Нега темирчининг мартабаси олимникидан устун бўлди?
Муҳаммад Шафеъ Усмонийнинг бир ҳикояси бор эди. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи етук фақиҳ, муҳаддис ва Аллоҳнинг дўсти эди. Аллоҳ таоло у кишига баланд мартаба ато қилган эди. Вафот топганида бир киши тушида у зотни кўрди ва: «Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?» деб сўради.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи «Аллоҳ таоло мени мағфират қилди, фазлига олиб, улкан марҳамат кўрсатди, лекин менга уйимнинг рўпарасидаги темирчига берилган мақом насиб бўлмади», деди. Киши уйқудан уйғонди, дилида темирчининг кимлиги ва қандай қилиб Абдуллоҳ ибн Муборакка берилмаган нарса унга берилганлигини ўйлаб қолди ва унинг маҳалласига борди.
Суриштириб кўрса, ҳақиқатда у кишининг уйининг рўпарасида бир темирчи бўлиб, у ҳам вафот топган экан. Бориб, темирчининг хотинидан: «Эрингиз нима қилар эди?» деб сўради ва тушида кўрганларини айтиб берди. Аёл: «Эрим темирчи эди, кун бўйи ишлар, кечаси эса ухларди.
Кечаси Абдуллоҳ ибн Муборакнинг таҳажжуд ўқишига ҳаваси келиб, ҳасрат қилиб, «Биз ҳам кенгчиликда бўлганимизда, мен ҳам туни билан таҳажжуд ўқир эдим», дер эди. Иккинчиси, у ишлаётганида қулоғига азон товуши кирса, мабодо болғасини тепага кўтарган бўлса, шуни уриб қўяйин, демасди. Ўша заҳоти болғасини пастга туширар ва «Азонни эшитганимдан кейин менга болғани ушлаб туриш ярашмайди», дер эди ва масжига қараб кетар эди», деди. Туш кўрган киши: «Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳам мартабасининг юқори бўлишига шу нарса сабаб бўлган экан», деди.
Эътибор беринг, темирчи ҳам ҳалол ризқ талабида эди. Азон эшитилиб, биринчи даражадаги фарз билан иккинчи даражадаги фарз тўқнаш келган эди, биринчи даражадагисини устун қўйди ва Аллоҳ буюк муҳаддисларга бермаган мақомга эришди. Валлоҳу аълам!
Манба: Azon.uz
Киритилган вақти: 07/02/2020 16:37; Кўрилганлиги: 1426
Чоп этилган вақт: 05/10/2024 01:56