Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Энг қимматли нарса бу

 
 

Вақт сен асрашинг керак бўлган энг қимматли нарсадир. Сенда эса,у беҳуда ўтиб кеткмоқда.

Яҳё ибн Бусайра

Ҳар бир оқил мусулмон ўз вақтини катта бир хазина деб билмоғи, унинг озгинасига ҳам бепарво бўлмай, ҳар бир ишни ўзига муносиб вақтга тақсимлашга аҳамият бермоғи лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

لا تزول قدما عبد يوم القيامة حتى يسال عن اربع: عن عمره فيما افناه و عن شبابه فيما ابلاه

و عن ماله من اين اكتسبه و فيم انفقه و عن علمه ماذا عمل فيه؟ (رواه الترمذي).

яъни: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди; умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани (Имом Термизий ривояти).

Шундоқ экан, вақтни зое ўтказишга фурсат йўқ. Беҳуда ўтказилган ҳар бир дақиқа охиратда инсоннинг зарарига ҳужжат бўлишини англамоғимиз даркор. Ҳасани Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳикматларидан бирида шундай дейилади: “Ҳар куни тонг ёришганда Ҳақ томонидан бир жарчи: Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан солиҳ амаллар қилиб фойдаланиб қол, чунки мен то қиёматгача қайтмайман, - деб жар солади”.

Уломаларимизнинг кўплари вақтни қадрига етиш тўғрисида ўзларининг қимматли фикрларини билдирганлар. Шулардан Фахруддин ар-Розий ўзининг “Мафотийҳ ал-ғайб” асарида “Аср” сурасининг тафсирида:

“Аллоҳ таоло “Аср” (вақт) билан қасам ичди. Чунки, вақтнинг ичида яхшиликнинг барча тури мавжуд: хурсандлигу ҳафалик, соғлигу касаллик, бойлигу камбағаллик унинг ичида пайдо бўлади. Умрни қадр-қиммат ва нафисликда ҳеч нарса ила ўлчаб бўлмайди. Агар минг йилни беҳуда сарфлаб, сўнг тавба қилиб, сизга умрингизнинг охирида саодат насиб этса, абадул-абад жаннатда яшайсиз. Шунда (сиз учун) энг шарафли нарса охирги лаҳзадаги мана шу ҳаётингиз эканини биласиз. Вақт энг қимматли неъмат бўлгани учун Аллоҳ таоло айнан у билан қасам ичиб, кеча ва кундуз инсон қўлдан бой бераётган фурсат эканига урғу берган. Қолаверса, замон (вақт) макондан афзалдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло вақт билан қасам ичган. Вақт энг мукаммал неъматдир. Унда ҳеч қандай айб йўқ. Айбдор ундан фойдаланмаётган инсоннинг ўзидир”, деганлар. Шунинг учун вақтнинг қадрига етган зоҳид тобеинлардан бири Омир ибн Абду Қайсга бир киши: “Менга бирор нарса гапириб беринг”, деганида, унга: “Қуёшни ушлаб турсанг, гапириб бераман” (яъни, вақт тўхтовсиз ўтиб кетаверади. Ҳеч ортга қайтган эмас. Уни қўлдан бой берган одам ўзидан кўрсин. Энди уни тополмайди. Чунки, ҳар бир вақт ўз ҳақига эга. Кеча қилмаган ишимни бугун қилдим-ку, деган одам ўзини алдаяпти холос.) деган эканлар. Ҳaсaн Бaсрий aйтaди: “Шундaй кишилaрни кўрдим, улaрдан бири ўз вақтини пулидан кўра қаттиқроқ қизғанар эди”.

Донишмандлардан бири: “Мен вақтимга хиёнат қилмайман. Хафа бўлма, вақтим йўқ”, деб дўстидан узр сўраган эканлар.

Машҳур адиб Али Тантовий эса: “Вақт жуда қисқа, ҳеч нарсага улгуриб бўлмаяпти, дейдиган одамга ҳайронман. Вақтни лоқайдлик, тартибсизликдан бошқа бирор нарса қисқартадими ўзи? Вақтининг баркасизлигига ўзи айбдор эмасми? Бунга бир мисол айтиб бераман. Масалан: Талаба имтиҳон бўладиган куни кечаси қанча китоб ўқишига бир қараб кўринг-а. Майли, ҳар куни шундай ўқисин демайман, боринг ана, ҳеч бўлмаса, бир ҳафтада ўшанча ўқиганида эди, алломаи замон бўлмасмиди?! У ўқимаса, вақт қисқариб қолган бўладими? Йўқ!

Одамлар вақтларини ўйин-кулгу билан ўтказадилар, тақдиру ажал эса ўзгармайди, улар ўтмишларини унутиб юборадилар, аммо амалларининг заррачаси ҳам ҳисобга олинади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

يوم يبعثهم الله جميعا فينبئهم بما عملوا احصاه الله و نسوه و الله على كل شيء شهيد (سورة المجادلة/6).

яъни: (Ўша) кунда Аллоҳ уларнинг барчаларини қайта тирилтириб, (дунёда) қилган амалларининг хабарини берур. У (амаллар)ни Аллоҳ ҳисоблаб қўйган. Улар эса унутиб юборганлар. Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир”, - деб марҳамат қилган (Мужодала сураси, 6-оят).

Демак, ҳар биримиз вақтнинг қадрига етиб, ундан унумли фойдаланмоғимиз ва буни кучли имон ва ҳақиқий тақвонинг белгиси, деб билмоғимиз лозим, Аллоҳ таоло барчамизни вақтни қадрига етадиган ва ундан фойдаланадиган кишилардан қилсин. Ўз айбини вақтга тўнкайдиганлардан бўлиб қолишдан Ўзи асрасин. Омин!


Киритилган вақти: 25/12/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2388
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eng-qimmatli-narsa-bu
Чоп этилган вақт: 13/04/2024 14:05
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг