Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Буюк муҳаббат

 
 

Соғлом қалб эгаси бўлган инсон зоти борки, бу дунёда ҳаёт кечирар экан, кимгадир муҳаббат билан яшайди ва ҳаёти давомида ўша кишидаги гўзал сифатларни ўзида ҳам шакллантиришга ҳаракат қилади. Мусулмонлар эса, кекса-ю, ёш барчамиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз ва ул зот саллоллоҳу алайҳи васалламга ўхшашликка ҳаракат қиламиз. Чунки, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш, Аллоҳни яхши кўриш ва Аллоҳни яхши кўришлик эса, иймон ҳаловатидандир. Имом Бухорийдан қилинган ривоятда шундай дейилади:



عن عبد اللّه بن هشام قال: "كنا مع النبي صلى اللّه عليه وسلم وهو آخذ بيد عمر بن الخطاب فقال له عمر: لأنت أحبّ إلىّ من كل شىء إلا نفسى التي بين جنبىّ، فقال النبي صلى اللّه عليه وسلم: لا والذي نفسى بيده حتى أكون أحبّ إليك من نفسك التي بين جنبيك. فقال عمر: فإنه الآن ، واللّه لأنت أحب إلىّ من نفسى ، فقال له النبي صلى اللّه عليه وسلم : الآن يا عمر". (رواه البخاري)



Абдуллоҳ ибн Ҳишом(р.а.) дан ривоят қилинади:"Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот, Умар ибн Хаттобнинг қўлларидан тутиб турардилар. Умар: "Албатта, сиз менга ўзимдан бошқа хаммадан севимлисиз", деди. Шунда, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Йўқ! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизларнинг бирортангизга ўзидан ҳам севимли бўлмагунимча у мўмин бўлолмайди", дедилар. Умар: "Аллоҳга қасамки, энди сиз менга ўзимдан ҳам севимлисиз", деди. "Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ана энди тўғри бўлди, эй, Умар!" - дедилар".[1]

Динимизда ота-она, оила ва фарзандлар муҳаббати ҳам мақталган бўла туриб, биз нима сабабдан Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни барчадан кўра кўпроқ яхши кўришимиз керак?!

Албатта, бу саволларга жавоб топган киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришнинг моҳияти нима эканини англаб етган бўлади. Муҳаббат нима? Уламоларимиз ҳакикий муҳаббатни: "Таълим, тарбия ва маърифат орқали ҳосил бўладиган муҳаббат", деб иттифоқ қилганлар. Кўр –кўрона қилинган иддао муҳаббат бўлмайди, деганлар.


Ҳакимлардан Шариф Абдуллатиф эса, муҳаббатга ўзгача таъриф беради. У киши: "Агар бировни чиройи учун яхши кўрсанг, бу севги эмас, балки шаҳватдир. Агар бировни заковати учун яхши кўрсанг, бу муҳаббат эмас, лол қолишдир. Агар бировни фақат бойлиги учун яхши кўрсанг, бу ҳам севги эмас, балки моддапарастликдир. Агар бировни сенинг наздингда яхши бўлгани учун яхши кўрсанг, бу ҳам муҳаббат эмас, балки ҳис туйғуларингдан миннатдорчилигингдир. Аммо сен бировни яхши кўрсанг-у, нима учун яхши кўрганингни ўзинг ҳам билмасанг, мана шу ҳакиқий севгидир" дейди.

Дарҳақиқат, юқоридаги иккала тарифга ҳам мувофик келадиган севгини саҳобалар ҳаётидаги Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бўлган муҳаббат мисолида кўришимиз мумкин.



Али розияллоҳу анҳудан “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатингиз қандай?” деб сўралганида, “Аллоҳга қасамки, у зот бизга молларимиздан, бола-чақаларимиздан, ота-оналаримиздан ҳамда ташна одамнинг муздек сувга бўлган муҳаббатидан ҳам севимлироқдирлар” деб жавоб бергандилар.



Ёки бўлмаса ҳаётининг энг охирги дамларини кечараётган Зайд ибн Дасина розияллоҳу анҳунинг муҳаббати ва садоқатини эслайлик. Маккаликлар қўлида асир бўлиб турган Зайд ибн Дасина розияллоҳу анҳуни Макка аҳли ўлдириш учун Ҳарамдан ташқарига чиқараётганларида Абу Суфён ибн Ҳарб ҳали мушрик эди. У Зайд розияллоҳу анҳуга деди: “Эй Зайд, агар Муҳаммад ҳозир сенинг ўрнингда асир бўлса-ю, биз унинг бўйнига қилич урсак, сен эса оиланг бағрида бўлишни истайсанми?” деди. Зайд розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳозирги турган жойида бир тикон кириб азият беришини, мен эса оилам бағрида бўлишимни асло истамайман” дея жавоб берди. Шунда Абу Суфён: “Мен Муҳаммаднинг саҳобалари уни яхши кўришганидек бошқа ҳеч ким бировни яхши кўрганини кўрмадим” деди.



Чунки, у зотлар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни шу даражада яхши кўрар эдиларки, фаразан, замонамиз кишилари саҳобаларнинг бирортасидан: "Нима учун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрасиз?" -деб сўраса, менимча, у саҳобий нима учун яхши кўришини айтиб беролмасди. Унинг айтиб беролмаслиги, бунинг сабабини билмаганидан эмас, балки дунёда бунақанги савол бор экани унинг ҳаёлига ҳам келмагани учун бўларди. Бундан кўра уларга: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрмаслик мумкинми?!" деган савол берилганида жавоби осонроқ бўларди.



Чунки, у зот—Муҳамад саллоллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Ана шу муборак номларининг ўзиёқ қалбларга сурур, кўзларга нур ва жисмга қувват бўларди. Улар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни худди шундай, сўз билан тушунтира олмайдиган, аммо ҳол тили бунинг барча сабабларини айтадиган даражада яхши кўрар эдилар. Демак, саҳобаларнинг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари, юқорида ўтган муҳаббат ҳақидаги икки таърифга ҳамтўғри келадиган муҳаббат бўлган.

Чунки, қалам билан ёзиб, ифодалаб бўлмайдиган нарсалар бор. Бу худди олманинг таъмини билиш учун ўн жилдлик китоб ёзилганда ҳам уни бир тишлаганча бўлмаганига ўхшайди. Ёки, шундай гаплар борки, уларни айтамиз-у, ҳеч нима айтмагандек бўламиз. Ёхуд шундай жимликлар борки, унда ҳамма нарсани айтгандек бўламиз.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббатни мен шундай тушунаман. Буни эса фақат ва фақат, ўша муҳаббатдан насибадор бўлганларгина билади холос. Энди эса, барчамизга янада тушунарли бўлиши учун, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга нисбатан сўз билан ифодалаш мумкин бўлган муҳаббатнинг икки сабаби ҳақида тўхталсак:

Биринчи сабаб: Расулуллоҳсаллоллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ яхши кўради. Биз Аллоҳни ва У зот яхши кўрган зотларни яхши кўрамиз. Аллоҳ таоло охирги пайғамбари ўлароқ, инсонлар ичидан энг яхшисини танлаб олган ва унга барча фазилатларни бериб, комиллик чўққисига чиқарган. Шунинг ўзиёқ Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламда барча фазилатлар мужассам эканига далолат қилади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши шундай дедилар: “Аллоҳ таоло бандаларининг қалбларига назар солди. Қалблар орасида Муҳаммаднинг қалби энг яхши қалб бўлиб чиқди. Уни Ўзи учун танлаб олди ва уни Ўзининг рисолати билан юборди. Кейин У зот Муҳаммаднинг қалбидан кейин яна бандаларининг қалбларига назар солди ва энг яхши қалб саҳобаларнинг қалблари эканини билди. Шунинг учун уларни Ўз Пайғамбарининг динни ҳимоя қилиш учун курашадиган вазирлари қилди”. [2]

Биз ўзимиз яхши кўрган кишиларга назар соладиган бўлсак, уларни камтаринлиги, саҳовати, очиқ чеҳраси, ҳалимлиги ва яна бошқа бир қанча фазилатларни ўзида мажассам этгани учун яхши кўрамиз. Бундай одамни ёмон кўришни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди, албатта.

Соғлом қалб эгаси тасаввурига келтириши қийин бўлган масала, барча фазилатлар жамланган Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрмаслик мумкинми?! Ёки ота-онамиз ёхуд фарзандимиздан камроқ яхши кўриш мумкинми?!

Иккинчи сабаб: Аллоҳ таоло бизларни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга эргашишликка буюриб, бунинг учун У ҳам бизни яхши кўриши ва гуноҳларимиздан ўтишини ваъда қилган. Бу яхшиликларнинг барчаси Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам туфайли эканини билишимиз у зот саллоллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббатимизни янада зиёда қилади. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилган:

قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ

وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ

“Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айт”. [3]

Демак, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрган киши, дунёдаги энг комил инсонни яхши кўрган бўлади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрган киши, Аллоҳнинг амрига итоат этиб, Аллоҳнинг муҳаббати ва мағфиратига сазовор бўлади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Ўзининг энг охирги пайғамбарини, барча фазилатли сифатлар билан сийлаб, бутун инсониятга намуна ўлароқ танлаб олганди. Аллоҳ таоло:

لَّقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا


Киритилган вақти: 12/12/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3392
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/buyuk-muhabbat
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 23:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг