Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

БУНДАН-ДА УЛУҒ НЕЪМАТ БОРМИ?

 
 

Мустақиллигимизнинг биринчи куни ҳеч ёдимдан кўтарилмайди, худди кечагидек ёдимда. 1991 йил биринчи Сентябрдан тўртинчи сентябргача карахт ҳолда эдим. Ҳамма хурсанд, одамлар бир – бирини табриклаган, “Ҳуррият билан”, “Истиқлол муборак” – деган сўзларни кўча - куйда, маҳаллада, мактабда эшитардим. Ҳатто тарих ўқитувчимизни йиғлаб бизни мустақиллик билан табриклаганлари ёдимда. Мен эса ҳайрон. Мени бир савол қийнарди, “Мустақиллик”, “Истиқлол дегани нима?”. Мен ўша пайтлари ўн бир ёшда эдим. Билмадим, балки ёш бўлганман, балки собиқ Совет тузуми мафкураси таъсирида ўсаётганим учунми “Истиқлол” сўзини маъносини англай олмагандирман. Икки, уч кун бировдан сўрашга уялиб юрдим ва охири ийманибгина бориб раҳматли падари бузрукворимдан сўрадим, - Ота, “Истиқлол” дегани нима?

Шунда отам раҳматли табассум қилиб – “Эҳ ўғлим, “Истиқлол” дегани, бу - ошкора эътиқод қилиш, уйда яшириниб эмас масжидга чиқиб ибодат қилмоқлик” дегани - деб ўзлари билганча, оддий қилиб жавоб берганлари ҳеч ёдимдан чиқмайди.

Раҳматлик отам мактабда ўқитувчи эдилар. Бу соҳадаги кишилар ёки партия аъзолари ўз эътиқод ва ибодатларини яшириниб қилишга мажбур эдилар. Шунинг учун ҳам отам раҳматли кечқурунлари уйда яширинча ибодат қилардилар. Отам шундай ҳадиклар билан ибодат қилиб юргани учунми, менга Истиқлолни мана шундай тушунтирганлар ва мен Истиқлолни биргина мана шу сўз “эътиқод эркинлиги” билан бутун моҳиятигача тушунганман.

Мустақиллигимиздан сўнг, муҳтарам юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов томонларидан барча соҳалар каби, муқаддас динимизга шунчалар эътибор берилдики, бунга бутун жаҳон лол қолди. Масжиду мадрасаларнинг очилиши, тарихий ёдгорликларнинг қайта тикланиши, улуғ алломаларимизга эҳтиром кўрсатилиб, хоки пойлари устига ҳашаматли мақбараю, зиёратгоҳлар қурилишини мисол қила оламиз. Шу ўринда диний таълим масканлари, яъни мадрасаларнинг очилиши ва унда диний ва дунёвий таълимни олиб борилиши ҳам истиқлол шарофати экалигини таъкидлаш жоиз. Мен ҳам истиқлолимиз сабаб очилган мадрасаларнинг бири бўлмиш “Имом ал - Бухорий” мадрасасида таҳсил олдим.

Яна диний соҳадаги катта ислоҳотлардан бири, унда мен тингловчилик шарафига муяссар бўлган Имом Бухорий халқаро марказининг таъсис этилишидир.

Президентимиз саъйи ҳаракатлари билан очилган бу Марказ, таъбир жоиз бўлса – етти ухлаб тушимизга кирмаган иш эканлиги, буни ота-боболаримиз кўзларида ёш, қалблари тўла армон билан орзу қилиб ўтиб кетганлари очиқ ҳақиқат.

Биз имом хатибларга кўрсатилган бундай эътибор менинг фикримча кўплаб ислом диёрларида бўлмаса ҳам керак. Бу, биз имомларга яратиб берилган улкан шароитдир.

Марказда олиб борилаётган машғулотлар сабаб, бизнинг маънавий-маърифий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий, билимларимиз ошди. Атрофга сергак бўлиб, жамиятда олиб борилаётган ишларга бефарқ бўлмаслигимизга катта туртки бўлди.

Истиқлол шарофати билан динимизга юксак эътибор берилди. Бунинг учун биз Аллоҳга шукроналар қилиб, истиқлолдек буюк неъматни қадрига етмоғимиз керак бўлади. Афсуски баъзи жойларда, ҳали онгини Совет мафкураси тарк этмаган ёши катта инсонлардан, - “Мустақиллик нима берди ўзи, аввалги замонлар яхши эди”, - деб. ношукрлик билан айтилган сўзларни эшитиб қоламиз. Бундай пайтда мен уларга шундай жавоб бериб, бошқаларни ҳам шундай жавоб беришларини хоҳлардим.

Мустақиллик бизга ўзлигимизни қайтарди. Мустақиллик бизга дину диёнатимизни қайтарди. Мустақиллик - тилимизга Аллоҳ лафзини қайтарди. Мустақиллик – эркин эътиқод ва ибодатларимизни қайтарди. Керак бўлса, ўз ота-онаси, қавм – қариндош, кўни – қўшни, ёру – биродарлари жанозасига қатнаша олмаган кишиларга, шундай кунида ёнига туришликни қайтарди деб бемалол, қўрқмасдан айта оламиз. Чунки, ҳали тарихга айланиб улгурмаган ҳақиқатдан биламизки, собиқ шўро даврида жаноза ўқиганлар ва унда иштирок этганлар қандай тазйиқларга учраганлар.

Мен нима учун фақат диний соҳани айтиб ўтдим, чунки ўзим шу соҳада бўлиб, ўзгаришларни ва динга бўлган эътиборни гувоҳи, бевосита шоҳиди бўлиб келяпман.

Ҳақиқатда, барчамиз нафақат бу соҳада, балки ҳамма соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни гувоҳи бўлиб келмоқдамиз. Мен фикримнинг охирида шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, “Истиқлол” бизга Аллоҳ томонидан берилган буюк неъмат ва биз бу неъматни кўз қорачиғидай асраб, унинг қадрига етишимиз шарт ва зарур. Зеро, бу шундай улуғ неъмат-ки, бунинг негизида ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз ободлиги барқарордир.


Киритилган вақти: 12/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3042
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/bundan-da-ulug-nemat-bormi
Чоп этилган вақт: 04/10/2024 17:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг