Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Бойлигингиз билан ҳаргиз фахрланманг

 
 

Барча мавжудотларга ризқ берувчи ёлғиз Аллоҳ Таолонинг ўзидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло инсонларнинг баъзиларига жуда кўп бойлик ато этади, баъзиларини эса фақирликда ўтказади. Баъзилар, нима учун шунақа? дея қалбини тирнаб ўтади. Аслида, улар умумий бир қоидани билиб олишса, кифоя қилади: Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло бир бойга кўп мулк берган бўлса, уни яхши кўрганидан эмас, балки унинг иймонини текшириш учун берган бўлади. Бир кимсани камбагал бўлишини ирода этган бўлса, уни ёмон кўрганидан эмас, балки мана шу ҳолатида ҳам қуллигини унутиб қўймайдими, деган буюк имтихони учун шуни хохлаган бўлади. Бирон бир инсон унутмасинки, бойлик ва фақирлик шу пайтгача инсониятнинг ўлчови бўлиб келмаган, балки бу ҳолатлар синовлар дунёсининг турлича майдонларидир, холос. Кимдир бой бўлиб синалади, кимдир эса фақир бўлиб. Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Термизий томонидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда дунёнинг қадрини пашшанининг қанотига ҳам тенглаштирмаганлар. “Дунёнинг қадри Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотичалик қадрли бўлганида, кофирга бир томчи сув хам бермай қўярди!”.

Шундай экан Аллоҳ берган бойликка баъзилар фахрланиб боқиб, ўзгаларни менсимай қўйишади. Бу дунё қайтар дунё, деб бежизга халқимиз айтмаган. Бу воқеани қўшни туманда яшайдиган бир танишим ҳикоя қилиб берган эди.

Бир йигит ўртаҳол оилада улғаяди. Мактабни битириб ўқишга киролмагач, йигитлик бурчини ўтагани ҳарбий хизматга отланади. Ҳарбий хизматда чиниқиб билими ва ҳаётий тажрибаси янада сайқалланади. Ҳарбий хизматдан қайтгач ишга боши билан шўнғиди. Ҳали мол, ҳали қўй боқиш, деҳқончилик ишлари иблан машғул бўлади. Энди йигитнинг ота – онаси тўй қилиб йигитни уйлантириш тараддудига тушадилар. Ўғли билан бамаслаҳат қишлоғидаги ўзига тўқ бир хонодоннинг қизига совчи бўлиб боришади. Қизнинг ота – онаси қатъий жавобни айтишади: Улар бизнинг тенгимиз эмас. Жавобни эшитган совчилар, қизнинг оиласидан кўнгли қолади. Бундай қатъий жавоб йигитнинг ҳам юрагида доғ бўлиб қолган эди. Кунлар ўтиб йигит хорижий давлатга шартнома асосида ишга отланади. У ерда ишлари ўнга юришиб, мўмайгина маблағга эга бўлади. Йигитнинг отаси ўғли учун  2 қаватли уй кўтарди. Орада машина ҳам олди. Йигит икки йилдан сўнг қишлоғига таътилга қайтиб, ҳовли тўйи қилиб беради. Суриштирса ўша қиз ҳали ҳам турмушга чиқмаган, отасининг ишлари ҳам анча орқапга кетган экан. Йигитнинг юрагида эса ўша аламли доғ ҳали ҳам кетмаган эди. Хуллас таътил тугаб йигит яна ишига отланади. Табиийки ошна – оғайнилар, қўни – қўшнилар, қариндошлар бундай пайтда йиғилишиб, ишга отланган йигитга оқ фотиҳа беришади. Шунда қизнинг отаси ҳам йигитни кузатиб қўйгани келади ва ишга отланган йигитни бир четга тортиб, қизи ҳали турмушга чиқмаганини, агар хоҳласа қизини унга беришини  айтади. Дунё кўрган йигит босиқлик билан сўзини айтади; “Амаки, мен сизларнинг тенгингиз эмасман, тенгингизни топинг” дейди.

Ҳа азизлар, ҳаргиз пулимиз, мол давлатимиз фахрланмайлик. Пулимиз ва мол давлатимиз нисобга етган бўлса ҳақдорларга закот берайлик. Закотни кам таминланган оилаларга, йўловчига, илм толибларига, мусофирга, ўқишнинг шартнома пулини тўлашга қийналиб турган талабаларга, вақф хайрия жамоат фондига берсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Дувлаев ҒУЛОМ, Каттақўрғон туман “Қировул” жоме масжиди мутаваллиси


Киритилган вақти: 27/09/2019 11:37;   Кўрилганлиги: 1576
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/boyligingiz-bilan-hargiz-faxrlanmang
Чоп этилган вақт: 08/11/2024 17:06
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг