Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

ХИЗМАТ ҚИЛСАНГ ХИЗМАТ КЎРАСАН

 
 

Яқин кунларда бомдод намозини ўқиб масжиддан чиққанимизда чамаси 30 ёшлардаги бир йигит олдимга келиб, домла, менга сизни ёрдамингиз керак, деб қолди ва оиласи нотинч эканлиги, турмуш ўртоғи билан онаси келиша олмай, натижада турмуш ўртоғи аразлаб кетмоқчи эканлигини айтди. Уйга сизни олиб борсам, хотинимга насиҳат қилсангиз, зора тушунса, деб қўйарда қўймай машинаси билан уйига мени олиб кетди.

Йўлда кетар эканмиз вазиятни янада тушунтиришини сўрадим. У менга “Оилада 3 фарзандмиз, иккита синглим бор. Уларнинг иккиси ҳам яхши жойларга келин бўлган бахтли ҳаёт кечирмоқда. Отам эса касаллик туфайли 5 йил муқаддам дунёдан ўтган. Ҳозир 60 ёшли онам, турмуш ўртоғим ва икки фарзандим билан бир ҳовлида яшаймиз”, - деди. Шу аснода уйига ҳам етиб келганимизни сезмай қолдим. Дарвозадан кирар эканмиз ҳовли супураётган онахонга кўзим тушди. У киши бизни кўриши билан қўлидаги супургини қўйиб, дарҳол меҳмонхонага таклиф қилдилар ва чой дамлагани чиқиб кетдилар. Йигит бориб уйқуда ётган хотинини уйғотиб чиқди. Қўлида 3 ёшли боласини кўтаган ҳолда норози кайфият билан келинчак кириб келди. Улар билан суҳбатлашдим. Келин алоҳида яшашга рози, аммо қайнона билан бир ҳовлида яшашдан кўра ажрашаман, дейди. Пок динимизда  ота-она ва ёши улуғларни гапларига итоат этиш, уларни насиҳатлари ва баъзи хатоларимизни айтишлари биз учун фойдали экани ҳақида тушунча бердим. Лекин келин ўз қарорида маҳкам туриб олган. Қараб турсам бағрига босиб олган ўғилчасини ҳали бошини силайди, шўхлик қилиб сакраётган жигарбандига меҳр кўрсатаяпди. Мен билиб турсам ҳам ундан, бу ўғилча кимники, деб сўрадим. У ўғилчасига қараб, асалим, полвоним, бу мени ўғлим, онасини ўғли, дея жавоб берди. Хўп, яхши кўрасизми ўғилчангизни десам, албатта, деб жавоб берди. Қайнонангиз ҳам сиздек ўғилчасини, яъни сизни эрингизни жуда яхши кўради. Келин, сиз эсланг, бу ўғилчангизни 9 ой бағрингизда кўтардингиз, дунёга келишида бир ўлиб тирилдингиз, кечалари ухламасдан бешигини тебратаиз, оқ ювиб оқ тарайсиз. Ҳали бу ўғилчангиз катта бўлгунча қанча машаққат тортасиз, ўқитасиз, уй-жой қиласиз, ҳамма нарсангизни бериб катта қиласизда вояга етгач уни уйлантирасиз. Ўша вақтда сиз ҳам қайнонангиз ёшларидаги инжиқ, гапи келинга ёқмайдиган қайнонага айланасиз. Келинингиз ҳозир бағрингизга босиб турган ширин ўғилчангизга, мен онангиз билан яшай олмайман, онангизни ташлаб,  мен билан яшасангиз яшайман, деб айтади. Буни қайтар дунё дейдилар. Сиз ўғлимни турмуши бузилмасин, деб келинингизни қуёш чиққунча уйқусидан безовта қилмай, ўзингиз ҳовли супурасиз, меҳмонларга чой дамлайсиз, деб турган жойимда қайнона қўлида чойи билан келиб қолди. Шунда келин дарҳол жойидан туриб, қайнонасининг қўлидан чойнакни олди. “Ойижон, мени кечиринг, мен хатойимни тушундим, ҳамиша хизматингизни қилиб, дуоингизни оламан”, дея маҳкам қучоқлаб, ўпа бошлади.

Яқинда ўша йигитни учаратиб қолдим. Ундан оиласи хақида сўрган эдим. Оиласидаги аҳвол жуда яхши эканлиги, ўшандан буён келин бутунлай ўзгариб, қайонаси ҳам ундан хурсанд эканлигини айтди. Бу гапларни эшитиб жуда хурсанд бўлдим. “Хизмат қилсанг хизмат кўрасан,, деб бежизга айтилмаган. Аллоҳ таоло каломида: “Бас агар эслатиш манфаат берса, эслатинг,, (Аъло сураси, 9-оят) деб марҳамат қилган. Ёшларимизга оқибатни эслатиб тўрайлик, зеро эслатиб туруш биз катталарнинг бурчимиздир.

 Сайдулло РЎЗИЕВ – Каттақўрғон шаҳар “Қориравот” жоме масжиди имом хатиби.


Киритилган вақти: 29/10/2019 16:10;   Кўрилганлиги: 1534
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/family/xizmat-qilsang-xizmat-korasan
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 10:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг