Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ЕЙИШ ВА ИЧИШ ЎНГ ҚЎЛ БИЛАН БЎЛСИН

 
 

Абдуллоҳ ибн Умардан (р.а) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) бундай дедилар: “Сизлардан қай бирингиз таом ейишда ёки ичимлик ичишда чап қўли билан емасин ва ичмасин. Чунки шайтон чап қўли билан ейди ва ичади.” (Имом Термизий)

Ушбу ҳадисни машҳур олим  Муборакфурий ўзининг “Туҳфатул аҳвазий би шарҳи жомеъ ат Термизий” номли китобида бундай шарҳлайди.

Шавконий (р.а) айтадиларки: Бунда чап қўл билан емоқ ва ичмоқликдан қайтарилган.

Имом Нававий (р.а):  Агар ўнг қўлда касаллик, жароҳатга ўхшаш бошқа узрли ҳолати бўлса, шунда чап қўл билан таомланиш макруҳлиги (кароҳияти) йўқ. Манашунда ўнг қўл билан ейиш ва ичиш мустаҳаб эканлиги, чап қўл билан эса кароҳиятли (макруҳли)ги маълум бўлади. Саҳиҳи Муслимда Салама бин Акваъдан ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбар (а.с) бир кишини чап қўл билан таомланаётганлигини кўриб қолдиларда, унга: ўнг қўлинг билан егин дедилар. Шунда у: бундай қилолмайман деди. Набий (с.а.в) эса унга: қилолмагинам дедилар. Шундан  кейин у ўнг қўли билан ейаолмайдиган бўлиб қолди. Бу ҳақида яна бир ҳадисда бундай дейилган.

Солим (р.а) отасидан ривоят қилади: Набий (с.а.в): “Қачон бирортангиз таом еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирортангиз ичимлик ичса, ўнг билан ичсин. ...” дедилар. (Имом Термизий)

“... Чунки шайтон чап қўли билан ейди ва ичади.”

Турбашдийнинг айтишига кўра бу гапнинг маъноси шуки: шайтон инсонлардан бўлган ўзининг дўстларини манашу ишни қилишга чорлайди, бу билан Аллоҳнинг солеҳ бандаларига зид иш қилади. Шунингдек Аллоҳ берган неъматнинг шукр қилишнинг ҳаққи шуки, уни икром қилиш керак ва уни менсимасдан пас назар билан қарамаслик керак эмас.  Чунки ўнг билан ейишлик, ичишлик неъматларга шукр қилишдир.

Тойиби (р.а): Ҳеч бирингиз чап қўли билан емасин ва ичмасин дейди. Агар шундай қиладиган бўлсангиз, шайтоннинг дўстларидан бўлиб қоласиз.

Умар ибни абу Салама бундай ривоят қилади: Росулуллоҳнинг (с.а.в) қарамоғларида бола эдим. Ўшанда товоқнинг ўз олдимдан эмасу бошқа томонларига  қўлимни узатгандим, шунда Набий (с.а.в) менга: “Ҳой бола! Бисмиллаҳи айт ва товоқдан ўз олдингдан ейгин!” дедилар. (Имом Бухорий)

Таомни бошлашдан олдин “Бисмиллаҳир ...”ни айтишлик, агар таомни бошлаёттганда унутган бўлса, эсига келган пайтда “Бисмиллаҳи аввалиҳи ва ахириҳи” дейиши лозим.  Имом Нававий (роҳ.а) айтадиларки: Таомни бошлашда бисмиллаҳ ... ва якунида эса Аллоҳга ҳамд (шукр) айтишлик лозим (мустаҳаб)дир.

Имом Қуртибийнинг (р.а) фикрига кўра, ўнг билан ейиш суннатга амал қилишга чорлайди, чунки бу ўнг томонни шарафли деб билишдандир.  Ўнг қўл ишлашга қуввати кучлироқ, илдамроқ ва имконияти кўпроқдир.

 Абу Довуднинг ривоят қилган ҳадисда айтилишича, ўнг қўлини овқатланиш ва чишлик учун ишлатади, чап қўлини бошқа ишлар учун. Баъзи ишларга ўнг қўлга чап қўл ҳам ёрдамлашади, яъни икки қўл бирга бажаради.

Қуртубий (р.а):  овқат ейаётган одамнинг тавоқни ўз олдидан ейшлиги бу иттифоқ қилинган суннатдир ва бунга хилоф қилишлик эса жуда ёмон кўрилган макруҳ ишдир.

Демак  мусулмон одам  суннатга мувофиқ таомдан олдин “Бисмиллаҳ”ни айтиши, ўнг қўл билан еб ичиши ва якунида шукр, ҳамд айтиши керак экан. Бу билан таомланиш суннатларидан бир нечасини бажарган бўлади ва шайтонинг чорловига зид иш қилиб, савобга эга бўлади.    

  “Туҳфатул аҳвазий би шарҳи жомеъ ат Термизий” ва “Умдатул қорий шарҳи саҳийҳил Бухорий” асарлари асосида Ургут туман бош имом хатиби  Шоди домла ҲАҚБЕРДИЕВ тайёрлади


Киритилган вақти: 19/10/2019 14:48;   Кўрилганлиги: 1120
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eyish-va-ichish-ong-qol-bilan-bolsin
Чоп этилган вақт: 23/02/2024 11:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг