Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

ВИСОЛ КЕЧАСИ

 
 

Ҳаётимизда учрайдиган ҳар қандай масалада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидан жавоб топишимиз мумкин. Дастлабки маълумот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куёвлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг олдиларига тўйдан кейин биринчи киришларидан олдин қилган ишлари ва дуолари ҳақидадир.

“Тўй кечаси бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга: «Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», дедилар. Шунда Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: «Менда бир қўчқор бор!» деди. Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди.

Дарвоқе, ҳозирги синовли кунларда карантин талабларига риоя қилган ҳолда ўттиз кишилик тўй қилиш ҳам айнан шунга тўғри келади. Анашу енгиллик ва қулайлик синовли кунларимиздан кейин ҳам одатимизга айланиб қолса ҳаммага яхши бўлади аслида.

Зиёфатдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибга: «Менга учрамагунча бир нарса қилмай тур», дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳо турган жойга бордилар-да у кишига: «Менга сув келтир», дедилар. Келинликка тайёрланиб олган Фотима розияллоҳу анҳо бир идишда сув келтирдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у сувдан Фотима розияллоҳу анҳонинг кўксиларига ва бошларига сепдилар-да: «Аллоҳим, мен Сендан бунга ва бунинг зурриётларига шайтони рожиймнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман», дедилар. Сўнгра у зот яна сув келтиришни талаб қилдилар. Бу сафар Али ибн Абу Толиб бориб, ҳалиги идишда сув келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ҳам худди Фотима розияллоҳу анҳога қилган ишларни ва дуоларни қилдилар ва: «Аллоҳим, икковларига барака бергин, икковларининг устларидан барака нозил қилгин ва икковларининг зурриётларини баракали қилгин», дедилар. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки муаввизатайнни тиловат қилдилар ва: «Ўз аҳлинг олдига Аллоҳнинг исми ва баракаси ила киравер», дедилар”. Ушбу иқтибосдан куёвнинг келин олдига биринчи бор киришидан олдин қавмнинг катталари қиладиган ишлар ва дуолар ҳақида маълумот олишимиз мумкин. Куёв келиннинг олдига биринчи бор киришда хурсандлик, очиқ чеҳра ва мулойимлик билан кириши кераклиги китобларимизда тавсия қилинган. Чунки, келин ҳис-ҳаяжонда, хавфда, хижолат ва ўзгача ҳолатда туради. Бисмиллаҳни айтиб, ўнг оёқ билан салом бериб киради. Сўнгра келиннинг пешонасига қўлини қўйиб туриб қуйидаги ривоятда келган дуони ўқийди. Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинган ҳадисда: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса ёки ходим сотиб олса, «Аллоҳумма! Иннии асъалука хойраҳаа ва хойра маа жабалтаҳаа алайҳи. Ва аъузу бика мин шарриҳаа ва мин шарри маа жабалтаҳаа алайҳи», десин”. Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган. Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Сендан унинг яхшилигини ва Сен унга берган жибиллият-ахлоқнинг яхшисини сўрайман. Ҳамда сендан унинг шарридан ва Сен унга берган жибиллият-ахлоқнинг ёмонидан паноҳ сўрайман».

Келин-куёвга бошқалар дуо қилишлари билан бирга, уларнинг ўзлари ўзларига ва бир-бирларига дуо қилишлари ҳам жуда яхшидир. Албатта, ўшандоқ бахтли соатларда Аллоҳ таолодан ўзига ва умр йўлдошига бахт-саодат тилаб, дуо қилмоқ муҳимдир. Сўнгра икковлари биргаликда, куёв имом бўлиб, келин орқада иқтидо қилиб икки ракъат намоз ўқисалар жуда ҳам яхши бўлади. Ҳар ким ўзи ўқиса ҳам бўлаверади. Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қачон бирингиз бирор аёлга уйланса, қўшилиш кечасида икки ракъат намоз ўқисин, у (келин) га ҳам ортида икки ракъат намоз ўқишни айтсин. Албатта, Аллоҳ уйда яхшиликни (пайдо) қилувчидир” (Баззор ривоят қилган). Албатта, бу каби намозлар хайрга, баракага, яхшиликка сабаб бўлиши турган гап.

Мусулмон инсон учун намоз унинг ҳаётидаги энг азиз нарсадир. Юқорида келтирилган нарсалар куёв ва келинлар учун уларнинг биринчи кечаларида истаса қиладиган ишлар ва дуолардан иборатдир. Яхши умид ила қилса, гўзал иш бўлади. Аммо қилмаса, шаръий жиҳатдан ҳечқиси йўқ. Буларни қилмаганлар, бу ишларни қилмаган эдик, энди нима бўлади, каби хаёлларга бормасликлари лозим.

“Зикр аҳлидан сўранг” китоби асосида

Зайниддин домла Эшонқулов тайёрлади.


Киритилган вақти: 19/06/2020 15:36;   Кўрилганлиги: 1006
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/family/visol-kechasi
Чоп этилган вақт: 19/09/2021 00:05
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг