Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Дуо ҳақида

 
 

Инсон ҳаётининг барча ҳолатларида дуо қилишга муҳтождир. Қалбидаги истакларни изҳор қилишда энг ҳақли Зотга, Аллоҳ таолога интилиши ҳақдир.

Аллоҳ таоло “Ғофир” сурасида марҳамат қилиб, “Менга дуо қилинглар. Дуоларингизни ижобат қиламан”, деди. Ва яна Бақара сурасида: “Агар бандам Мен ҳақимда Сиздан сўраса, эй Муҳаммад алайҳисалом, мен унга яқиндирман. Дуо қилгувчининг дуосини қабул қиламан”, деди.

Шу боис ҳар бир мўмин банда бундай қулай имкониятдан фойдаланишни ҳам билиши зарур.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида дуо ҳақида гапириб, “Дуо ибодатларнинг мағзидир”, дедилар. Демак, икки дунё саодатидан умидвор ҳар бир инсон дуонинг кучини билгани ҳолда Аллоҳга дуони канда қилмай, Ўзидан сўраши лозим.

Шу ўринда яна бир жиҳатни айтиш жоиз, дуо ижобат бўлиши учун унинг одоблари ва қоидаларини билиш талаб этилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар:

“Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин” (Муслим ривояти).

Демак, дуоим ижобат бўлсин деган мўмин банда емоғи, ичмоғи, киймоғи ва озиқланадиган нарсалари ҳалолдан бўлишига эътиборли бўлиши талаб этилади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳим! Қулоғим ва кўзимни менга салоҳиятли қилгин. Иккисини менга икки ворис қилгин. Менга золимлар устидан нусрат бергин ва улардан ўч олишимни ўзимга кўрсатгин”, дер эдилар
”.

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қулоғим ва кўзимни менга салоҳиятли қилгин» деганлари қулоқ кўзимни соғ-саломат қилгин, уларни менга яхшилик йўлида хизмат қилишларини насиб қилгин деганларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Иккисини менга икки ворис қилгин» деганлари мени қулоқ кўзим соғ ҳолимда вафот эттиргин, улар ортимдан меросхўр қолгандек бўлсинлар деганларидир.

Шунингдек, банда Аллоҳ таолодан кўз ва қулоғини соғ-саломат бўлишини ва бу неъматларнинг умр охиригача бардавом бўлишни сўраб дуода бўлиши кераклиги айтилмоқда.

Ҳадиси шарифнинг сўнгида мазлум золим устидан нусрат сўраб ва ундан ўч олишни осон қилинишини сўраб дуо қилиш жоиз эканлигини маълум қилмоқда.

Аммо, дуои бад ёки тавқи-лаънат қилишдан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам мўмин-мусулмонларни қайтардилар. Ҳатто, урушларда жуда кўп қуръон ҳофизларини шаҳид бўлганларини кўрган саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мушрикларнинг ҳақларига дуои бад қилишни сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳақларига дуои хайр қилиб, Аллоҳдан уларга ҳидоят сўрадилар.

Зулм кўрган мўмин киши томонидан золимга нисбатан дуои бад қилинмаса ҳам, золимга Аллоҳнинг лаънати ёғилиб туриши Пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларида айтилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ота-онасига азият берганни Аллоҳ таоло лаънатлайди», дедилар. Имом Аҳмад ривояти.

“Лаънат” сўзининг луғавий маъноси нафратланиш, дуои бад қилиш, совиш, безиш каби маъноларида келади. Исломий истилоҳда эса Аллоҳнинг раҳаматидан маҳрум қилиш маъносида ишлатилади.

Аллоҳ таоло лаънатлаган кимсани фаришталар ҳам лаънатлайдилар. Ҳадисга эътибор берилса, ота-она томонидан азият берган фарзанди ҳақига ҳеч қандай муносабат, яъни дуоибад, қарғиш каби ҳаракатлар содир этилмаса ҳам, Аллоҳ таоло бундай инсонни ота-онаси кўнглини оғритгани учун лаънатлаши маълум қилинмоқда. Демак, фарзанди учун қалби фақат меҳр ва шафқатга тўла бўлган ота-она қалбининг вайрон этилиши Аллоҳнинг қаттиқ жазоси билан қарши олинади экан. Бундай ҳолатларни халқимиз орасида “тавқи лаънат” га қолди дейилади.

