Фаҳш тарқалишига омилкор бўлманг!
Сўнгги кезларда айрим хорижлик санъаткорларнинг томошаларидаги беҳаёлик саҳналари ёшлар тарбиясига жиддий путур етказмоқда. Ғарбни аллақачон домига тортиб кетган очиқ-сочиқлик, эҳтирослар бизнинг ёшлар ақли ва қалбини эгаллашга хуружлар бўлмоқда. Натижада беҳаёлик ўсмирлар орасида эпидемия каби тарқамоқда. Сиртдан қараганда, замона зайлидек кўринган бундай кўринишлар аслида, барчамиз учун улкан мусибат.
Ҳаё – кишини, инсоний ахлоққа тўғри келмайдиган нарсалардан тийилишга ундовчи сифат. Ҳаё инсонларни турли надомат ва пушаймонликлардан асрайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаё иймондандир. Иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир. Жафо дўзахдадир”, дедилар”.
Аччиқ надомат билан тан олиш керакки, бугун жонимиздан-да азиз бўлган ҳаё, ахлоқ, уят халқимиз табиатидан анчайин кўтарилишига хатти-ҳаракатлар кучайган. Бунинг сабаблари кўп, албатта. Аммо уларнинг энг асосийларидан бири бу – турли хил ҳаёсиз шоулар.
Биз бир неча асрлардан буён амал қилиб келаётган Ислом – поклик дини. Бу динга амал қилувчилар ҳам покиза инсонлар. Динимиз доим биз мусулмонларни ҳам жисмонан, ҳам маънан пок бўлишга буюради. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилганда ҳам У зотни шакллари, либослари, ташқи кўринишлари билан эмас, балки хулқлари билан васф этиб, шундай марҳамат қилди: “Ва албатта, сен улкан хулқдасан” (Қалам сураси, 4-оят).
Ҳа, хулқ энг муҳим нарсадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларидан бирида ўзларининг пайғамбар қилиб юборилишларидан кўзланган мақсадни баён қилиб шундай марҳамат қилганлар: “Мен карамли хулқларни тамомига етгазиш учун юборилдим”.
У зот гўзал хулқларни мукаммал қилиш, атрофга ёйиш учун келган эдилар. Шунинг учун ҳар бир ишда, сўзда, ибодатда, одамлар билан муомалада, оилавий масалаларда биз умматлари учун гўзал хулқнинг олий намунасини кўрсатганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ахлоқ ва ахлоқсизлик ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “… Аллоҳ ахлоқсиз беномусни ёмон кўради”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳаё иймондандир, иймон эса жаннатдадир. Беҳаёлик қўполлик-шафқатсизликдир, қўполлик эса дўзахдадир”. Эътибор беринг, ҳаё инсоннинг жаннатга киришига сабаб бўлса, беҳаёлик дўзахга киришига сабаб бўлар экан.
Афсуски, шу кунларда юртимизга турли хорижий давлатлардан санъат, маданият ниқоби остида оммавий маданиятнинг жирканч кўринишларидан бўлган турли шоулари кириб келмоқда. Ушбу шоулар кўп сонли одам сиғадиган концерт залларида намойиш этилиб, халқимизнинг маданияти, маънавияти, руҳиятидаги ҳаё, иффат туйғуларини қўпориш, беҳаёлик, фаҳшни тарғиб этиш ишлари авж олдирилмоқда. Мазкур шоуларга чиққанларнинг ўзини тутиши, кийими, рақслари кишининг ахлоқига, тўғридан-тўғри қалбига салбий таъсир қилиб, уни ахлоқий фазилатлардан узоқлаштириб, қадриятларидан айирмоқда.
Аллоҳ таоло фаҳш тарқалишини яхши кўрадиган бузғунчиларни қоралаб, шундай хитоб қилади:
“Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар” (Нур сураси, 19-оят).
Мана шундай шоуларни ташкил қилиш фикрини илгари сурадиган, уни ташкил қиладиган, маблағ ажратадиган, хайрихоҳ бўладиган, шоунинг амалга ошишини истайдиган ва уни томоша қилиш учун борадиганлар фоҳиша ишлар тарқалишини яхши кўрадиганлардир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши таҳқирлайдиган, лаънатлайдиган, ахлоқсиз, беномус бўлмайди”, деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда оламларга раҳмат қилиб юборилган зот мўмин кишининг оғзидан, қўлидан сўкиш, ахлоқсизлик, ҳақорат каби нарсалар содир бўлмаслигини, у қилаётган ҳар бири ишини шариат тарозусига солиб, кейин амалга оширишини таъкидламоқда.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мен учун энг ёқимлигингиз ва қиёмат кунида менга энг яқин ўтирадиганингиз хулқи гўзалингиздир. Мен учун энг ёқимсизингиз ва қиёматда мендан энг узоқ бўладиганингиз сафсата сотувчилар, бекордан бекорга кўп жавровчилар ва вайсақилик қиладиганлар”.
Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун энг ёқимли инсон бўлишни ва у зотга энг яқин ўринда ўтиришни истайсизми, унда хулқингизни гўзал қилинг! Ахлоқсизлик, фаҳш тарқатиладиган, шунга тарғиб этиладиган ишлардан узоқ бўлинг!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Манба: Muslim.uz
Киритилган вақти: 21/12/2019 15:22; Кўрилганлиги: 1150
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 01:44