қолмайди. Шунинг учун фурсатни ғанимат билиб бугуннинг боласи эртанинг улуғ инсони бўлишини ҳаракатини қилмоқ керак.
Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси Ислом динида сабр-тоқат, молу давлат ва узлуксизлик жараёни билан вақт талаб этиладиган жуда масъулиятли вазифа ҳамда узоқ вақт давом этувчи ибодат деб қаралади. Мана шу воситалар орқали унинг руҳи камол топиб ақли ва жасади қувватли бўлади.
Бола тарбияси ота-она ва муҳитдан соғлом фикр, соғлом эътиқод, илм-маърифат ва амал ҳамда намунани талаб этади. Шу сабабли Расулуллоҳ с.а.в. тарбияда ота-онанинг аҳамиятини ва масъулиятини таъкидлаб: “Ҳар бир чақалоқ Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирувчи бўлгунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса, ота-онаси уни яҳудийлаштиради ёки насронийлаштиради ёки мажусий қилиб қўяди”[4] – деганлар
Ушбу ҳадисдан Ислом фитратида қалби покиза бўлиб дунёга келган болалар ота-онанинг бепарволиги сабабли турли нотўғри йўлга кириб кетиши мумкинлигини анлашилади. Демак ёшлардаги ёмон ахлоқ ва уларни нохуш оқибатлари учун аввало ота-она ва қолаверса барчамиз масъулдирмиз. Аллоҳ таоло ота-оналарга шундай хитоб килади.
“Эй, иймон келтирганлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиқ қўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (турурлар)”[5]
Расулуллоҳ с.а.в. кўп бора ушбу оятдаги амрни таъкидлаб, фарзанд тарбиясига жиддий эътибор бериш лозимлигини уқтирганлар. Жумладан:
“Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобини чиройли қилинг”.
“Фарзандларингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг”.
“Фарзандларингизни (Аллоҳ томонидан бўлган) амрларга бўйсинишга ва қайтариқлардан сақланишга буюринглар. Чунки мана шу нарса уларни дўзахдан сақловчидир”.
“Фарзандларингизни уч хислатга одатлантиринг: Пайғамбарингизнинг с.а.в. ва унинг аҳли байтининг муҳаббатига ва Қуръон тиловатига. Албатта Қуръонни ёд олиб кўтарганлар қиёматда – Аллоҳнинг арши соясидан бошқа соя бўлмаган кунда – Унинг соясида турадилар”[6].
Юқоридаги келтирилган оят ва ҳадислар, фарзанд тарбияси нақадар муҳим эканлиги ҳақида баён қилади. Дарҳақиқат, яхши тарбия – саодатли келажакдир, ёмон тарбия эса истиқболсиз келажакдир. Биз фарзандимизга яхши тарбия бериш орқали келажагимизда ҳосил берадиган меванинг уруғини ерга қадаётгандек бўламиз. Аллоҳ таоло берган фарзандларимиз бизларга омонат эканлигини ҳис қилмоқлиғимиз лозим.
[1] “Исро сураси 70-оят”. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолари таржимаси. “Шарқ” нашриёти. 2007.
[2] “Бақара сураси 30-оят”. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маънолари таржимаси. “Шарқ” нашриёти. 2007.
[3] Оли Имрон, 38.
[4] Жумъа маърузалари, Мовароуннаҳр. Т., 2004 й
[5] Абдулазиз Мансур, Қуръони кари маънолари таржимаси, ТИУ, 2001 й. Таҳрим, 6.
[6] Жумъа маърузалари, Мовароуннаҳр. Т., 2004 й
Киритилган вақти: 22/11/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2241
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 11:36