Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ДЕҲҚОНЧИЛИК - РИЗҚ ВА БАРАКАДИР!

 
 

Аллоҳ таоло ер юзини инсон учун обод қилиб, осмондан барокат сувларини ёғдириб, шу сув орқали дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб, инсонлар ва ҳайвонларнинг ризқини бериб қўйди. Қуръони каримнинг бир неча оятларида Аллоҳ таоло экинлар ва боғларни мисол қилиб келтирилган.

Жумладан, муборак Қуръони шарифда шундай марҳамат қилинади:

У осмонлардан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни

(ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан суғорилур. У сизлар учун ўша (сув) билан (турли экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир (Наҳл сураси  10-11  оятлар).

Ризқи-рўзимизнинг аксари ерда етиштириладиган нарсалардан иборатдир. Бу борада Оиша розиёллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси-шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  шундай марҳамат қилганлар: “Ризқни ер остидан талаб қилинглар” ( Байҳақий ва Табароний ривоят қилган ) .

Аслида Аллоҳ таоло ерни Ўзи обод қилиб яратиб, обод ҳолатда сақлаш ҳамда янада обод қилишни биздан талаб қилган. Деҳқончилик агар Аллоҳ буюрганидек амалга оширилса, Ер юзини энг обод қилувчи касблардан саналади. Ислом дини деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: Қайси бир  мусулмон бирорта дарахт ўтқазса ёки бирор экин экса ва ундан бирорта қуш ёки инсон ёинки ҳайвон тановул қилса, у сабабли унга садақа (савоби) бўлади-дедилар”.

Қилаётган деҳкончилигимиз ҳалол покиза йўллар билан қилинса, инша Аллох, зироатига барака кириб, албатта мўл-кўл ҳосилга эга бўлади. Мисол тариқасида Саъд ибн Абу ваққос розияллоҳу анҳуни келтиришимиз мумкин. Бу саҳоба деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди. Деҳқончилик ҳақида гап кетар экан, бу касб ҳақиқий таваккал қиладиган касбдир. Мисол учун, экин экишда таваккал қилиб, ҳосилни йиғиб олгунча Аллоҳ таолодан унга барака ва ҳосилдорлик сўралади. Бандаларнинг деҳқончилигига барака ёғилиши, ёмғир қорнинг мўл-кўл бўлиши учун бандалар гуноҳ қилишдан сақланиши, имкон қадар кўпроқ истиғфор айтиши лозим .

Шу кунларда дала ва боғларда қизғин меҳнат авжида. Юртдошларимиз халқ фаровонлиги, турмуш ободлиги йўлида кечани кеча, кундузни кундуз демай баракали меҳнат қилишмоқда. Уларнинг ҳалол меҳнатлари, касбу-корлари, инша Аллох, самарасиз қолмайди.

Аллоҳу таоло деҳқонларимизга, боғбонларимизга, барча қишлоқ хўжалиги ходимларига куч-қувват ато этсин. Бу йилги  ҳосилларни мўл-кўл  бўлишини, юртимизга ўзининг барокатлари ёғилишини Аллоҳ таолонинг ўзи насиб этсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо ҳамда турмушимизни янада фаровон қилсин. Аллоҳ таоло юртимизни ҳар-хил офату балолардан омонда сақласин!!!

 Муаллиф: Т.Маматқулов - Булунғур тумани “Килдон” жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 14/04/2020 13:05;   Кўрилганлиги: 981
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/dehqonchilik-rizq-va-barakadir
Чоп этилган вақт: 11/09/2024 07:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг