Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Кийим авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.

 
 

Кийим – инсон зийнати. У кишининг маънавияти, маданияти, диди ва дунёқарашининг ёрқин кўзгусидир. Кийим инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.

“Аврат” сўзи арабча бўлиб, инсон ўз қадри ва ҳаёсини асраб қолиши учун баданининг бекитадиган аъзоларини англатади. Инсон танасининг кўздан яширилиши ва намозда ёпиқ туриши фарз қилинган, кўрсатиш ва қараш ҳаром бўлган қисми – авратдир.

Жоҳилият даврида одамлар нафси ҳаволаридан келиб чиқиб кийинишар эди. Ислом келиб кийиниш масаласини тартибга солди. Инсон эҳтироми ва жамоатчилик одобига зид бўлган либослардан қайтарди. Шу билан бирга кийиниш маданиятига риоя қилишга чақирди.

Ислом дини кўрсатмасига кўра аёл-қизлар балоғатга етганларидан кейин бегона (номаҳрам) эркаклардан тўсиш учун ўз аврат аъзоларини беркитиб юришларига буюрилганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар! ...” (Нур сураси, 59-оят).

Ушбу ояти каримадаги “кўриниб турадиганидан бошқа зийнатлари” жумласини шарҳлаб жумҳур уламолар аёлларнинг икки қўлининг кафти ва юзи аврат ҳисобланмайди, деганлар.

Мазкур ояти каримада муслима аёл-қизларга ташқаридан бўлиши мумкин бўлган салбий таъсир ва муомалалардан ўзларни сақлаш мақсадида бегона (номаҳрам) эркакларни олдида авратларини яшириб, ёпинчиқларини устиларига ташлаб юришларига буюрилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, исломда ибодат либоси йўқ. Асосий талаб эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги саналади. Ҳанафий мазҳабимизга кўра аёл киши ўранганида икки қўлининг кафти ва юзидан бошқа аъзоларини ёпиши вожибдир. Бунга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳога қарата айтган қуйидаги ҳадислари ҳам далолат қилади:

“Эй Асмо, аёл киши вояга етганда ундан мана бу ва мана бу жойларидан бошқа аъзоси кўриниши мумкин эмас”, деб юз ва икки кафтларига ишора қилдилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Лекин ҳозирда айрим аёл-қизларимиз сохта ғоялар таъсирида, ўзгаларга тақлид қилиб мазҳабимизга хилоф ва миллий урф-одатларга зид равишда юз ва қўлларини тўсган ҳолда бурқа ва ниқоб тақиб олиш ҳолатлари учраб турибди. Аслида ҳар бир нарсада бўлгани каби, кийимда ҳам мўътадил бўлиш мақсадга мувофиқ саналади.

Исломда аёл-қизларнинг сатри авратда бўлиши талаб этилсада, бунда махсус кўринишдаги ёхуд махсус рангдаги кийим кийиш шарт қилинмаган. Яъни, ибодатли, диёнатли аёллар махсус ранг ёки кўринишдаги либосларни кийишлари фарз ёки вожиб деб белгиланмаган. 

Ислом тарихида баъзи саҳобия аёлларнинг қора рангли ёпинчиққа ўранганларининг асосий сабаби ўзларига номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб этмаслик бўлган. Лекин бундан бошқа муслима аёлларнинг ҳам кийимлари айнан қора рангда бўлиши шарт экани келиб чиқмайди.
Шариатда талаб этилгани – аёлларнинг либоси аврат аъзоларини тўлиқ ёпиши кераклигидир.

Аёлларнинг қора кийим кийишларига диний тус бериш нотўғри эканини ҳозирги замон уламолари ҳам таъкидлаб ўтишган. Зеро, Қуръони каримда ҳам, суннати набавияда ҳам аёллар қора рангли либосда бўлиши ҳақида кўрсатма йўқ. Саудия Арабистонига қарашли “Илмий тадқиқотлар ва фатво бериш доимий қўмитаси” томонидан эълон қилинган “Аёл кишининг рўмоли ва либосининг ранги ҳақида”ги фатвосида шундай дейилган: “Муслима аёл кишининг либоси қора рангга хосланган эмас. У истаган рангдаги либосни кийиши мумкин. Бунда кийим аврат аъзоларини тўсадиган бўлиши, эркакларнинг либосига ўхшамаслиги, тор бўлиб, аёлнинг аъзоларини билдириб турмаслиги, юпқа бўлиб, баданини кўрсатадиган бўлмаслиги ҳамда фитнага сабаб бўлмайдиган либос бўлиши шарт қилинган”.

Аёл кишининг юзини беркитиши, қўлларига қўлқоп тақиб олиши ёки айрим йигитларнинг узун соқол қўйиб олиши уларнинг тақводорлигини ифодаламайди. Аслида тақво инсоннинг қалбида бўлиб, унинг нишонаси амалда ва инсонлар билан муомалада намоён бўлади.

Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтишимиз лозимки, баъзи қизларимизнинг миллийлигимизга муносиб бўлмаган, тиззалари йиртиқ-ямоқ шимларни, "мода" деб турли бемаъни расм ва ёзув солинган кийимларни кийиб олишлари адабсизлик ва ҳаёсизликдир. Зеро, аёл-қизлар Аллоҳ берган ҳусну жамолини кўча-кўйда кўз-кўз қилиб гуноҳга ботмай, иффатли кийинишлари керак.

Ўзга миллат маданиятига эргашиб, ҳақиқий, соф маданиятимизни, эътиқодимизни эсдан чиқармаслигимиз лозим ва лобуд.

Аллоҳ таоло ёшларимизни камолотга эриштириб, аждодларига муносиб авлод бўлишини насиб қилсин. Омин! 

Н.Темирова - Самарқанд вилоят бош отинойиси


Киритилган вақти: 19/05/2022 09:33;   Кўрилганлиги: 708
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/kiyim-avratlarini-berkitadi-va-kishiga-ziynat-bolib-xizmat-qiladi
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 20:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг