Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Тарбия - ахлоқнинг гўзаллиги

 
 

Ислом дини авввалги самовий динлар каби Аллоҳ таолони ягоналигига эътиқод қилиш билан биргаликда ота-она, ака-ука, қариндошлар ва бошқа барча инсонлар ҳамда мавжудотларга яхши муомала, меҳр-шавқатли бўлишга даъват этади. “Илм одоб билан зийнатлидир” деган  нақлда ҳам инсонни ёшлигидан одоб-ахлоқига эътибор қаратилиши, вояга етиш мобайнида яқинлари, устозини ҳурматини жойига қуйиш борасида тарбиясига эътибор қаритилиши билан илм чўққиларига эришиш назарда тутилган. Акс ҳолда ўзаро муомала, одоб-ахлоқда нуқсонли бўлиб, диний ва дунёвий илмлардан бебаҳра қолса, келажакда жамиятда ўз ўрнини йўқотади, бирор бир касбни ҳам эгаллай олмасдан оиласига ҳалол касб ортидан ризқ етказиб беришда қийинчиликларга дуч келади, ҳатто эътиқодда ҳам адашиб, икки дунёси учун зарар кўриши мумкин.

Динимиздаги барча ибодатларни негизи ва моҳиятида гўзал ахлоқ ётади. Мусулмон кишининг гўзал ахлоқи унинг соғлом эътиқоди ва имонининг комиллигига далолат қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: “Мўминларнинг ичида энг имони комили хулқи чиройли бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши хулқ билан муносабатда бўлганингиздир”. Имом Термизий ривояти.

Киши ўз тарбияси қандай эканлигини билмоқчи бўлса, унинг тарозиси - чиройли хулқидир. Айниқса, ўзидан заифларга чиройли муомалада бўлиш энг яхши мўминлар қаторига кириш ҳисобланади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар “Сизларнинг менга суюклироғингиз ва қиёмат куни менга яқинроғингиз ахлоқи гузалларингиздир”.   

Гўзал хулқ соҳибини Пайғамбар алайҳиссалом муборак сўзларида мақтаганлар ва шундай деганлар: “Албатта, банда чиройли хулқи сабабли охиратда улуғ даражаларга эришади. Чиройли хулқ, худди сув музни эритгани каби гуноҳларни йўқотади, ёмон хулқ эса сирка асални бузгани каби амални бузади”. Дарҳақиқат, ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки унинг эгасидан доимо яхшилик кутилади. Инсон чиройли хулқи сабабли охиратда улуғ даражаларга эришиши ҳадиси шарифларда зикр қилинади. 

Демак тарбияси чиройли бўлишини хоҳлаган инсон гўзал хулқни лозим тутиши, таъна қилмаслиги, бирон кишини лаънатламаслиги, фаҳш сўзларни гапирмаслиги, уят гап-сўз  ва ҳатти харакатлар каби ёмон хулқлардан ўзини тийиши лозимдир. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бу борада шундай деганлар: “Гўзал хулқ учта хислат билан ҳосил бўлади: Ҳаромдан тийилиш, ҳалолни излаш, аҳлига бағрикенглик қилиш”.

Зунун Мисрий раҳимаҳуллоҳдан шундай нақл қилинади: “Энг кўп ғам-ғусса чекадиган киши ким?, деб сўрашганида у зот: “Энг хулқи ёмон кимса” деб жавоб берганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар “Қиёмат кунида тарози палласида энг оғир юк босадиган амал бу чиройли хулқдир”.

Юқорида келтирилган ҳадиси шариф ва уламолар ўгитларидан хулоса қиладиган булсак, инсон чиройли хулқларга одатланиши ва ёмон хулқларни тарк этиши бу динимизнинг асоси ва Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг асосий ўгитларидир. Чиройли хулқлар инсонни дунё ва охиратдаги мартабасини баланд қилади, ризқини кенг қилади. Ёмон хулқ эса икки дунёда ҳам хорлик ва надоматга сабаб бўлади.

Тарбия ёшу-қари, эркагу-аёл манзил ва макон танламайди. Агар жамиятда тарбияга омматан эътибор бериладиган бўлса, жамиятда яна ҳам гўзал муҳит барқарор бўлишига имконият туғилади, инсонларни дунёда роҳат-фароғатда  яшаши билан бирга охиратда ҳам кўп ажру ҳасанотларга эришишларига сабаб бўлади.


Киритилган вақти: 02/07/2019 21:31;   Кўрилганлиги: 1367
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/tarbiya-axloqning-gozalligi
Чоп этилган вақт: 04/12/2024 15:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг