Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

ДАБДАБА КИМГА КЕРАК?!

 
 

Мамлакатимизда кўплаб юртдошларимиз муборак “Умра”, муборак “Ҳаж” ибодатлари учун яратиб берилаётган қулай имкониятлардан фойдаланиб, бу улуғ ибодатларни амалга ошириб келмоқдалар. Дарҳақиқат, бу ибодатлар – ҳам жисмоний, ҳам молиявий ибодат бўлиб, кишилар уй-жойи, мол-дунёси, оиласини маълум бир муддатга тарк қилиб, Аллоҳнинг ҳузурига азиз меҳмон бўлиш учун қилинадиган сафардир. У ерда бой-бадавлат, қамбағал, миллати, жинси, ранги, тили, ирқи, дунёвий мақомидан қатъий назар, барча зиёратчилар бир xил кийимда, бир ҳил ҳолатда ибодат қиладилар. Чунки Аллоҳ ҳузурида ҳамма баробардир.

Маълумки, муборак “Умра”, муборак “Ҳаж” ибодатига отланаётган ҳар бир зиёратчига қўлланмалар тарқатилади, масъул ходимлар томонидан кўрсатмалар, насиҳатлар берилади. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, шунча тушунтиришлар олиб борилаётганлигига қарамасдан, айрим аёллар ўз билганларича иш қилмоқдалар. Аждодларимизга армон бўлиб қолган муқаддас қадамжоларга бориб, қимматли вақтларини, фурсатни ғанимат билиб, ибодат билан ўтказиш ўрнига совға-салом, кийим-кечак харид қилиш учун дўкон айланиш билан ўтказмоқдалар.

Айниқса, муборак ибодатдан, сафардан қайтиб келганларида дабдаба билан кутиб олинишлари кишини ҳайрон қолдиради. Махсус машиналарнинг ёки туяларнинг буюртма қилиниши, чўғдек қизил гилам поёндозлар, мушакбозлик, безалаётган дастурхонлар, тортилаётган таомлар кетма-кетлиги, санъаткорларнинг хизматда туришлари...

Лекин, бу ҳашамат, дабдабаю ас-асалар кимга керак?! Гуноҳлардан покланиш, тавба қилиш, гуноҳ ишлардан ўнгланиш учун Аллоҳнинг байтига бориш қандай-у, яна шунча дабдаба, базмлар нимаси?!

Пайғамбаримиз (САВ): “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар”, деб таълим берганлар. Зеро, Аллоҳ исрофгарларни севмас. Шундай исрофгарчиликка, шариатда бўлмаган ишлар, залолатга бошлайдиган, бидъатлар учун сарфланган пулларини ибодатдан қайтиб келган юртдошларимиз иқтисодий жиҳатдан муҳтож, етим-есир, бева-бечоралар, кам таъминланган оилаларга сарфласалар, иншааллоҳ Аллоҳнинг розичилигини қўлга киритадилар.

Барчаларимизни Яратганнинг Ўзи тўғри йўлга бошласин.

 Н. Темирова – Самарқанд вилояти бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 13/02/2023 11:23;   Кўрилганлиги: 533
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/dabdaba-kimga-kerak
Чоп этилган вақт: 18/09/2024 00:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг