Бир бирини ёлғиз қўймайдиган миллатимиз бор
“Яхши кўрган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”. Оли Имрон сураси, 92-оят.
Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарсага қасам ичаман: «Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар»,дедилар.
Бир куни Ибн Муборакдан бир гадой пул сўраган эди, у бир дирҳам эҳсон қилди. Шунда унинг баъзи дўстлари: “Бу гадойлар қовурилган гўшт ва фалужаз (ширинлик) каби таомлар истеъмол қилади. Унга бу пулнинг бир қисмини берса ҳам кифоя қиларди”, дейишди. Шунда Ибн Муборак: “Худо ҳаққи, улар кўкат ва нондан бўлак бирор таом истеъмол қилмайдилар, деб ўйлардим, башарти улар фалужаз ва гўшт ер эканлар, унда уларга бир дирҳам етмас экан”, дейди ва хизматкорларидан бирига: “Гадойни қайтариб келгинда, унга ўн дирҳам бер”, дея амр қилади.
Биздан олдин ўтган аждодларимиз қилган бундай яхшиликлар, садақотлар, хайрли амаллар бугун барчамиз учун ибрат ва дастурул амал бўлиши керак.
Азиз юртдошлар, бугун бизга Аллоҳнинг катта бир синови келди. Бизнинг саховатли халқимиз бундай вазиятларда бир-бирини ёлғизлатиб қўймайди. Бугун юртимизни барча ҳудудларида саховатли инсонларнинг хайрли ишларини гувохи бўлаябмиз. Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзларига эътибор қилсак, фуқароларимизга янада яхшироқ, саховатлиларимизнинг савоблари янада улуғроқ бўларди:
Убайдуллох ибн Адий ибн Хиёрдан ривоят қилинади: “Икки киши менга видолашув ҳажида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борганларини айтишди. У зот садақа тақсимлаётган эканлар. Шунда иккови у кишидан сўрашибди. У зот уларга бошдан оёқ назар солиб чиқибдилар. Уларнинг бақувват эканини кўрибдилар сўнгра “Агар истасангиз, икковингизга ҳам бераман аммо унда бойнинг ва касб қила оладиган бақувватнинг насибаси йўқ” дедилар. Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.
Top кўнгиллик беклар, манман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бовли ўзбек юртидур, тенглик қилинг
Турди Фароғий
Отабек Тошбеков - Нарпай туман "Нақишбандий" жоме масжиди ходими
Киритилган вақти: 08/04/2020 11:08; Кўрилганлиги: 1085
Чоп этилган вақт: 12/10/2024 14:42