Эрининг рухсатисиз у истамаган жойларга бормаслик бахтли ҳаёт омилидир
Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ): “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилинг! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғирлайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилигича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг”, дедилар.
Аллоҳ рози бўладиган, Пайғамбаримиз таълим берган оилани барпо этиш, уни чинакам бахт қасрига айлантириш, фарзандларнинг камолини кўриш ҳар бир мўмин ва мўминанинг эзгу орзусидандир. Бундай бахт-саодатга эришишнинг муҳим омилларидан бири аёл кишининг эрининг рухсатисиз у истамаган ерларга бормаслигидир.
Оилада эр хотин бир-бирларини ҳатти-ҳаракатлари ва одатларига ҳам масъул бўлишлари лозим. Чунки улар энди фалон кишининг хотини, ёки фалон аёлнинг эри деб тилга олинади. Шу боис, эркак хотинининг, хотин эса эрининг ҳаракатларидан таъсирланади. Бу борада, айниқса аёл киши ҳушёрроқ, эътиборлироқ бўлиши лозим. Чунки аёл борган жойлар ғийбат мавзусига айланиши мумкин, натижада ораларида жанжал, келишмовчилик келиб чиқиши мумкин. Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун хотин эридан рахсат сўраб олиши лозим. Эрининг уйда йўқлигидан фойдаланиб, яширинча бозор айланадиган, кўча кезадиган аёллар, ҳам кўзбўямачилик қилгани учун, ҳам эрини ранжитгани учун катта гуноҳ орттирадилар. Мабодо, бирор жойда эри билан юзма-юз келиб қолса, муаммо чиқиши тайин, оилани аввалгидек сақлашнинг имкони бўлмай қолади. Эрнинг хотинига нисбатан ишончи йўқолиб, хотининг одатий ҳаракатларидан ҳам шубҳаланадиган бўлиб қолади. Бу ҳолат эр-хотин ўртасидаги муносабатларга совуқчилик туширади. Кўпинча хотинлар эрининг асабийлашуви ва ўртага совуқлик тушганини кимдир иссиқ-совуқ қилган деб ўйлашади. Холбуки, бу ҳолат асосан аёл кишининг ўз ҳатти-ҳаракатлари оқибатида юзага келади.
Барча аёлларимизга эрини рози қилиб, жаннат аҳилларидан бўлиш насиб этсин.
Н. Темирова – вилоят бош имом хатибиниг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
Киритилган вақти: 30/11/2022 11:11; Кўрилганлиги: 637
Чоп этилган вақт: 18/09/2024 00:43