Анас бин Моликдан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида Алқама деган бир ёш саҳобий йигит бўлган. Алқама кўп намоз ўқиш, рўза тутиш ва садақа бериш каби ибодатларда жидду жаҳд қиларди. Бир куни унинг касалга чалиниб, вафоти яқинлашгани маълум бўлди. Аёли эрининг жони иймон билан чиқиши учун унга шаҳодат калимасини айтиб турарди. Лекин ҳарчанд уринмасин, Алқаманинг тили калимага келмасди. Бундан изтиробга тушган аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига одам юбориб, эрининг ўлим тўшагида эканини, тили калимага келмаётганини, агар ёрдам бермасалар, иймонсиз кетиш хафви борлигини айтади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аммор, Билол, Али ва Салмони Форсий (розияллоҳу анҳум)ни:

“Унинг олдига юбориб, ҳолидан хабар олинглар”, деб жўнатдилар.

Улар келиб, Алқамага:

“Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб турдилар. Лекин у ҳамон калимани айтолмасди. Вазият анча жиддий. Шунда ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни ҳолатдан хабардор қилиш учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига юборадилар.

Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳазрати Билолдан:

“Ота-онаси ҳаётми?” деб сўрайдилар. У зот (алайҳиссалом)га:

“Унинг кекса онаси бор”, дейди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом):

“Билол! Бориб Алқаманинг онасига мендан салом айтгин. Агар Алқаманинг онаси қодир бўлса, ҳузуримга келсин. Агар келолмаса, ҳузурига ўзим бораман”, деб юбордилар.

Билол розияллоҳу анҳу келиб, унга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг гапларини етказди. Шунда кекса онахон:

“Жоним Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга фидо бўлсин. Албатта ўзим бораман”, деб қўлига ҳассасини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келади. Ҳужраи саодатга кириб у зот алайҳиссаломга салом беради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом алик олганларидан сўнг, аёл ўтиради. Шунда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Эй Алқаманинг онаси, менга ростини айт. Агар ёлғон сўзлагудек бўлсанг, Аллоҳ таоло менга ваҳий орқали тўғрисини билдиради. Ўғлинг Алқама қандай инсон?” дедилар.

Кекса онахон:

“Ўғлим Алқама кўп намоз ўқийди, кўп рўза тутади ва шунчалик кўп садақа берадики, ҳисоби йўқ”, деб жавоб беради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“У билан орангизда нима бўлиб ўтган?” деб сўрайдилар. У бундай жавоб берди:

“Ё Расулуллоҳ, мен ундан ғазабнокман”.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом):

“Нима учун?” деб сўрадилар.

Онаизор:

“Хотинини мендан ортиқ кўрарди. Ҳар доим уни айтганини қилиб мени айтганларимни қилмасди”, дейди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Онасининг ғазаби Алқамани шаҳодат айтишдан тўсиб қўйган. Эй Билол, бориб мен учун кўп ўтин тўплаб кел, мен Алқамани ўтда ёқаман”, дедилар.

Кекса онахон: “Ё Расулуллоҳ, кўнглимнинг мевасини кўз ўнгимда ёқиб юборасизми? Бунга менинг юрагим дош беролмайди”, дейди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом):

“Эй Алқаманинг онаси, Аллоҳнинг олови шиддатли ва боқийдир. Агар уни Аллоҳ кечириб юбориши сени хушнуд этса, у ҳолда ундан рози бўл. Жоним измида бўлган Зотга қасам ичиб айтаманки, токи сенинг ғазабинг келиб турар экан унга намози, рўзаси ва садақаси ҳам фойда бермайди”, дедилар.

Жигарпорасининг дўзах оловида ёнишини кўз олдига келтириб, юрак бағри эзилганидан унсиз йиғлаган кекса онахон, қўлларини кўтариб:

“Аллоҳим, Расулуллоҳ ҳамда мени шу ерда кузатиб турганларни гувоҳ қилиб айтаман, ўғлим Алқамадан рози бўлдим”, дейди.

Аслида комил иймонли мўмин киши ҳеч ҳам лаънатловчи бўлмайди. Абдуллоҳ ибн масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин кўп таъна қилувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўз айтувчи ҳам ва тили бемаза ҳам эмасдир”, дедилар. Шунга кўра мўмин банда биродарига тили билан ҳам қўли билан хам озор бермас экан.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қачон банда бир нарсани лаънатласа, лаънат осмонга кўтарилади. Шунда унинг ортидан осмоннинг эшиклари ёпилади. Кейин у ерга тушади. Унинг (осмоннинг)эшиклари ҳам унинг ортидан ёпилади. Кейин у ўнгга, сўлга бориб-келади. Агар борадиган жой топмаса, лаънатланганнинг олдига келади. Аммо у бунга лойиқ бўлмаса, албатта айтувчисига қайтади, дедилар.
Абу Довуд ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда лаънат кўпроқ ҳолатларда ўз айтгувчисига уриши айтиб ўтилган. Бас, шундай экан, лаънатни зинҳор тилга олмаслик керак.


Киритилган вақти: 11/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 2045
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/duo-haqida
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 11:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг