Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ДИНИЙ ТУШУНЧАЛАР уларни бўзиб талқин қилиш яхшиликка олиб келмайди

 
 

Улар «шаҳидлик белбоғи»ни порлатиб, бегуноҳ инсонлар ҳаётига зомин бўлмоқдалар. Бу каби ҳаракатлари эса кишилар ўртасида фитнани кенг ёйиш, низони авж олдиришдир, ҳолос.

Бузғунчи оқимларнинг вакиллари эса Ислом динининг ўта нозик ва хассослик билан ёндашиш талаб этиладиган «такфир», «жиҳод», «ҳижрат», «шаҳид» каби тушунчаларини турли саводсиз кимсаларнинг фатволарига таянган ҳолда нотўғри талқин этади. Жумладан, Исломни ниқоб қилиб, дин номидан иш олиб боришга интилаётган окимлар: «Жиҳод - мусулмоннинг ғайридинларга қарши муқаддас урушидир», дейди. Бундай талқин одамларнинг онгида динимиз ёвузликка, жангу жадал, уруш, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши кураш олиб боришга асосланган, деган ботил тасаввурлар шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Шу кунларда Ироқ ва Суриядаги ғалаёнлар оқибатида минглаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлаётгани, у ердаги тўс-тўполонларнинг асосий сабаби оқимлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар эканини алоҳида таъкидлаш керак. Замонавий салафийлар, жиҳодчилар каби бузғунчи фирқалар «шаҳид», «жиҳод» тушунчаларини ўзларининг ғаразли мақсади йулида бузиб талқин этаётгани, айрим жоҳиллар эса ўзини портлатиб, айбсиз кишиларнинг жонига зо­мин бўлишни «жиҳод» ёки шаҳидлик дейиши мусулмончиликка мутлақо ётдир.

Ҳозирда интернет тармоғида диний экстремистик руҳдаги кўплаб сайтлар фаолият юритмоқдаки, уларнинг ҳомийлари инсонларни «жиҳод» қилишга, сабабсиз ўз юртидан «ҳижрат қилиб, чиқиб кетишга чақириб, муқаддас Ислом дини ниқоби остида ўзларининг манфур ниятларини амалга ошириш пайида бўлмоқдалар. Уларнинг мақсади дин йўлида хизмат қилиш эмас, балки дунёвий манфаатга эришищдир. Ҳали тафаккури шаклланмаган, илми ва тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай сайтларга кириб қолса, алдовига учса, оқибати қандай аянчли якунланиши кундай равшан.

Ўзини портлатиб, инсонлар умрига зомин бўлиш улкан гуноҳ. Шахснинг ўзини-ўзи ўлдиришини «шаҳидлик» дейиш катта хатодир. «Шаҳид» сўзи луғатда «гувоҳ» ёки «кўрган-билгани ҳақида хабар берувчи киши» маъноларини ифодалайди. Дин ёки она ватан ҳимояси йулида жон фидо этган мусулмон ҳам «шаҳид» дейилади. Шунингдек, «шаҳид» Аллоҳ таолонинг сифатларидан бўлиб, «гувоҳлиги ишончли, хар доим Ҳозир Зот» деган маъноларни англатади. Кишининг ўзини-ўзи ўлдириши «ўз жонига қасд қилиш» деб баҳоланади. Шариат нуктайи назаридан бу иш қаттиқ қораланади. Аллоҳ таолло огохлантиради:»... ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..» (Бакара, 195);

«Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаханнамда абадий колищдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай» (Нисо, 93).

Бузғунчиларнинг алдовларига учиб, ўзларини портлатиб юбораётган кимса­лар икки карра катта гуноҳга қўл уришаяпти, чунки улар бу қабиҳлик билан канчадан-канча айбсиз кишиларнинг ҳам умрига зомин бўлишмоқда. Курьони каримда:«... Бирор жонни улдирманг ёки Ерда (Бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир...» (Моида,32) дейилган. Шундай экан, азизлар, доимо огоҳ бўлишимиз, яхши ва ёмоннинг фарқига боришимиз, турли бузғунчи оқимлар­нинг макр-ҳийлаларига учмаслигимиз лозим.


Киритилган вақти: 26/10/2015 00:00;   Кўрилганлиги: 3865
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/diniy-tushunchalar-ularni-bozib-talqin-qilish-yaxshilikka-olib-kelmaydi
Чоп этилган вақт: 13/02/2025 06:59
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг